Қўйдан жазаъ – олти ойлик ва ундан бошқадан саний ва ундан каттаси қурбонликка ярайди. Саний деб бир ёшли қўй ва эчкига, икки ёшли молга ва беш ёшли туяга айтилади.
Бу ҳукмлар ҳадиси шарифдан олинган. Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга қўйларни ўз саҳобаларига қурбонлик қилишларига тақсимлаб бериш учун бердилар. Бас, бир ёшли улоқча ортиб қолувди, бу ҳақда Расулуллоҳга айтилган эди. У зот: “Уни сен қурбонлик қил”, дедилар» (Имом Бухорий ривояти).
Бу ҳадиси шарифдан бир ёшли улоқни қурбонлик қилиш мумкинлиги келиб чиқади.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусиннадан бошқани сўйманглар. Фақат сизга қийин бўлиб қолгандагина қўйнинг жазаъасини сўйсангиз бўлади”, дедилар» (Имом Муслим ривояти).
“Мусинна” туядан беш ёшли, қорамолдан икки ёшли, қўй-эчкидан бир ёшли бўлганидир.
“Жазаъа” Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг айтишича, қўй-эчкининг олти ойлигидир. Демак, имкони бор одам камида бир ёшли қўй ёки эчкини қурбонлик қилиши керак. Агар камбағаллиги туфайли бир ёшли қўй-эчкининг иложини қила олмаса, олти ойлик бўлса ҳам кифоя қилади.
Қурбонликка айланбош, шохсиз, бичилган ва қўтир ҳайвонларни сўйса бўлади. Аммо ўта озғин ва сўяр жойга юриб бора олмайдиган чўлоқ жониворни сўйиш жоиз эмас. Шунингдек, қулоғи, кўзи, думбаси ва думининг учдан бири кетгани ҳам бўлмайди. Бу ҳукмларга ҳадислар далил.
Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Тўрт нарса қурбонликка жоиз эмас: 1) ғилайлиги очиқ-ойдин ҳайвон, 2) касаллиги очиқ-ойдин ҳайвон, чўлоқлиги очиқ-ойдин ҳайвон ва 4) мияси чатоқ ҳайвон”, дедилар» (Сунан эгалари ривоят қилишган).
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларни кўз ва қулоғини яхшилаб кўриб олишимизга; ғилайни, муқобалани, мудобарани, харқони ва шарқони қурбонлик қилмаслигимизга амр қилдилар. Мен: “Муқобала нима?” дедим. “Қулоғининг бир томони кесилган”, деди. “Мудобара нима?” дедим. “Қулоғининг учи кесилган”, деди. “Шарқо нима?” дедим. “Қулоғи ёрилган”, деди. “Харқо нима?” дедим. “Қулоғи белги учун йиртилган”, деди» (Сунан эгалари ривоят қилган).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам қулоғи кесик ва шохи синиқ ҳайвонларни қурбонлик қилишдан қайтарганлар (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).
“Қурбонлик рисоласи”дан.