Қуръони карим – илоҳий китоб, башарият учун ҳидоят маёғи. Асрлар оша жозибадорлиги, мўъжизакорлиги билан олам аҳлини лол қилиб келмоқда. Унга бўлган муҳаббат кун сайин ошиб бормоқда. Аждодлардан авлодларга ўтиб, сайқал топиб, ёд олиниб, амал қилиниб келинмоқда. Тиловат пайтида эт жимирлайди, кўз ёшланади, қалб титрайди. Бу бежиз эмас, албатта.  Ана шундай муборак каломга бўлган эътибор, ҳурмат-эҳтиром ҳар бир кишининг қалбида сайқал топади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу китобни ўрганишга, ёд олишга ва уни ўргатишга ундаганлар.

Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганганларингиз ва ўргатганларингиздир», дедилар» (Бухорий, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган).

Муқаддас каломни ёд олгандан кейин уни асраб-авайлаш, такрорлаб туриш ҳам керак. Акс ҳолда, Қуръони Каримни ёд олгандан кейин бепарво бўлса, у хотирадан кўтарилиб кетиши ҳеч гап эмас.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қуръондан хабар олиб туринглар. Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, албатта, у қочоқликда тушовда турган туядан ҳам ашаддийроқдир», дедилар» (Муттафақун алайҳ).

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Қуръон соҳибининг мисоли худди тушовланган туя соҳибига ўхшашдир. Агар ундан хабар олиб турса, уни тутиб қолади. Тек қўйса, кетиб қолади», дедилар» (Муттафақун алайҳ).

Имом Бухорий ва имом Термизий бобомиздан ривоят қилинган ҳадиси шарифларнинг бирида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан бирингизнинг фалон, фалон оятни унутдим, демоғи қандоқ ҳам ёмон. Лекин у унутдирилгандир. Қуръонни ёдингизда туриши учун ҳаракат қилинг. Албатта, у одамларнинг кўксидан чиқишда қочоқ туядан ҳам ашаддийдир», деганлар».

Туясини тушовлаб қўйган одам ундан тез-тез хабар олиб турмаса, туя кетиб қолиши турган гап. Худди шунга ўхшаб Қуръони Каримни ёд олган одам ҳам уни тез-тез такрор қилиб туриши лозим. Сал бепарво бўлса, эсидан чиқиб қолиши турган гап. Қуръони Каримни ёд олган одам уни эсдан чиқариб қўймаслик учун доимо такрорлаб юрмоғи керак.

Ёд олган сура ёки оятларини унутиб қўйишнинг оқибати эса нақадар ёмон. Воҳаланки, бу нарса гуноҳнинг ўзгинаси.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менга умматимнинг гуноҳлари кўрсатилди. Қуръондан бир сура ёки оят унга берилганда унутиб қўйган одамдан кўра катта гуноҳни кўрмадим», дедилар» (Термизий ва Абу Довуд ривоят қилишган).

Аллоҳнинг каломига эътиборсиз бўлиш керак эмас. Шу калом биз учун ҳидоят. Шунга иймон келтирганлар мўмин. Шунинг учун ҳадиси шарифларда ёд олган оятларини ёддан чиқариш қаттиқ қораланган.

Қуръонни унутмаслигимиз учун уни доимо такрорлаб туришимиз зарур бўлади. Аллоҳ таоло унинг ҳар бир калимасига, ҳар бир ҳарфига кўплаб савобларни ато этади. Буни доимо ҳис қилиб яшамоқ керак.

 

Ромитан туман бош имом хатиби. 

Отабек Рахимов

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here