Аллоҳ таоло айтади: “Сизлар ўзларингиз ичаётган сувни (ўйлаб) кўрдингизми?! Уни булутлардан сизлар ёғдирдингизми ёки Биз ёғдирувчимизми?! Агар Биз хоҳласак, уни шўр ва аччиқ қилиб қўйган бўлур эдик. Бас (шу оби-ҳаёт учун ҳам) шукр қилмайсизми?!” (Воқеа сураси, 68-69-70-оятлар).

Сув ҳаёт манбаи дейилади. Сувсиз ҳаётни тасаввур қилиб бўлмайди. Хўш, ушбу сувнинг вужудга келишида инсоннинг қандай хизмати бор? У, сувни ичишдан ва булғашдан бошқа юмушга аралаша олмайди. Сувнинг яралиши ва турли ҳолатларда бўлиши фақат Роҳман сифатли Аллоҳ таолонинг қудрати билан бўлади.

Охирги пайтда инсон булутлардан ёмғир ёғдиришга уриниб кўрди. Лекин бу тажриба, холос. Бу уринишнинг оқибатида катта ноқулайликлар ҳам келиб чиқмоқда. Қолаверса, бу иш бор нарсага таъсир ўтказишдан иборат, холос. Худди ер остидан булоқ ёки қудуқ қазиб сув чиқазгандек.

Инсон кундалик ҳаётида давомли равишда сувга ҳожати тушиб туради. Уни тинмай истеъмол қилади. Лекин сувнинг асли қаердан келганини кўп ҳам ўйлаб кўрмайди. Агар инсоф билан, синчиклаб ўрганганда эди, Аллоҳнинг қудратига қойил қолиб, ибодатига шошиларди. Чунки, Аллоҳ хоҳласа, бир зумда сувнинг чучуклик хусусиятини йўқотиб, доим шўр қилиб қўйиши ҳам мумкин. Ҳа: “Агар Биз хоҳласак, уни шўр ва аччиқ қилиб қўйган бўлур эдик. Бас (шу оби-ҳаёт учун ҳам) шукр қилмайсизми?!”

Аллоҳ таолонинг неъматларини ўзининг зиддига солиштириб кўрилса, қадри билинади. Ғофил бандалар тайёр сувни хоҳлаганича ишлатиб юриб ўрганиб қолганлар. Уларга бу нарса ўзи шундоқ бўлиши керакдек кўринади. Шунинг учун ҳам, ҳаёт манбаи бўлган сувни уларга берган Зотни унутиб қўядилар. Лекин улар бир тасаввур қилсинлар-а!

“Агар Биз хоҳласак, уни шўр ва аччиқ қилиб қўйган бўлур эдик”

У ҳолда бандалар нима қила оладилар? Дунёдаги барча сувлар шўр бўлиб қолди. Бутун дунёнинг ҳоли нима бўлади. Шўр сувни қайта ишлаб чучук қилиб олаверадиларми? Буни қилиш учун қанча куч-қувват, маблағ, вақт ва илм керак? Қолаверса, қайта ишланган сув Аллоҳ берган сувчалик бўлармиди?! Умуман, сувни қайта ишлашни Аллоҳ билдирмаса, банда қаердан ҳам била олар эди? Эй ожиз бандалар!

“Бас (шу оби-ҳаёт учун ҳам) шукр қилмайсизми?!”

Ҳар бир нарсани ўлчов билан тақдир қилган Аллоҳ осмондан тушадиган ёмғирни ҳам ҳисоб билан туширади. Бу хусуда Қуръони каримда шундай дейилади:

“Биз осмондан ҳисоби билан ёмғир сувларини ёғдириб ўрнаштирдик. Биз бу сувларни кетказиб маҳрум қилиб қўйишга ҳам қодирмиз” (Мўминун сураси, 18-оят).

Осмондан тушган ҳар бир томчи сув ўлчов билан ерга тушишлиги баён килиняпти. Шу билан биргаликда инсонлар бу улуғ неъматнинг қадрига етмаса, ношукрлик қилса, Аллоҳ таоло ундан маҳрум қилиб қўйишлигини хабарини беряпти. Осмондан ўлчов билан сув тушириб, уни ерда қарорлаштириш ҳам Аллоҳ таолонинг ишидир. Ким осмондан керакли миқдорда сув тушира олади? Ердаги ҳамма сув осмондан ўлчов билан тушгандир. Ортиқча ҳам эмас, кам ҳам эмас. Шунинг ўзини ибрат назари билан ўйлаган одам иймонга келиши керак. Сувни келтирган Зот кетказа олмасмиди? Аллоҳ таоло сувни кетказишига далил сифатида баъзан маълум жойларни сувдан бебаҳра қилиб қўяди. Ўша ерда қурғоқчилик бўлиб, ҳамма нарса ҳалокатга юз тутади. Ана шу қурғоқчилик ҳодисалари ҳам Аллоҳ таолонинг қудратига далолат қилади. Улар ҳам одамларни иймонга чақирадиган ибратли нарсалардир. Биз инсонлар бундан ибратланишимиз лозим. Шу ўринда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадисларини ёдга олишимиз жоиздир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат қилаётган Саъд розияллоҳу анҳунинг ёнидан ўтаётиб: “Бу қандай исрофчилик, Саъд?” — дедилар. “Сув ҳам исроф бўладими?” — деб сўради. Агар сувни оқиб турган дарёдан олсанг ҳам исроф бўлади” дедилар.

Биз биламизки инсон ҳаётини сувсиз тасаввур қилиш мумкин эмас. Халқимиз орасида “Сув бу ҳаёт” деган ибора мавжуд. Ибора мазмунидан кўриниб турибдики инсон сувсиз яшолмайди. Ҳаётимизни сақлаш учун ҳам сувни қадрига етишимиз, сувга нисбатан доимо эҳтиёткорона муносабатда бўлишимиз лозим.

Бир куни подшоҳ ҳарбий сафарга чиқди. Ёнида доно вазирларидан бири бор эди. Йўлда жуда чанқаган подшоҳ бетоқатлик билан сув сўради. «Бироз сабр қилинг», деди вазири. Кейин кўзада сув узата туриб қайтиб олди ва: «Фараз қилинг, ушбу сувдан ман қилиндингиз, уни ичиш учун нимангизни берардингиз?», деб сўради вазири.

— Мулкимнинг ярмини берган бўлардим.

Ҳукмдорнинг ташналиги қонганидан кейин доно вазир яна сўради:

— Мана, сувни ҳам ичдингиз. Энди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқинлигингиз ҳурмати, айтинг, ўша сув вужудингиздан қайтиб чиқмади, яъни пешобингиз тутилиб қолди дейлик. Унинг қайтиб чиқиши учун нима қилардингиз?

— Мулкимнинг қолган ярмини берардим.

Шунда Вазир: «Бир қултум сув ва уни чиқариб ташлашга ҳам арзимайдиган мол-мулк учун ўзини таҳликага отиш, талашиб-тортишиш, унга эга бўлиб қувониш ақлли одамга ярашмайди», деди. Бу сўзлардан подшоҳ қаттиқ таъсирланиб, ҳарбий юришни бекор қилди.

Манбалар (Тафсири Ҳилол) асосида тайёрланди:

Сурхондарё вилоят вакиллиги ходими: М. Азимов

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here