Барча оламга раҳмат Пайғамбар
بسم الله الرحمن الرحيم
Муҳтарам жамоат! Ҳар йили Рабиъул-аввал ойида дунё мусулмонлари қатори юртдошларимиз ҳам муҳим бир санани кенг нишонлайдилар. Ушбу муборак ой “Мавлидун-Набий”, яъни Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг туғилган саналарини шарафлаш ойидир. Мўмин-мусулмонлар бу шарафли ойда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳар қачонгиданда кўпроқ ёдга оладилар, у зоти бобаракотга дуолар, салом ва салавотлар йўллайдилар. Нубувват соҳибининг ҳаёт йўлларини ўрганиш, суннатларига мувофиқ яшаш, у зотнинг кўрсатмаларига амал қилиш, ахлоқларидан ибрат олиш орқали ўзларининг у зотга уммат эканликларини намойиш этадилар. Бу ойда барчаларимиз оламлар сарвари, бутун инсониятга охирзамон пайғамбари қилиб юборилган Муҳаммад алайҳиссаломнинг сийратларини, ҳаётларини янада кенгроқ ўрганиш, ҳар бир амалимизда у зотга эргашишга ҳаракат қилишимиз керак бўлади.
Тарихий манбаларга кўра, Пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ҳижрий сананинг Рабиъул аввал ойининг 12-кунида (милодий сананинг 571 йили 20 апрель душанба куни) Маккада Қурайш қабиласига мансуб Ҳошимийлар оиласида дунёга келганлар. Тахминан 40 ёшларида Муҳаммад (с.а.в.)га Аллоҳдан мусулмонларнинг муқаддас китоби – Қурьон нозил бўла бошлаган. Пайғамбаримиз (с.а.в.) қабиладошлари ичида ислом динини тарғиб қила бошлаган. Бироқ Макка зодагонлари Исломни қабул қилмай мусулмонларга қаттиқ зулм ўтказганлар. Тазйиқлар айниқса, ҳошимийлар уруғи етакчиси Муҳаммад (с.а.в.)нинг амакиси бўлган Абу Толибнинг вафотидан кейин кучайган. Муҳаммад пайғамбаримиз (с.а.в.) зулм остида қолган мусулмон жамоасининг бир қисмини Эфиопияга жўнатганлар. 622 йилнинг июлида эса ўзлари қолган мусулмонлар билан Ясриб (Мадина)га кўчишга мажбур бўлган.
Мадинада ислом динининг асосий тамойиллари тўла шаклланган. Мусулмонлар ибодат уйлари – масжидлар қурганлар. Намоз ўқиш, рўза тутиш тартиби мусулмонларнинг кундалик ҳаётиниг меъёрловчи қоидалар амалга татбиқ этила бошланган. Мусулмон жамоаси мадиналиклар ва қўшни араб қабилалари ҳисобига кенгайиб борган. Охир-оқибат Макка зодагонлари муроса қилишга мажбур бўлиб, 630 йили мусулмонлар Макка шаҳрини фатҳ этган.
Расулуллоҳ (с.а.в.) Мадинада яшаб қолганлар. 632 йили охирги ҳаж амалини амалга ошириб 632 йили Муҳаммад (с.а.в.) вафот этганлар ва Мадина шаҳрида Масжиди набавийга дафн қилинганлар.
Пайғамбаримиз насаблари пайғамбарларнинг отаси Иброҳим (а.с.)га муттасил ҳолда етиб борганлиги ҳақида жаноб Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари марҳамат қилиб:
” إِنَّ الله اصْطَفَى مِنْ وُلْدِ إِبْرَاهِيمَ إِسْمَاعِيلَ وَ اصْطَفَى مِنْ وُلْدِ إِسْمَاعِيلَ بَنِي كِنَانَةَ وَ اصْطَفَى مِنْ بَنِي كِنَانَةَ قُرَيْشًا وَ اصْطَفَى مِنْ قُرَيْشٍ بَنِيهَاشِمٍ وَ اصْطَفَانِي مِنْ بَنِي هَاشِمٍ ” (رواه الترمذي
яъни: “Аллоҳ таоло пайғамбарлик учун Иброҳим авлодларидан Исмоилни, Исмоилнинг авлодларидан Бани Кинонани, Бани Кинонадан Қурайшни ва Қурайшдан Бани Ҳошимни, Бани Ҳошимдан эса мени танлаб олди” – деганлар.
Аллоҳ таоло Муҳаммад (с.а.в.)ни ана шундай улуғ кишиларнинг пуштида сақлаб келиб, оталари Абдуллоҳ ва оналари Оминадан туғилишларини ирода қилди. Таваллуд топган кечаларида бир қанча ғаройиб воқеалар содир бўлганлиги тарих китобларида зикр қилинган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда:
إِنَّا أَرْسَلْنَاكَ شَاهِدًا وَمُبَشِّرًا وَنَذِيرًا (سورة الفتح/08
яъни: “(Эй, Муҳаммад!) Ҳақиқатан, Биз Сизни (қиёмат куни умматларга) гувоҳлик берувчи, (мўминларга) хушхабар элтувчи ва (кофирларни) огоҳлантирувчи қилиб юборгандирмиз”, — деб марҳамат қилган.
Жумладан, у зот дунёга келганларида, самода бир нур пайдо бўлиб, унинг зиёси ҳозирги Сурия диёридаги қасрларни ёритиб юборган. Форс юртидаги мажусийлар сиғинадиган, минг йиллар давомида ёниб турган олов ўчиб қолган. Мушриклар ибодат қиладиган бут ва санамлар юз тубан қулаб тушган. Тўрт ёшлик чоғларида Ҳалима Саъдийянинг уйида яшаган вақтларида “шаққи садр” воқеаси содир бўлиб, икки фаришта у зотнинг кўкракларини ёриб, ундан шайтоннинг насибасини олиб ташлайдилар. Ўн икки ёшларида амакилари Абу Толиб билан Шом сафарига чиққанларида тепаларида бир булут соя солиб борганлиги, Бусро деган жойга етганларида насроний роҳиб Буҳайронинг Пайғамбаримиз Муҳаммад (сав) охирзамон пайғамбари бўлишларини башорат қилиши шулар жумласидандир.
Азиз намозхонлар! Пайғамбаримиз (сав) туғилишларидан олдин оталари Абдуллоҳ вафот этган бўлиб, олти ёшга етганларида оналаридан ҳам ажралдилар ва боболари Абдул Мутталибнинг қарамоғида қолдилар. Расулуллоҳ (сав)нинг етимликда вояга етишларида катта ҳикмат бордир. Чунки, ўзлари етимлик ва ғарибликни бошларидан кечирганлари учун ҳам умматларига нисбатан меҳрибон бўлиб вояга етганлар. Бу ҳақда Қуръони каримда ҳам зикр қилиниб, жумладан шундай дейилган:
أَلَمْ يَجِدْكَ يَتِيمًا فَآَوَى وَوَجَدَكَ ضَالًّا فَهَدَى وَوَجَدَكَ عَائِلًا فَأَغْنَى فَأَمَّا الْيَتِيمَ فَلَا تَقْهَرْ وَأَمَّا السَّائِلَ فَلَا تَنْهَرْ وَأَمَّا بِنِعْمَةِ رَبِّكَ فَحَدِّثْ (سورة الضحى/6-1
яъни: “(Эй, Муҳаммад! Раббингиз) Сизни етим ҳолда топиб, бошпана бермадими?! Яна Сизни гумроҳ (ғофил) ҳолда топиб,(тўғри йўлга) ҳидоят қилиб қўймадими?! Сизни камбағал ҳолда топиб, бой қилиб қўймадими?! Бас, энди Сиз (ҳам) етимга қаҳр қилманг! Соил (гадо)ни эса (малол олиб) жеркиманг! Раббингизнинг (Сизга ато этган барча) неъмати ҳақида эса(одамларга) сўзланг!”.
Икки йилдан сўнг боболари ҳам вафот этди. Вафот этишидан олдин набирасини ўз фарзандлари орасидан унга энг меҳрибон бўлган амакиларидан бири Абу Толибга топширди. Ҳақиқатан ҳам Абу Толиб Муҳаммад (сав)ни ўзининг фарзандларидан ҳам кўпроқ яхши кўрар, қаерга борса ўзи билан олиб юрар эди. Аллоҳнинг инояти билан у зот (сав) қаерга борсалар, ўша ерга барака ёғилар эди. Хусусан у кишининг шарофатлари ила эмизган оналари Ҳалима ас-Саъдийянинг ва амакилари Абу Толибнинг уйида мислсиз барака пайдо бўлганлиги ҳақида тарих ва сийрат китобларида баён қилинган.
Муҳтарам жамоат! Расулуллоҳ (сав) ёшлик вақтлариданоқ гўзал ахлоқ одобга эга бўлиб вояга етганлар. У зотга Аллоҳ таоло томонидан энг гўзал ахлоқ ва хулқ берилган. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
وَإِنَّكَ لَعَلى خُلُقٍ عَظِيمٍ (سورةالقلم/4
яъни: “Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз!”.
Аллоҳ таоло пайғамбарини мукаммал одоб билан тарбиялагани ҳақида ўз ҳадиси шарифларининг бирида ифтихор ила марҳамат қилиб бундай деганлар:
” أَدَّبَنِي رَبِّي فَأَحْسَنَ تَأْدِيْبِي ” (ابن السمعاني
яъни: “Мени Раббим тарбия қилди ва тарбиямни гўзал қилди” .
Мазлум ва муҳтож кишиларга ёрдам қўлини чўзиш, шунингдек, ҳалимлик ва барча яхши сифатлар у зотда мавжуд эди. Ояти каримада Аллоҳ таоло:
لَقَدْ كَانَ لَكُمْ فِي رَسُولِ اللَّهِ أُسْوَةٌ حَسَنَةٌ لِمَنْ كَانَ يَرْجُو اللَّهَ وَالْيَوْمَ الْآَخِرَ وَذَكَرَ اللَّهَ كَثِيرًا
(سورة الأحزاب/21)
яъни: “(Эй, имон келтирганлар!) Сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир” – деб марҳамат қилган.
Пайғамбар (сав) Макка аҳлининг қўйларини боқиб, ўз меҳнатлари билан кун кечирар эдилар. Омонатдорлик, ҳалоллик сифатларига эга бўлганлари учун ҳам Қурайшнинг энг зодагон аёлларидан бўлмиш Хадича бинт Хувайлид Муҳаммад (сав)ни тижоратда бирга шерикчилик қилишга таклиф этади ва ўзгача инсоний фазилатларга эга эканликларини англагач, у кишига турмушга чиқиш ихтиёри борлигини изҳор қилади. Расулуллоҳ (сав) бу масалада амакилари Абу Толиб билан маслаҳатлашиб кўргач, Хадича онамизга уйланадилар.
Муҳаммад (сав) қирқ ёшга етганларида Аллоҳ таоло У зотни бутун оламга раҳмат қилиб, пайғамбарлик мақомини ато этди. Аллоҳ таоло пайғамбаримиз (сав)ни ўтган барча пайғамбарлардан афзал қилиш билан бирга, пайғамбарлар силсиласига у киши билан хотима ясади. Расулуллоҳ (сав) аввалги пайғамбарлардан фарқли ўлароқ, барчага омматан пайғамбар қилиб юборилдилар. Бу ҳақда У зотнинг ўзлари: “Аввалги пайғамбарлар ўз қавмларигагина юборилар эдилар. Мен эса ҳаммага баробар пайғамбар қилиб юборилганман” – деб марҳамат қилганлар (Муттафақун алайҳ).
Аллоҳ таолонинг охирги Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалом ҳамма жиҳатдан умматга намуна эдилар, у зотнинг хулқлари Қуръон эди. Сийрат китобларида, у зотдан ривоят қилинган ҳадиси шарифларда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг комил инсон бўлганлари васф этилади:
Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) одамларнинг энг гўзали, одамларнинг энг сахийи, одамларнинг энг шижоатлиси эдилар» (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Баро ибн Озиб (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) одамларнинг энг чиройлиси ва хулқи энг гўзали эдилар» (Имом Бухорий ривояти, «Жомеъус-саҳиҳ»).
Мўминлар онаси ҳазрати Оиша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) хулқлари Қуръон эди» (Имом Муслим ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, мен одоб ва ахлоқларни комил қилиш учун юборилганман», дедилар» (Имом Аҳмад, Бухорий ва Ҳоким ривоят қилишган).
Азиз намозхонлар! Ҳадиси шарифлар билан яқиндан танишган ҳар бир киши Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг буюк кечиримлиликлари, одамларга ҳар қандай ҳолатда ҳам яхши муомалада бўлганликларига ишонч ҳосил қилади.
Мавлид ойи фақат Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳаётларини ўрганиш ойигина эмас. Бу ойда ҳам, бундан кейин ҳам биз, мўмин-мусулмонлар ҳар бир ишда, ҳар бир амалда у зотнинг суннатларига мувофиқ йўлда юришимиз, у зотга эргашиб, салавотлар айтишимиз зарур. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
إِنَّ اللَّهَ وَمَلَائِكَتَهُ يُصَلُّونَ عَلَى النَّبِيِّ يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا صَلُّوا عَلَيْهِ وَسَلِّمُوا تَسْلِيمًا (سورة الأحزاب/56
яъни: “(Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Пайғамбарга салавот айтурлар. Эй, мўминлар! (Сизлар ҳам) унга салавот ва салом айтингиз”!
Шуни айтиб ўтиш жоизки, ҳар бир нарсанинг ўз вақти ва тартиби бўлганидек, Мавлид ўқишнинг ҳам ўзига хос тартиби мавжуд. Айримлар наздида “Мавлидни нишонлаш йил давомида амалга оширилиши керак” деб талқин этилсада, аслида буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилган ойларида нишонлаш мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Мавлидни йил давомида мунтазам нишонлаб, бу гўзал одатнинг салмоғи ва кўламини камайтириб юборишимиз керак эмас.
Аллоҳ таоло барчаларимизни Пайғамбаримиз (с.а.в.)га муносиб чин уммат бўлмоғлигимизни насиб этиб, Ўзи севган бандаларидан қилсин, рушду ҳидоятда барқарор айласин! Омин.
Муҳтарам азизлар! Аллоҳга беҳисоб шукрлар бўлсинки, сизу биз гўзал ва ҳур диёрда тинчлик булоғидан қониб оиламиз, фарзандларимиз ҳамда бобо-бувиларимиз билан умргузаронлик қилиб келмоқдамиз. 2015йилни “Кексаларни эъзозлаш йили” деб эълон қилиниши эса барчамизга кўтаринкилик ато этди. Дарҳақиқат, ёши улуғларимизни ҳар қанча эъзозласак, қадрласак келгуси авлод ҳам келажакда бизларни ана шундай ардоқлайдилар. Кексаларнинг бой тажрибалари, ҳаётий ўгитлари, пурмаъно насиҳатлари, одилона қарорлари ва энг муҳими дуойи хайрлари ҳамиша биз фарзандларга дастуриламал экани шубҳасиз. Шундай экан, қаерда бўлмайлик, ёши улуғларимизнинг ҳаётлик чоғларини ғанимат билиб, доимо уларнинг кўнгилларини кўтаришимиз ва дуоларини олишимиз эзгу-хайрли амаллардандир. Зеро, кексалари эъзозланган юртда ҳамиша қут-барака, яхшиликлар ҳукмрон бўлади.
Жаннатмакон диёримиз истиқлолга эришган илк кунларданоқ нафақадаги кекса отахон ва онахонларга, ногирон ва муҳтожларга катта ғамхўрлик ва беминнат ёрдам кўрсатиб келинмоқда. Улар ҳаётини фаровон, кунларини шодмон қилиш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш ишлари юксак даражага кўтарилган. Буларнинг барчаси азиз юртимизнинг азиз дуогўйларига билдирилаётган катта ҳурмат-эътибор рамзи бўлса, иккинчи томондан уларнинг доимий қилаётган холис дуои хайрлари, иншааллоҳ, юртимизни ва халқимизни турли бало-офатлардан сақлашга хизмат қилаётгани аниқ. Зеро, Пайғамбаримиз (с.а.в.) марҳамат қилганлар:
“ لَوْ لاَ الشُّيُوخُ الرُكَّعُ وَاْلبَهائِمُ الُرتَّعُ وَالْصِّبْيَانُ الرُّضَّعُ لَصُبَّ عَلَيْكُمُ الْبَلاَءُ صَبًّا ” (رواه البيهقى
яъни: “Агар орангизда мункиллаган қариялар, ўтлаб юрган жонзотлар ва эмизикли чақалоқлар бўлмаганида эди, бошингизга балолар ёмғирдек ёғилур эди”.
Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзига итоаткор бандаларидан айласин, Ўзининг азоби ва итобидан ҳамиша хавфда бўлувчи, раҳмати ва мағфиратидан умидвор бандалари сафидан жой берсин ҳамда икки дунё саодатидан баҳраманд этсин!