Аёл мўътабар зот, беназир хилқат. Унинг латофати, ҳаёси, ибоси, иффати, меҳри ҳар қанча мақтовга лойиқ. Дунёда ҳеч бир дин аёлларга Ислом динидек катта эътибор билан қараган эмас. Тарихдан маълум, жоҳилият даврида аёллар барча инсоний ҳуқуқлардан маҳрум эдилар. Уларга ниҳоятда паст назар билан қараларди. Ислом дини аёлларга чинакам ҳурлик олиб келди. Уни ҳар жиҳатдан жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзосига айлантирди ва ҳурматини жойига қўйди. Ислом динидан 15 аср муқаддам аёлни олий мартабага кўтарди. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам “Жаннат оналар оёғи остидадир” деб даражасини ва шарафани улуғлади. Аёл зоти эркакларга жуфти ҳалол, ором-сокинот, оламнинг чироғи ва фарзандлар мураббиясидир.

Юртимизда хотин-қизларни улуғлаш борасида амалга оширилаётган барча эзгу саъй ҳаракатлар халқимизнинг асрлар оша яшаб келаётган ўлмас қадриятларга, муқаддас ислом динимиз амалларига уйғун ва ҳамоҳангдир. “Ўз хотинига меҳр шавқатли бўлган кишилар энг яхшиларингиздир” дейилади (саҳиҳ ҳадисларда) Қуръони карим ва суннат таълимотларида аёлга таалуқли ҳуқуқлари алоҳида белгилаб берилган. Аллоҳ таоло аёл ҳақ-ҳуқуқлари бундай марҳамат қилади: “Аёллар учун (белгиланган ҳуқуқлар) ўз меъёрида эркаклар (ҳуқуқи) билан тенгдир”. Аёл киши , аввало онадир. Қуръони каримнинг бир неча оятларида онани эъзозлаш, унинг ҳаққини адо этиш буюрилган. Онанинг фарзандни тарбиялаб вояга етказиш йўлида чеккан риёзати ҳаққини адо этиш учун ҳар қандай саъй ҳаракат ва хизмат камлик қилади.

Ҳазрати Навоий бобомиз айтганларидек:

Оналарнинг оёғи остидадир, Равзам жаннату жинон боғи, —

Равза боғин висолин истар эрсанг, бўл онанинг оёғи тупроғи.

Шу боис она улуғ ва муқаддас зотдир. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам видолашув хутбаларида 3 нарсадан огоҳ этиб шундай дедилар: “Намоз, намоз, намозга диққат қилинг, унга ҳеч бепарво бўлманг! Қўл остингиздагиларга қўллари етмайдиган вазифаларни юкламанг! Хотинларнинг ҳақларини ҳурмат қилинг! Мен бу ҳусусда Аллоҳдан қўрқишингизни тавсия этаман. Хотинларнинг ҳаққи масаласида Аллоҳдан қўрқинглар! Зеро, улар сизнинг ёрдамингизга муҳтождирлар. Улар сизга Аллоҳнинг омонатидирлар”.

Шундай экан омонатга содиқ қолиб аёлларимизни асраб авайлаб, уларга меҳру-муҳаббатли, шавқатли энг муҳими эътиборли бўлайлик. Аёл борки олам мунаввар! Аёлларимиз доимо бахтли ва соғ-омон бўлишсин!  

“Раҳмонбеди ҳожи” жоме масжиди имом-ноиби    Х.Эрназаров

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here