Айтишларича, Аллоҳдан қўрқишнинг аломати етти нарсада: тилда, қалбда, кўзда, меъдада, қўлда, оёқда, итоатда намоён бўлади ва буни шундай шарҳлашади: “Аллоҳдан қўрққан одам тилини ёлғон, ғийбат, бўҳтон, беҳуда сўзлардан тияди, Аллоҳнинг зикри билан машғул бўлади. Аллоҳдан қўрққан киши қалбини ҳасад, кўролмаслик, душманлик, хусумат каби иллатлардан фориғ этади. У кўзини ҳаромдан асрайди, дунёга ҳирс эмас, ибрат назари ила боқади. У меъдасини шубҳали ва ҳаром нарса билан тўлдирмайди. Аллоҳдан қўрққан одам қўлини ҳаромга узатмайди. Исён йўлида эмас, Аллоҳга итоат йўлида одимлайди. Аллоҳдан қўрққан одам ёлғиз Аллоҳ ризоси учун Унга итоат этади, риё, иккиюзламачиликдан сақланади”.
Барчаларимиз тоқатларимизга яраша тақво йўлини тутишимиз ва бунга жиддий ҳаракат қилиб боришимиз мақсадга мувофиқдир. Зеро, Аллоҳ табарока ва таоло ҳаммаларимизга хитоб қилиб бундай дейди:
“Эй, имон келтирганлар! Аллоҳдан чинакам қўрқув билан қўрқингиз ва мусулмон бўлмай дунёдан ўтмангиз!”.
Аллоҳга тақво қилиш, яъни Унинг ўзигагина тоат-ибодат қилиш, Ўзидангина хавфу ражода бўлиш, тақво орқали гўзал одоб-ахлоққа эришиш билан бир қаторда “тақво” ҳеч қачон Аллоҳ таоло ҳалол ва мубоҳ қилган дунё нозу-неъматларидан баҳраманд бўлишга, чиройли тўкин-сочин ва саодатли ҳаёт кечириш тарзига асло қарама-қарши бўлмайди. Зеро, қадим-қадимдан барча улуғ алломалар, мазҳаб имомлари, солиҳ кишилар Аллоҳга тақво қилиш ва Унинг яратган неъматларидан баҳраманд бўлиш ва шукр этишда барчага ўрнак бўлишган. Улар Аллоҳ таолонинг:
“Айтинг: Бандалари учун чиқарган Аллоҳнинг зийнатини ва пок ризқларни ким ҳаромга чиқарди?..”, — деган ояти карималарининг маъно ва мазмунларини яхши англаб, уларга амал қилиб келганлар.
Аллоҳ таоло таъкидлаб айтадики:
“Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар! Ҳар ким эрталик кун учун нима қилганига назар солсин. Аллоҳга тақво қилинглар! Албатта, Аллоҳ нима қилаётганингиздан хабардордир” (“Ҳашр” сураси, 18-оят).
Ушбу оятда Аллоҳ таоло мўминларга яна улар учун маҳбуб бўлган нидо билан мурожаат қилиб, уларни Ўзига тақво қилишга чақирмоқда.
“Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар!”
Аллоҳга тақво қилиш Ундан қўрқишдир. Аллоҳдан қўрқиш эса, гуноҳ ишларни тарк этишлик билан ва савоб ишларни кўплаб қилиш билан ҳосил бўлади.
“Ҳар ким эрталик кун учун нима қилганига назар солсин.”
“Эрталик кун”дан мурод–қиёмат. Қиёмат нисбатан жуда яқин вақт, шунинг учун ҳам у “эрта” дейилади. Демак, ҳар бир инсон қиёмат куни учун нима иш қилганини ўйлаб қўйиши керак. Албатта, қиёмат куни мол-дунё, мансаб, ҳасаб-насаб, ёр-дўст ёрдам бера олмайди, балки иймон, Ислом ва қилинган яхши амаллари ёрдам беради. Шунинг учун, ҳар бир одам қиёматга тайёргарлигини кўриб қўйиши керак.
Оятнинг охирида Аллоҳ таоло яна бир бор тақвога буюради.
“Аллоҳга тақво қилинглар! Албатта, Аллоҳ нима қилаётганингиздан хабардордир.”
Бу таъкид тақво ниҳоятда аҳамиятли эканини билдиради.
Шу билан бирга, Аллоҳ таоло ким тақво қилаётгани ва ким қилмаётганини билиб туриши ҳам таъкидланмоқда.
Тақводорликнинг белгиси қўрқув ва умид орасида туришдир. Яъни Аллоҳнинг ғазабидан, Унинг азобидан, дўзахидан, иқобга олишидан, ҳисоб-китобидан қўрқиш ва айни пайтда Унинг раҳмат-мағфиратидан, меҳрибонлигидан, жаннатга киритишидан умидворлик туйғуси билан яшашдир!
Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.) ҳақиқий тақво ҳақида бундай дейди: “Тақво – бу Аллоҳга итоат қилиб, Унга осий бўлмаслик, Уни эсдан чиқармай зикр этиш, Унга шукр айтиш, асло куфроний неъмат қилмасликдир”.
Тақводорларнинг гуноҳлари ҳам ювилади, ҳам мағфират қилинади. Бу катта бахтдир.
Аммо, Аллоҳ таоло бу билан кифояланиб қолмайди. Тақводорларга яна бошқа мукофотлар ҳам беради.
Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади:
“Ва улар муддатларига етсалар, яхшилик билан ушланглар ёки яхшилик билан ажралинглар ва сиздан икки адолатли кишини гувоҳ қилинглар. Ва гувоҳликни Аллоҳ учун қилинглар. Бу ишингиздан, кимнинг Аллоҳга ва қиёмат кунига иймони бўлса, ваъзланур. Ким Аллоҳга тақво қилса, унинг йўлини очиб қўядир.
Ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ берур. Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, унга У зотнинг Ўзи кифоядир. Албатта, Аллоҳ Ўз ишини етказувчидир. Ҳақийқатан, Аллоҳ ҳар бир нарсага ўлчов қилиб қўйгандир” (“Талоқ” сураси, 2-, 3-оят).
Яъни, ким тақво ила Аллоҳ таолонинг буюрганини қилиб, қайтарганидан қайтса, бу дунё ва у дунёнинг қийинчиликларидан чиқадиган йўлни Аллоҳ азза ва жалланинг Ўзи кўрсатиб қўяди.
Шоҳзамон Анваров