Яқин қариндошларнинг никоҳланиши шариатимиз томонидан ҳалол қилинган бўлса-да, бироқ яқин қариндошларнинг бир-бирларига қиз бериб қиз олишларини олқишламайди. Чунки бунда бир нечта зарарлар бор. Тиббий ва маънавий зарарлар бор.

Ҳазрати Умари Одил замонларида одамлар Соиб қабиласининг аъзолари жуда озғин, нимжон, касалмандлигидан шикоят қилишган экан. У киши суриштириб кўрсалар, қабиладагилар ўзларидан бошқага қиз ҳам беришмас, олишмас ҳам экан. Шунда ҳазрати Умар розияллоҳу  анҳу «Бошқага қиз бериб, ўзгалардан қиз олинглар, саломатлигингиз яхшиланади», дебдилар. Бу ҳолат қабила одамларининг соғлиғини яхшилабгина қолмай, қабилалар, қавмлар ўртасидага ижтимоий муносабатларни ва алоқаларни кенгайтиришга, қариндош-уруғчиликнинг ривож топишига ҳам сабаб бўлибди.

Бир гуруҳ шифокор-генетиклар бир оила ҳаёти билан яқиндан танишишибди. Бу оилада 4 фарзанд бўлиб, уларнинг уч нафари касалманд. Яна ҳам аниқроғи, бирининг қулоғи эшитмайди, бирининг ақли заиф, кенжа фарзанд эса 10 ёшга тўлганига қарамай, ҳали-ҳануз ўрнидан туриб, мустақил ҳаракатлана олмас экан. Хўш, бунга сабаб нима? Табиийки, тиббиёт мутахассиси сифатида улар ушбу муаммонинг келиб чиқиши билан қизиқишди. Аниқланишича, бу болаларнинг ота-онаси яқин қариндош  холаваччалар экан. Шу боис оилада ногирон фарзандлар дунёга келган.

   Бизда ота-оналаримиз катталаримиз келин олиш керак бўлса дарров қариндошлардан излашади.Уларнинг келажагини ўйлашмайди.Ваҳоланки қариндошлар ўртасидаги никоҳда кўп ҳолларда ачинарли ҳолатлар юзага келишини яъни туғилажак фарзанд носоғлом, кўп касалга чалинадиган бўлиб туғилиши мумкинлигини, энг ачинарлиси ногирон туғилиши мумкинлигини билсалар ҳам. Тўғри қариндошлар ўртасидаги никоҳда доим шундай ҳолатлар кузатилмаслиги мумкин аммо жуда кўп ҳолларда ачинарли ҳол юзага келади. Бундан эса мурғак қалблар озор чекади кўзлари маюс тортади.

Юртимизда эрта ва қариндошлар ўртасида никоҳнинг олдини олиш бўйича ҳам чора-тадбирлар кўрилмоқда қарорлар қабул қилинмоқда.Бу эса соғлом фарзандлар дунёга келиши учундир. Шундай экан ота-оналар ва катталар ҳам юртимизда соғлом авлодлар кўпайишида ўз ҳиссаларини қўшсинлар. Аллоҳ таоло солиҳ ва солиҳа фарзандларимизни кўпайтирсин.

 

Олтинсой тумани «Имом Бухорий»

 жомеъ масжиди имом-хатиби:                                                         М.Жуйриков

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here