Муҳаммад алайҳиссалом Пайғамбар бўлиб келганларидан кейин Ислом таълимотлари туфайли олам ҳудди об-ҳаво ўзгаргандек бутунлай ўзгариб кетди. Инсоният қурғоқчилик, куз, иссиқ шамол ва қайси бир фаслдан баҳор, гуллар, дарахтлари остидан анҳорлар оқиб турган боғлар фаслига ўтди. Одамларнинг табиатлари ҳам ўзгарди. Қалблар Роббининг нури ила мунаввар бўлди. Аллоҳга юзланиш умумий бўлди. Инсон ўзи аввал билмаган янги таъм, татиб кўрмаган завқ ва олдин билмаган ҳузурни топди. Бўшаб, совиб ва қуриб қолган қалблар иймон ҳарорати ва меҳр қуввати ила жонланди. Ақллар янги нур ила нурланди. Қалблар янги ҳузур ила ҳузурланди. Инсоният гуруҳ-гуруҳ бўлиб чиқиб янги йўлни, ўзининг янги мақомини излай бошлади. Қай бир халқни ёки юртни кўрсанг, мазкур соҳада мусобақа қилаётган бўлди. Араблару ажамлар, Мисиру Шом, Туркистону Эрон, Ироқу Хуросон, Шимолий Африқо-ю Андалус, Ҳиндистон-у Жазоир – барча-барчаси олий муҳаббат ва самовий файздан сармаст бўлдилар. Олий мақсаднинг ошиқлари бўлдилар. Ҳа, инсоният асрлар бўйи давом этган қаттиқ уйқудан кўз очиб, уйғониб ўзига келган эди. У энди авваллари қўлдан чиқарган имкониятларни ҳам қайтариб олишга уринар эди. Оламнинг барча томонлари мухлислар, мужоҳидлар, муслиҳлар, мураббийлар, орифлар ва роббоний даъватчиларга тўлди. Улар Аллоҳнинг халқи учун куйиб-ёндилар. Инсоният хайри учун бору будларини ва жонларини тутдилар. Улар фаришталарнинг ҳасадини келтирадиган кишилар эдилар. Улар совуқ қалбларда ишқи илоҳий оловини ёқдилар. Илоҳий муҳаббат шуъласини покладилар. Илмлар, адаблар, ҳикматлар ва маърифатлар анҳорларини отилтирдилар. Илму ирфон ва иймону ҳанон булоқларининг кўзини очдилар. Одамлар кўнглида зулм, жабр, душманлик ва кўролмасликка қарши қаҳру ғазаб уйғотдилар. Хорланган халқларга тенглик ҳақида дарслар ўтдилар. Эътибордан четда қолган, ҳаёт четига улоқтирилганни меҳру муҳаббатга тўла бағирларига босдилар. Дунёнинг қай бурчагига борсанг, уларнинг меҳнати самарасини кўрасан. Сен улар қилган ишларнинг сонига эмас, сифатига назар сол, фикрларининг олийжаноблигига ва юқори уфқларда қанот қоқишига қара. Уларнинг ҳассос сезгиларига, латиф ва рақиқ руҳларига, ўткир зеҳнларига ва соғлом табиатларига назар сол. Уларнинг нафслари ва руҳлари халойиққа меҳр-шафқат ўти алангаси ила ёнар эди. Улар халойиққа фойдали бўлган нарсаларга ҳарис эдилар. Улар одамларни қутқариш, улардан балоларни даф қилиш учун ўзларини бало-офатларга урар эдилар. Уларнинг ҳокимлар ва волийлари масъулиятни ҳис қилар, кечалари тиним билмай халқ хизматида бўлар эдилар. Халқ эса улар билан жипслашган ва уларга итоат қилган эди. Шунингдек, уларнинг ибодатлари, зоҳидликлари ва дуо қилишдаги ҳолатлари, ахлоқларининг олиймақомлиги, ўзларига қарши бўлса ҳам, ҳақ шаҳодат беришлари, кичикларга ва заифларга меҳрлари, дўстлар ва оғайниларга муҳаббатлари, душманларга бўлган карамлари, афвлари ҳақидаги хабарларни ўқиб кўр. Ана ўшанда шоирлару адиблар хаёли ҳам аввалги мусулмонлар эришган олий чўққиларга ета олмаслигини кўрасан. Бу ҳақдаги хабарлар дўсту душман бирдек кўрган, гувоҳ бўлган воқеъликдаги улкан ҳақиқат бўлмаганида, тарихнинг ишончли гувоҳлиги бўлмаганида афсона деб ўйлаш мумкин эди. Албатта, ушбу буюк инқилоб Муҳаммад алайҳиссаломнинг мўъжизаларидан бир мўъжизадир, у Зот қолдирган излардан бир издир. Барча замонлар ва маконларни қамраб олган илоҳий раҳматнинг файзидир. Улуғ Аллоҳ тўғри айтади: «Биз сени оламларга раҳмат қилиб юбордик».

Олтинсой туман «Хидиршо ота»
жоме масжиди имом-хатиби Абдусалом Султонов

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here