بسم الله الرحمن الرحيم

Муҳтарам жамоат! Жамиятда яшовчи ҳар бир кишининг ҳаёт тарзи қанчалик соғлом, руҳи пок, имони бутун, тақво ва муҳаббати на қадар самимий бўлса, иншоаллоҳ, бундай жамиятда тинчлик, хотиржамлик, қут-барака, ўзаро аҳиллик, катталарга ҳурмат ва кичикларга иззат руҳи вужудга келади ҳамда мустаҳкамланади. Аллоҳ таоло айни шу ҳақда хабар бериб шундай дейди:

وَلَوْ أَنَّ أَهْلَ الْقُرَى آَمَنُوا وَاتَّقَوْا لَفَتَحْنَا عَلَيْهِمْ بَرَكَاتٍ مِنَ السَّمَاءِ وَالْأَرْضِ وَلَكِنْ كَذَّبُوا فَأَخَذْنَاهُمْ بِمَا كَانُوا يَكْسِبُونَ (سورة الأعراف/96

яъни: “Агарда (мазкур) юртларнинг аҳолиси имон келтирган ва тақво қилганларида эди, улар устига осмонлар ва Ердан баракотлар (эшиклари)ни очиб юборган бўлур эдик*. Лекин (улар пайғамбарларни) ёлғончига чиқардилар. Натижада қилмишлари сабабли уларни (азобга) тутдик”.( Аъроф сураси , 96-оят )
Аллоҳ таоло инсонни азизу мукаррам қилиб яратган, шунинг учун ҳам уни турли зарарли иллатлардан қайтарган. Инсонлар ўртасидаги молиявий муносабатларда энг катта зарар келтирувчи иллатлардан бири рибо, яъни судхўрликдир. Судхўрлик гуноҳи кабиралардан бўлиб, унинг жазоси ниҳоятда оғирдир. Аллоҳ байъни (савдони) ҳалол қилган бўлса, рибони ҳаром қилган ва бандаларини рибо ейишдан қаттиқ қайтариб, уларга қиёмат куни бериладиган азоблардан шундай огоҳлантиради:

الَّذِينَ يَأْكُلُونَ الرِّبَا لَا يَقُومُونَ إِلَّا كَمَا يَقُومُ الَّذِي يَتَخَبَّطُهُ الشَّيْطَانُ مِنَ الْمَسِّ ذَلِكَ بِأَنَّهُمْ قَالُوا إِنَّمَا الْبَيْعُ مِثْلُ الرِّبَا وَأَحَلَّ اللَّهُ الْبَيْعَ وَحَرَّمَ الرِّبَا فَمَنْ جَاءَهُ مَوْعِظَةٌ مِنْ رَبِّهِ فَانْتَهَى فَلَهُ مَا سَلَفَ وَأَمْرُهُ إِلَى اللَّهِ وَمَنْ عَادَ فَأُولَئِكَ أَصْحَابُ النَّارِ هُمْ فِيهَا خَالِدُونَ (سورة البقرة/275

яъни: “Судхўрлар (қиёмат куни қабрларидан) жин чалиб кетган одам каби (ҳолатда) қўпадилар. Бунинг сабаби – уларнинг: «Байъ (савдо-сотиқ) ҳам судхўрликнинг худди ўзи» деган гаплари (ақидалари)дир. Ҳолбуки, Аллоҳ байъни ҳалол, судхўрликни (эса) ҳаром қилган. Бас, ким Раббидан насиҳат етгач, (судхўрликдан) тўхтаса, у ҳолда аввалги ўтгани– ўзига ва унинг иши Аллоҳга (ҳавола). Ким яна (судхўрликка) қайтса, ўшалар дўзах аҳлидирлар ва улар унда абадий қолувчилардир ”. (Бақара сураси, 275-оят).
Форсчадаги «суд», арабчадаги «рибо» сўзлари тилимизда «кўпайди, зиёда бўлди, фоиз» маъноларини англатади. Масалан, бир кишига юз сўм пул ёки шу миқдордаги молни қарзга берган киши унинг беш-ўн сўм ортиғи билан қайтарилишини талаб қилса, бу фоиз олиш, яъни судхўрлик бўлади.
Давлатлар ва халқлар тарихини ўрганган киши уларнинг инқирозга учраши, бой ширкат ва банкларнинг бирданига синиши, қарзга ботишлар, иқтисодиётнинг издан чиқиши, ишсизликнинг болалаб кетиши, молнинг касодга учраши, пулнинг қадрсизланиши, қилинаётган оғир меҳнатлару жуда катта маблағларнинг ўша тубсиз фоизларнигина тўлашга кетиши, улкан бойликларнинг қандайдир кимсалар қўлига ўтиб қолиши каби оғир иллатлар рибо (судхўрлик) натижаси эканини яхши билади. Бугун Ғарб дунёсида кечаётган оғир иқтисодий бўҳрон ҳам фикримизни тўла исботлайди. Қанча-қанча бой-бадавлат кишиларнинг, катта савдогарларнинг судхўрлик сабабидан бир кечада синганларига воқеълик яхши далилдир. Муфассирлар ёзишича, қарз берганда устига фоизи билан қайтаришни талаб қиладиган судхўрлар (рибохўрлар) қиёмат куни худди жин чалиб, ақлдан озган кишилар каби қабрдан туришар экан. Уларнинг бу ҳолатга тушишларига «Тижорат ҳам рибога ўхшаш фойда келтиради, шундай бўлгач, рибо ҳам ҳалол-да», дейишгани сабаб бўлади. Ваҳоланки, тижоратдаги фойдани қўлга киритиш учун савдогар анча меҳнат қилади, азият кўради, молидан ажраб қолиш ёки зарар кўриш хавфи ҳам бор. Судхўр эса ҳеч қандай куч ва маблағ сарфламай, хавфга учрамай маблағини кўпайтиради. Шунинг учун Аллоҳ таоло тижоратни ҳалол, судхўрликни ҳаром қилган. Судхўрлар бошда ниҳоятда катта фойда кўраётганга ўхшаб кўринишса-да, оқибати улар учун аянчли бўлади: Аллоҳ таоло уларнинг ҳаром йўл билан топган мол-мулкини йўқ қилади, ўзлари абадий қолинадиган дўзахга тушишади. Аллоҳ таоло судхўрликнинг ниҳоятда оғир гуноҳ эканини, унинг зарарларини навбатдаги ояти каримада шундай зикр қилади:

يَمْحَقُ اللَّهُ الرِّبَا وَيُرْبِي الصَّدَقَاتِ وَاللَّهُ لَا يُحِبُّ كُلَّ كَفَّارٍ أَثِيمٍ… (سورة البقرة

яъни: “Аллоҳ судхўрликни (фойдасини) йўқ қилади ва садақа (берувчиларга бойлик)ларни зиёда этади. Аллоҳ ҳар қандай (судхўрликни ҳалол деб билувчи) кофирни ва (уни давом эттирувчи) гуноҳкорни ёқтирмайди”. яъни, (Бақара сураси, 276-оят).
Рибода, яъни фоиз эвазига маблағни кўпайтиришда барака бўлмайди. Бошда қоплаб пул топилса-да, Аллоҳ таоло рибони ҳаром қилгани учун унинг баракасини кетказиб қўяди. Пайғамбар алайҳиссалом: «Рибода (мол) кўпайса ҳам, оқибати камлик бўлади», деганлар. Рибо фоизининг оз ёки кўп бўлиши билан белгиланмайди, унинг ози ҳам, кўпи ҳам ҳаромдир. Рибохўр (судхўр) киши қиёматда қабридан худди жин чалгандай талмовсираб, алахсираб туради. Аллоҳ таоло аксинча ҳалол қилинган садақа ва закотларнинг баракасини кўпайтириб қўяди. Аллоҳ азза ва жалла кофир, гуноҳкор, рибохўр кимсаларни асло яхши кўрмайди.

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا لَا تَأْكُلُوا الرِّبَا أَضْعَافًا مُضَاعَفَةً وَاتَّقُوا اللَّهَ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ
(سورة آل عمران/130)

яъни: “Эй, имон келтирганлар! (Берган қарзларингизни) икки баравар ва ундан ҳам кўпайтириб, устама шаклида еб юбормангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Зора (шунда) толе топсангиз.” (Оли Имрон сураси, 130-оят).
Бу ўринда пулнинг фойдасини ейишдан (рибохўрликдан) қайтарилишининг ҳикмати нимада? Уламолар фикрича, пул фойдаси муомаласига берилган кимсалар ниҳоятда молпараст, бир тийин учун жонини ҳам беришга тайёр бахил кимсалар бўлишади. Уларда ҳамдардлик, инсоний раҳм-шафқат бўлмайди. Бундайлар Аллоҳ йўлида жонини ҳам, молини ҳам тика олмайди. Ҳиммат ва сахийликларига халал етмаслиги, вужудлари рибохўрлик каби разил бир иллатдан пок туриши учун Аллоҳ таоло мусулмонларни пул фойдасини ейишдан қайтаради. Рибода қарздор учун машаққат, қийинчилик бор, чунки рибо туфайли қарз миқдори муттасил равишда ўсиб-кўпайиб боради. Рибонинг оқибати ёмон: биринчидан, рибо билан шуғулланган кимсанинг ризқини Аллоҳ баракасиз қилади, иккинчидан, судхўр бошқа бир кишига зулм қилган бўлади, учинчидан, рибо одамлар орасидаги дўстликни йўққа чиқаради. Рибо ҳаром қилинишининг сабаби ҳам шудир.
Азиз намозхонлар! Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадиси шарифларида ҳам судхўрликнинг, рибо ейишнинг жамиятга зарари, судхўрларга охиратда бериладиган жазолар ҳақида зикр қилинади:
Самура ибн Жундуб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Кечқурун (тушимда) икки кишини кўрдим. Улар келиб, мени муқаддас ерга олиб чиқишди. Юра-юра қонли дарёга дуч келдик. Дарёда бир киши бор эди. Соҳилда бошқа киши харсанг тош ушлаб турарди. Дарёдаги киши сувдан чиқмоқчи бўлган эди, нариги одам тош билан оғзига уриб, келган жойига қайтариб юборди. У ҳар гал чиқмоқчи бўлганида соҳилдаги одам тош билан урар, у яна олдинги жойига қайтиб кетар эди. “Дарёдаги одам ким?” деб сўарсам, “Судхўр” деб жавоб беришди” (Бухорий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Рибо гарчи кўпайса ҳам, оқибати албатта озайишга қайтади”, деганлар (Имом Аҳмад ривояти). У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам рибони одамнинг дўзахга тушишига сабаб бўлувчи етти ҳалокатли гуноҳ қаторида санаганлар.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рибохўрни, унинг едирувчисини, котибини ва икки шоҳидини лаънатладилар ва: «Улар баробардирлар», дедилар» (Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривояти).
Абдуллоҳ ибн Ҳанзала розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Кишининг билатуриб судхўрликдан еган бир дирҳами ўттиз олти марта зино қилганидан ҳам оғирроқдир” (Аҳмад, Табароний ривояти).
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу айтадилар: “Фоиз олувчи судхўр ҳам, берувчи ҳам дўзахдадир”.
Қатода розияллоҳу анҳу шундай деган: “Судхўрлар қиёмат куни жинни ҳолатида тириладилар. Бу уларнинг аломати бўлиб, маҳшаргоҳдагилар уларни шундан таниб олишади”.
Абдуллоҳ ибн Масъуд яна “Сендан қарздор киши бирор нарса ҳадя қилса, олма! Чунки бу иш судхўрликдир”, деганлар.
Муҳтарам жамоат! Молиявий муносабатлардаги қандай моллар рибовий бўлади? «Рибовий моллар» деб миқдори оғирлик ўлчови билан ёки вазн билан белгиланадиган тилла, кумуш ва буғдой, арпа, хурмо, туз ва таом бўладиган бошқа маҳсулотларга айтилади. Ана ўшаларда бир-бирини зиёда билан, насияга алмаштириш мумкин эмас. Аммо сон, узунлик ўлчови билан ўлчанадиган нарсалар рибовий моллар ҳисобланмайди.
Яъни рибо ҳосил бўлиши учун муомаладаги моллар кайл – идишда ўлчанадиган ёки вазн – тарозида тортиладиган бўлиши ва иккиси бир жинсдан бўлиши керак. Буғдой, арпа, хурмо ва туз кайлийдир. Тилла ва кумуш вазнийдир. Улардан бошқалари урфга биноандир.
Демак, кайл ва вазн билан ўлчанадиган молларда рибо бўлади. Қиймати ва метрига қараб ўлчанадиган ҳовли-жой, ҳайвонлар, газламалар ва асбоб-анжомлар каби нарсаларда рибо бўлмайди. Масалан, бир қўйни икки қўйга алмашиш мумкин. Доналик нарсаларда ҳам рибо бўлмайди.
Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тиллага тилла, кумушга кумуш, буғдойга буғдой, арпага арпа, хурмога хурмо, тузга туз; ўхшашига ўхшаш, тенгма-тенг, қўлма-қўл. Қачон ушбу аснофлар ихтилофли бўлса, агар қўлма-қўл бўлса, қандай хоҳласангиз сотаверинглар», дедилар» (Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насоий ривояти).
Бошқа бир ривоятда: «Бас, ким зиёда қилса ёки зиёда қилишни талаб қилса, батаҳқиқ, рибога йўл қўйибди. Уни олувчи ҳам, берувчи ҳам барибир» деб зиёда қилинган. Абу Довуднинг лафзида: «Тиллага тилла – ёмбиси ҳам, чекилгани ҳам. Кумушга кумуш – ёмбиси ҳам, чекилгани ҳам», дейилган.
Ушбу ҳадисда зикр этилган моллар рибовий молларга киради. Уларнинг жинси бир хил бўлганда алмаштиришда миқдори ҳам бир хил бўлиши ва қўлма-қўл айирбошлаш шарт, акс ҳолда рибога айланиб қолади.
Мазкур молларда ҳеч бир шаклда бир жинсдаги молни алмаштиришда зиёдаликка ва кейин беришга йўл қўйиб бўлмайди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишини Хайбарга вакил этиб тайинладилар. Шунда у яхши хурмо келтирди. «Хайбарнинг ҳамма хурмоси шундайми?» деб сўрадилар. «Биз бундан бир соъини икки соъга ва икки соъини уч соъга оламиз», деди вакил. «Ундай қилма! Ёмонини дирҳамларга сотиб, яхшисини дирҳамларга сотиб ол», дедилар у зот». (Бухорий, Муслим ва Насоий ривояти).
Аллоҳ таоло барчаларимизни мана шундай зарали иллат ва улкан гуноҳ ва маъсиятлардан сақласин. Мустақил юртимизда яшовчи барча халқларга тинчлик ва хаётларида фаровонликни ато этсин. Омин.

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here