Аллоҳ таоло Одам ато ва Момо ҳаводан дунёга келган зурриётларни ерда турли миллат ва элатларга бўлиб қўйди.
“Эй инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни турли туман халқлар ва қабила (элатлар) қилиб қўйдик. Албатта Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир” (Ҳужурот сураси 13 оят).
Табийки инсон фарзанди қаерда, қайси мамлакатда дунёга келса ана шу ер унинг учун қадрли ватанга айланиб қолади. Киндик қони тўкилган жой инсон учун ҳамма нарсадан ҳам қимматли даргоҳдир.
Расулуллоҳ (с.а.в) Мадинаи мунавварага ҳижрат қилиб борганларидан сўнг туғилиб ўсган ватанлари Маккаи мукаррамани эслаб: Агар қавмим мени Маккадан чиқиб кетишга мажбур қилмаганида, ҳеч ҳам ўз ихтиёрим билан уни ташлаб кетмаган бўлар эдим деганлар.
Демак ватанни севиш, ундаги бор нарсаларни ардоқлаб, соғиниб яшаш инсоният фитратида мавжуд бўлган нозик ҳис-туйғудир.
Тарихдан маълумки бирор-бир миллат бошқа миллатни таҳқирламоқчи бўлса, аввало унинг ватанини босиб олиб вайрон қилган ёки халқини ватанидан қувиб чиқарган. Ўз ватанини душманлар қўлида қолганини кўрган миллатга бундан ортиқ хўрлик ва азоб йўқ. Зеро ватан, миллат, дин тушунчалари инсон учун ҳар нарсадан азиз ва муқаддасдир. Марҳум Алихонтўра Соғуний ҳазратларининг қуйидаги сўзлари она ватанни севган ҳар бир кишининг қалбида ғайрат ва шижоат уйғотади.
“Ҳар бир кимсага маълумдирки ҳаёт оламида инсоннинг энг севган қадрли қимматли тўрт нарсаси бордир. Бу тўрт нарсага эга бўлмаган кишилар инсонлик шарафидан маҳрум бўлурлар. Улар: озодлик ва эркинли, меҳнат билан топилган молга ўзи эгалик қилмоғи, туғилиб ўсган она ватани ҳамда асрлар бўйи асраб авайлаб келаётган муқаддас дини”.
Динимиз таълимотларида она Ватан ҳимояси, миллат фаровонлиги ва дин равнақи йўлида жон берган кишиларга шаҳидлик мақоми берилиши айтилган: Пайғамбаримиз (с.а.в) молини, жонини, динини, аҳлини ҳимоя қилиш йўлида ҳалок бўлган киши шаҳидлик мақомидадир”-деганлар.
(Имом Абу Довуд имом Теормизий ривоятлари).
Дарҳақиқат бундай кишига шаҳидлик мақоми берилиши бежиз эмас. Чунки у инсон учун энг азиз бўлган нарсани ҳимоя қилишга қасд қилган. Акс ҳолда унинг шаъни ва ғурури топталган бўлур эди. Халқнинг бошига оғир кун келганда жонини сақлаш учун уни ташлаб қочиш инсонийликка тўғри келмаслиги барчага маълум.
Халқимизда “Ўзга юртга шоҳ бўлгунча ўз юртингда гадо бўл.” деган ҳикматли сўз бор. Ўз ҳузур-ҳаловатини ўйлаб, ўзгаларни унутган киши ҳеч қачон она Ватанга садоқатли бўлолмайди. Инсоннинг ўз халқига бўлган садоқати ва фидойилиги ватанни ҳимоя қилиши тараққий топиб, ҳар томонлама мустаҳкам ва қудратли бўлиши ҳамда халқининг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришига имконият даражада ҳисса қўшиши билан ўлчанади.
Аллоҳ таоло ватанимиз тинчлигини барқарор ва халқимиз ҳаётини бундан ҳам фаровон айласин.

✍️✍️Музработ туман “Назари” жоме масжиди имом-хатиби
Ш. Нуруллаев.

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here