2019  муборак  Рамозон ойи  Бойсун  туманидаги  Дарбанд  қишлоғи  фуқаролари  учун  қувончли  хурсандчиликлар  билан  кириб  келди.  Сабаби  шундаки,  бир йилда  бир  марта  келадиган,  ойларнинг  султони  ҳисобланадиган  Рамозон  ойининг  ўзи  мўмин  мусулмонлар  учун  катта  неъмат  ҳисобланади.  Чунки  Рамозон  ойи  руҳий  ва  жисмоний   покланиш  ва  гуноҳлардан  фориғ  бўлиш  ойидир.  Пайғамбаримиз  Муҳаммад  (а.с.)  бу  борада  шундай  марҳамат  қиганлар:  “Кимки  рамозон  рўзасини  иймону  эътиқод  билан  тутса  унинг  аввалги  гуноҳлари  кечирилади”.   Ва яна  Абу Ҳурайра (р.а.)дан  ривоят қилинади; Росулуллоҳ (с.а.в); “Қачон  рамозон ойи  келса, жаннат эшиклари очилур, дўзах эшиклари  ёпилур  ва  шайтонлар  кишанланур”  дедилар.      Хурсандчиликнинг  яна  бир  сабаби:  Муборак  Рамозон   ойи  кириб  келиши  билан  биргаликда  Дарбанд  халқининг  бирдан  бир  орзуси  бўлган  “Қадимий  Дарбанд”  жомеъ  масжиди  очилиб  халқ  хизматига  топширилди. Эртасига  масжидда  муборак  жумъа  намози  ўқилиши  хурсандчилик  устига  хурсандчилик  бўлди.

Ушбу  “Қадимий Дабанд”  жомеъ  масжиди  қурилиб  ишга  тушишида, албатта  Дарбанд  халқининг  баҳамжиҳатлиги, аҳил  интифоқлиги, саховатлилиги  ҳамда  иймон  — эътиқоди  намоён  бўлади.  Чунки  масжид  ажойиб  замонавий  қурилиб,  қулай  шарт – шароитларга  эга.  Албатта  бундай  масжиднинг  қурилиши,  саховатли  сахий  халқнинг  Аллоҳдан  ажру  савоблар  умидида  қилган  ҳаракати  ҳамда  айрим  Ҳайитов   Абдусалом  акадек  фидойи  инсонларнинг  ҳукумат  идоралари  ва  диний  идораларда масжиднинг  ҳужжат  ишларини қилиш  учун,  вақтини  аямасдан  чарчамасдан  югуриб елганининг  ва  ҳукуматимизнинг  илтифоти  натижасидир.  Зеро  масжид  қуриш,  уни  обод  этишнинг  савоби  улуғ  эканлиги  ислом  манбаларида  кўрсатилган.  Пайғамбаримиз  Муҳаммад  (а.с.)  бу  борада  шундай  марҳамат  қиганлар:  “Ким  Аллоҳнинг  розилигини  истаб  масжид  қурса,  Аллоҳ  унга  жаннатда  бир  қаср  барпо  қилади.” (Имом Бухорий ривояти)

Масжидларни  обод  қилиш, доим  таъмирлаб  туриш  намозхонларга  қулай  шароитлар  яратиб  бериб  туришда,  Аллоҳнинг   розилиги  бор бўлган,  кўплаб  ажрлар  бериладиган  амаллардандир.    Анас  ибн  Молик (р.а.)дан  ривоят  қилинган  ҳадиси  шарифда  шундай  дейилади: “Ким  масжидда  битта  чироқ  ёқса, ўша чироқнинг  нури  ўчгунча   фаришталар  у  кишининг  ҳаққига  истиғфор  айтиб  турадилар.” 

        Албатта  бундай  ишлар  ва  хурсандчиликлар  сабаби  аввало  Яратганнинг  инояти  ва  иродаси  бўлса,  иккинчи  томонлама  юртимиздаги  тинчлигу  барқарорлик  ва   маъмурчиликдан  дарак  бериб  турибди.  Шу  ўринда  таъкидлаш  лозимки,  ҳозирда  нотинч  давлатларда,  уруш  ва  қирғинбаротлар  бўлаётган  мамлакатларда,  шундайин  Аллоҳнинг  уйи  бўлмиш  масжидларни  обод  қилиш  уёқда  турсин,  масжидларни  ичидаги  одамлар, яъни  ибодат  қилаётган  намозхонлари  билан  қўшиб  портлатиб  юборилаяпти.  Демак  биз  бугун  бундай  улуғ  неъматларнинг  қадрига  етишимиз  унинг шукрини  адо  қилишимиз  лозимдир.  Зеро  Аллоҳим  қўша – қўша неъматлар  бераяпти.  Ҳа!  Рамозон  ойи  бандасига  энг  катта  неъмат  бўлса,  мана  шу  муборак  ойда  масжид  очилиб  тўлиқ  ишга  тушиши  яна  бир  катта  неъмат,  масжид  очилиши  билан  хонадонларда  қийналиб  таровеҳ  намозларини  ўқиб юрган  намозхонларнинг  эндиликда  барча  шарт-шароитлари  мавжуд  бўлган  “Қадимий Дарбанд”  жомеъ  масжидида  таровеҳ  намози,  жумъа  намози  ҳамда  беш  вақтлик  намозларни  бемалол,  эмин  эркин  ўқишлари  яна  катта  неъмат  ва  бахт-cаодатдир.  Ана  энди  бу  неъматлар  шукрини  адо қилиш  лозим.  Шукрни  адо  қилишлик  эса  мана  шу  масжидни  моддий  ва  маънавий  жиҳатдан  обод  қилишлик  билан  бўлади.  Диний  этиқодимиздан  келиб  чиқиб, ўз мазҳабимиз  кўрсатмаларига  мувофиқ  ибодатлар  қилишимиз  билан  бўлади.  Масжидни  асраб  авайлаш  билан  бўлади.  Масжиднинг  шаънига  доғ  туширадиган  ҳар-хил  гап  сўзлар  ва  ҳатти  ҳаракатлардан  сақланишлик  билан  бўлади.

“Қадимий  Дарбанд”  жомеъ  масжиди  имом  хатиби  Ў.Алимов.       

 

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here