Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

Ризқни таниш. Имом Ҳоким Жобир ибн Абдуллоҳдан, Ибн Мурдавайҳ ва Хатиблар Абдуллоҳ ибн Аббосдан ривоят қилишади: Авф ибн Молик ал Ашжаий (розийаллоҳу анҳу) камбағал, кўп болали одам эди. У бир куни Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келиб: “Эй Аллоҳнинг расули! Ўғлим душман қўлида асирда, онаси бундан жазавага тушяпти, нимага буюрасиз?” деди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Сен ва аёлинг “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ”ни кўп айтиб, сабр қилинглар”, дедилар. Эру хотин икковлари ана шу калимани кўп айтишди, сабр қилишди. Орадан кўп ўтмай, асирликдаги ўғил душманнинг ғафлатдалигидан фойдаланиб, қўйларини олиб қочиб, отаси ҳузурига келди. Ота хабарни Пайғамбаримизга (алайҳиссалом) етказди.

Шу вақт: “…Ким Аллоҳга тақво қилса, У унга (ташвишлардан) чиқиш йўлини (пайдо) қилур. Яна, уни ўзи ўйламаган жойдан ризқлантирур…”, деган оят нозил бўлди (Талоқ, 2 3). Яъни, ким Аллоҳ таоло буюрганини қилиб, қайтарганидан қайтса, дунё қийинчиликларидан чиқадиган йўлни Аллоҳ унга кўрсатади; хаёлига келмаган томондан ризқ етказади.

Одатда, аксар кишилар “ризқу рўзим кўпайсин” деган мақсадда тақводан воз кечади, тақво йўлидан юрмайди. Ушбу ояти кариманинг маъносидан келиб чиқиб, айта оламизки, тақводорлик қийинчиликларнинг осонлашиши ва ризқнинг ўйланмаган тарафдан келишига сабаб бўлади.

Аҳли сунна вал-жамоа мазҳаби уламолари таърифича, “Аллоҳ таоло махлуқотларига – одамлар ва ҳайвонларга берган ва улар манфаат олган дунёвий ва ухровий ҳар бир нарса ризқдир”. Аллоҳ таоло катта ёки кичик ҳар бир инсонга, ҳар бир ҳайвонга берган ва улар фойдаланадиган емак, ичмак, кийим ёки уй-жой уларнинг ризқидир.

Ризқ икки қисмга тақсимланади: ҳалол ризқ ва ҳаром ризқ. Бунга далил Бақара сурасининг 172 оятидир: “Эй имон келтирганлар, Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан енглар ва Унга шукр қилинглар!”

Абу Хафс Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Исмоил ибн Муҳаммад ибн Али ибн Луқмон Нажмиддин Насафий (461 537 ҳ.) ўзининг “Ал ақоид ан Насафия” рисоласида: “Ҳаром ҳам ризқдир. Ҳар бир инсон ўз ризқини – хоҳ у ҳалол бўлсин, хоҳ ҳаром – тўла олади. Бирор инсон ўз ризқини емади ёки унинг ризқини биров еб қўйди, деб тасаввур қилинмайди”, деб ёзади.

Абу Умомадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Руҳул Қудус менинг кўнглимга: “Нафс ажали етмагунича ва ўз ризқини тўла олмагунича зинҳор ўлмас, Аллоҳга тақво қилинглар, ризқни исташда ҳаддан ошманглар, ризқнинг кеч қолиши сизни Аллоҳга маъсият ила уни талаб қилишга олиб бормасин. Албатта, Аллоҳнинг ҳузуридаги нарсага фақат У Зотга тоат қилиш ила эришилади”, деган маънони солди”, дедилар”.

Бу ҳадиси шариф бизга ҳар бир жон ўз ризқини тўла олиши муқаррар эканини, ризқни тақво асосида, ҳалол йўл билан талаб этиш зарурлигини, ризқи кеч қолса, ҳаромга қўл уриш мумкин эмаслигини баён қилмоқда. Имом Бухорий Абу Дардодан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадиси шарифда Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қуйидагиларни айтадилар: “Албатта, ризқ бандани худди ажали уни қувгандек қувиб юради”. Демак, ризқ адашиб кетмас экан.

Имом Муслим Абу Ҳурайрадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Албатта, Аллоҳ покдир ва покдан бошқани қабул қилмас. Албатта, Аллоҳ мўминлар учун расулларга амр қилган нарсани амр қилган. (Аллоҳ) “Эй пайғамбарлар! Пок нарсалардан енглар ва солиҳ амаллар қилинглар, албатта, Мен нима амал қилаётганингизни ўта билувчиман”, деган, деб огоҳлантирилганлар.

Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби ризқни пок ва нопокка тақсим қилган бўлса ҳам, Аллоҳ таоло фақат ҳалол, пок ризқнигина қабул қилишини таъкидлайди; ажру савоб ҳам шунга қараб берилади; ҳаром, нопок ризққа азоб беради ва у сабабли жазолайди. Ҳуд сурасида: “Ерда ўрмаловчи бирор нарса (жонзот) йўқки, унинг ризқи (таъминоти) Аллоҳнинг зиммасида бўлмаса! (У) унинг қароргоҳини ҳам, оромгоҳини ҳам билур. Ҳаммаси аниқ Китоб (Лавҳул-Маҳфуз)да (ёзилган)дир”, дейилган (6-оят). Яъни, ер юзида ўрмалаган нарса – одамзот, ҳайвонот, ҳашарот, қурт қумурсқа ва бошқа жонзотлар борки, уларнинг ҳаммасига Аллоҳ таоло ризқ беради. Бу махлуқотлар орасида мўмин инсон Аллоҳнинг амрига биноан доимо пок нарсани ейди, бу илоҳий амр унинг фойдаси учундир. Имом Аҳмад, Имом Насаий ва Ибн Можа Савбондан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилишади: “Албатта, банда қилган гуноҳи туфайли ризқидан маҳрум бўлади, қадарни дуогина ўзгартиради, умрни эса яхшилик узайтиради”. Улуғ ватандошимиз Абул Баракот Ҳофизуддин Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд Насафий (ваф. 701 ҳ.) машҳур асарлари – “Мадорикут танзил” тафсирида Абдуллоҳ ибн Масъуддан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилганлар: “Инсон қилган гуноҳлари эвазига хотирасидан ҳам айрилиб боради”.

 


 

Ризқни ҳалол касб орқали талаб қилиш

 

“Бас, намоз тугаганидан сўнг ер юзи бўйлаб тарқалинг ва Аллоҳнинг фазлидан талаб қилинг ва Аллоҳни кўп эсланг, шоядки, ютуққа эришсангиз” (Жумъа, 10).

Яъни, Аллоҳ таоло бу ояти каримада мўмин мусулмонларни намозни адо этгач, ер юзига тарқалиб, ҳалол йўл билан ризқ топишга тарғиб қилмоқда ва бу ишни Аллоҳ таолонинг фазлидан талаб қилиш, деб номламоқда. Намоздан кейин ким савдосига, ким касал кўргани, ким илм талабига – ҳар ким ўз ишига қайтиши мумкин. Чунки ер юзи бўйлаб тарқалиш буйруғи мажбурий эмас. Лекин баъзи кишилар бу амрга жиддий амал қилишган. Ибн Абу Хотимдан ривоят қилинади. Ирок ибн Молик (розийаллоҳу анҳу) жума намозидан сўнг масжид эшигидан чиқарканлар: “Эй бор Худоё, мен даъватингга жавоб қилдим, фарз намозингни ўқидим ва айтганингдек ер юзига тарқалдим. Менга Ўз фазлингдан ризқ бергин, Сен энг яхши ризқ берувчисан”, дер эканлар. Қуръони каримда бу маънодаги бошқа оятлар ҳам мавжуд. Жумладан, Мулк сурасининг 15 оятида айтилади: “У (Аллоҳ) сизларга ерни хоксор (бўйсунувчи) қилиб қўйган зотдир. Бас, у(Ер)нинг ҳар томонида (саёҳат, тижорат ёки деҳқончилик қилиб) юраверинглар ва (Аллоҳнинг берган) ризқидан енглар. Тирилиб чиқиш Унинг ҳузуригадир”.

Уламоларимиз қадимдан ушбу ояти кариманинг тафсирини Исломда меҳнатга чорлаш, ризқ териш мақсадида ер юзининг турли жойларида ҳаракат қилиш жоизлигига далил қилиб келтиришади. Бу оятдаги “юринг” деган хитоб мусулмонларни доимо касб корга ундаган ва дангасалик, бекорчиликдан четланишга чақирган. Шу билан бирга, ризқ Аллоҳ таолодан бўлишини унутмаслик зарурлигини эслатган. Яъни, мусулмон одам ер юзида ризқ талабида бўлиши ва ҳалол йўл билан касб қилиши керак.

Аллоҳ таоло: “Кундузни эса тирикчилик (вақти) қилдик”, дейди ( Набаъ, 11). Бу ҳам маош, ризқу рўз топиш учун ҳаракат қилиш зарурлигини билдиради. Ўша ҳаракатга касб қилиш дейилади. Уламоларимиз касбни шундай таърифлашади: “Касб мақсадни ҳосил қилиш учун ҳаракат этиш ва унга сабаб бўладиган нарсаларни ишга солишдир”. Шунингдек, улар таваккул таърифида: “Дунё ва охират ишларида фойдани жалб қилиш ҳамда зарарни даф этишда қалбнинг Аллоҳ таолога сидқидилдан эътимод қилиши”, дейишади. Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби бўйича, таваккул қалбга ва касб аъзоларга боғлиқ иш бўлиб, сабабларни ишга солмагунча, таваккул ҳосил қилинмайди.

Буюк ватандошимиз Ҳаким Термизий Муовия ибн Қуррадан ривоят қилади: Умар ибн Ҳаттоб бир гуруҳ одамларга йўлиқиб қолиб: “Сизлар кимсизлар?” деб сўради. “Таваккул қилувчилармиз”, дейишди. “Йўқ, сизлар текинхўрларсиз, таваккул қилувчи аввал донни ерга сепиб қўйиб, кейин Аллоҳга таваккул қилади”, деди.

Бу ўринда таваккул қилиш билан бирга сабабларини ҳам пухта бажариш кераклиги баён қилинмоқда. Ҳазрат Умардан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Агар сизлар Аллоҳга ҳақиқий таваккул қилсангиз, У Зот оч кетиб, тўқ қайтадиган қушларни ризқлантиргани каби сизларни ризқлантиради”, дедилар”.

Бу ҳадиси шарифда, агар бандалар Аллоҳ таолога ҳақиқий таваккул қилсалар, суянсалар, худди ҳеч қандай жамғармага эга бўлмаган қушларга керак бўлган пайтда ризқ берган Розиқ субҳанаҳу ва таоло уларга ҳам ризқ бериши аниқ экани ҳақида сўз кетмоқда. Фақат, қуш уясидан чиқиб, ризқини топишга ҳаракат этганидек, бандалар ҳам керакли ҳаракатни қилишлари лозим.

Низомиддин қори Чориев-Термиз шаҳар бош имом хатиби

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here