Исломда етимга яхшилик қилиш қаттиқ тарғиб қилинган. Етимга яхшилик қилувчиларга катта ваъдалар эълон қилинган.Араб тилида «етим» деб отаси вафот этган вояга етмаган болага айтилади. Вояга етиб, балоғат ёшига кирса, етимликдан чиқади.
Етим одатда ожиз ва заиф шахс бўлади. Етимни хорловчи, унга зулм қилувчи, ҳаққини поймол қилувчи шахсни ҳақиқий диндор деб бўлмайди.
Етимларга ёрдам бериш ниҳоятда савобли иш. Етимларга овқат, кийим-кечак, таълим ва тарбия бериш ўзига тўқларнинг зиммасидаги бурчдир. Шундай қилинса, етим жамият учун фойдали шахс бўлиб етишади.
Агар унга бепарво қаралса, камситилса, разолат ва жиноят кўчасига кириб, ўзи яшаётган жамиятга фақат зарар келтирувчи шахсга айланади .
Маълумки, динимизда жамиятнинг ҳар бир аъзосига алоҳида эътибор билан қаралади. Катта ёки кичик бўлсин, эркак ёки аёл бўлсин ҳар бир инсон ҳурмат-эҳтиромга лойиқдир.
Аллоҳ таолонинг хоҳиш иродаси билан гоҳида болалар ёшлигиданоқ ота-онасидан ажраладилар. Улар учун ота-онани ўрнини босувчи кишиларга эҳтиёж туғилади. Етим болалар айнан ёрдам ва эътиборга лойиқ жамият аъзоларидир. Аллоҳ таоло жамиятдаги бошқа шахсларнинг етимларга бўладиган муносабати, уларнинг мол-мулкларига оид ҳукмларни ҳам Қуръони каримда ва Ўз пайғамбари Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифлари орқали баён қилиб берган.
Мусулмон жамиятининг етимларга кўрсатадиган биринчи эътибори, етимларнинг дилини оғритмаслик, уларнинг ҳаққини емаслик ва улар балоғат ёшига етгандан кейин, уларнинг мол-мулкларини ўзларига қайтариб беришдир. Бизнинг диёрларда етим-есирларга алоҳида ғамхўрлик қилиш, уларнинг бошини силаш улкан савоб экани, етимнинг ҳаққини ейиш оғир гуноҳ эканлиги каби тушунчалар халқимизнинг қон-қонига сингиб кетгандир. Бизнинг ота-боболаримиз олийжаноб ислом динимизнинг таълимотига амал қилиб, етимлар, моддий-маънавий кўмак ва ҳимояга муҳтож бўлганларга меҳр-мурувват улашиб, керак бўлса уйларидан жой берганлари фахрланса арзигулик ишдир.
Етимни кафолатига олишнинг фазилати, унга бериладиган савобларнинг улуғлиги ҳақида Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
“Етимни ўз қарамоғига олган киши жаннатда мен билан мана шундай ёнма-ён турамиз”, — деб кўрсаткич ва ўрта бармоқлари орасини очиб кўрсатдилар” (Имом Бухорий ривоятлари).
Етимларга ғамхўрлик қилиш борасида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Мусулмонларнинг уйи ичида энг яхшиси етимга яхши муносабатда бўлган уйдир. Мусулмонларнинг уйи ичида энг ёмони етимга ёмонлик қилинадиган уйдир”, — деганлар (Имом Бухорий ривоятлари).
Етимни ўз қарамоғига олишга ҳақлироқ киши аввало, унинг энг яқин қариндошларидир. Чунки, бошқаларга қараганда қариндошлари, яқин кишилари етимга нисбатан мушфиқ ва меҳрибонроқ бўлади.
Шариатимиз етимларнинг таъминотини, агар унга мол мерос қолган бўлса, ўшандан, мол қолмаган бўлса, яқин қариндошларининг маблағидан таъминланиши белгилаб қўйилган. Масалан, етимни бобоси ёки балоғатга етган акаси, ёки амакиси етимни моддий жиҳатдан таъминлаш вожиб бўлади.
Яқин қариндошлардан ташқари етимларни қарамоғига олмоқчи бўлганлар, уларни ўз қариндошлари даврасида (масалан, бобо ва бувилари) қолдириб, ҳомийлик қилсалар яна ҳам яхшироқ бўлади.Атрофимиздагиларга эътиборли бўлиб, қийин аҳволда қолган етимлар ва бева-бечоралардан хабардор бўлиб туришимиз, уларга озми-кўпми қўлимиздан келганча ёрдам бериб туришимиз динимиз тарғиботи ва одамийлик талабидир. Аллоҳ таоло бизни бахилликдан сақлаб, саховатли кишилардан қилсин!
(Манба: Жума мавъизаси).
О.Исмоилов Сариосиё туман
Имом Низомиддин Сангардакий жоме масжиди Имом хатиби