Гўзал юртимизга барчамиз орзиқиб кутган кўклам нафаси кириб келаётган мана шу ёруғ кунларда сиз, азизларимни, сизлар орқали бутун Ўзбекисон хотин-қизларини

8-март байрами билан чин қалбимдан муборакбод этишдан бахтиёрман. Баҳор тобора кучга кириб, табиат уйғониб бораётган шу қутлуғ айёмда сизларга самимий туйғу ва тилакларимизни изҳор этар эканмиз, биз баҳор ва аёл сўзларининг нақадар уйғун ва ҳамоҳанг эканини янада чуқур англаймиз. Аёл зоти чиндан ҳам ўз тимсолида гўзаллик ва нафосат, эзгулик ва фидоийлик каби олийжаноб инсоний фазилатларни мужассам этганига яна ва яна бир бор ишонч ҳосил қиламиз.

Дарҳақиқат, биз ҳаётимиз мазмуни бўлган севги ва садоқат, меҳр-муҳаббат, назокат ва латофат каби энг нозик, сирли туйғуларни Яратганимизнинг беқиёс мўжизаси бўлмиш аёл зотисиз асло тасаввур этолмаймиз. Аёл деганда, кўз ўнгимизда аввало оқ сут бериб, барчамизни ўз бағрида асраб-авайлаб вояга етказадиган, бутун ҳаётини фарзандига бахшида этадиган дунёдаги энг муқаддас зот — Она сиймоси намоён бўлади. Меҳрибон ва мушфиқ оналаримизнинг ана шундай буюк хизматини сўз мулкининг султони, улуғ мутафаккир бобомиз Алишер Навоийнинг «Жисмни қил садқа ано бошига» деган ҳикматли сўзларидан ўтказиб ифода этишнинг ўзи қийин, деб ўйлайман.

Бугунги кунда ҳаётимизнинг қайси соҳа ва йўналишини олмайлик — бу давлат ва жамият қурилиши ёки ишлаб чиқариш тармоқлари бўладими, фермерлик ва тадбиркорлик, тиббиёт, таълим-тарбия, фан ва маданият, санъат бўладими — уларнинг ривожи ва самарасини оширишда, юртимизда ҳеч кимдан кам бўлмайдиган демократик давлат ва фуқаролик жамияти барпо этишда, халқаро майдонда давлатимизнинг обрў-эътиборини юксалтиришда опа-сингилларимизнинг катта ҳисса қўшаётгани ҳақида кўп гапириш мумкин. Шундай экан азиз аёллар барчангизни қутлуғ байрамингиз билан яна бир бор чин қалбимдан табриклар эканман, сизларга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонларингизга файзу барака тилайман. Доимо толеингиз баланд, ризқу насибангиз зиёда бўлсин! Ҳамиша омон бўлинг!

Саъд Ибн Абу Ваққос жоме масжид имом хатиби   Ш.Яхёев

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here