Муқаддас динимиз курсатмаларида инсон дунё ва охират саодатига мушарраф булиши учун ,чиройли хулқ соҳиби булиши лозим.Инсонниг ташқи кўриниши гўзал бўлгани каби унинг ички кўриниши ҳам шунчалик гўзал бўлиши муҳимдир.Аллоҳ таоло каломи  Қуръони каримда:

“Батаҳқиқ, Биз инсонни энг яхши суратда яратдик”, деб марҳамат қилган.

Демак  инсон шу гўзал суратда қолишга ҳаракат қилиб яшаши керак. Бунинг учун у ҳусни хулқ эгаси бўлиши зарур. Ҳусни-хулқ ўзи нима? Ва уни қаердан ҳосил қилиш мумкин? Албатта, ҳусни-хулқ соҳиби бўлиш учун барча гўзал одоб-ахлоқлар соҳиби Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг хулқи ва одобларини ўрганиш мақсадга мувофиқдир.

Аллоҳ таоло у зотнинг хулқларини мақтаб: “Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз!” – деди. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳам муборак ҳадисларида шунга ишора қилиб, “Аслида, мен олийжаноб хулқларни камолига етказиш учун юборилгандирман”, дея марҳамат қилган эдилар

Шундай экан, ҳар бир мусулмон бандасига пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари ҳақида чуқур билимга эга бўлишлари лозим бўлади. Ҳар бир амалнинг асосида илм бўлганидек, ҳусни хулқ эгаси бўлишликнинг ҳам замирида илм туради. Ким агар илм талабида бўлса Аллоҳ уни яхши кўради ва Аллоҳ яхши кўрган бандасини динда фақиҳ (билимдон) қилиб қўяди.

Шулардан хулоса қилиб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари ва суннатлари ёзилган манбаларни қунт билан ўрганиб, у зотнинг бебаҳо суннатларига амал қиладиган бўлсак, Аллоҳ таолонинг севимли бандаларидан бўлишимиз, яъни фақиҳ бўлишимиз, шу билан бирга ҳусни-хулқ эгаси бўлишимиз мумкин экан. Бундан ташқари илм ўрганишда эътиборли бўлиб, дунё ва охиратда фойдаси бор илмларни ўрганишимиз мақсадга мувофиқ бўлади.

Ҳасан Басрий роҳматуллоҳи алайҳи айтади: “Одамлар, илмни эгалланглар ва илм олиш учун сокин, мулойим, виқорли бўлинглар, таълим олаётган ва бераётганларга тавозули бўлинглар. Олимлик билан фахрланманглар, аҳмоқлар билан тортишманглар ва илм билан амирларга аралашиб кетманглар. У билан Аллоҳнинг бандаларидан ўзингизни баланд тутманглар, агар ундай қилсангиз, Аллоҳнинг ғазабида қолган, жаҳаннамга юзтубан ташланадиган зулмкор уламолардан бўлиб қоласизлар. Илмнинг Аллоҳга ибодатда халал бермайдиганини талаб қилинглар, шунингдек, Аллоҳга ибодат қилинг, илмларингизга зарар бермайдиган бўлсин. Илм фойда бермайди, магар юқоридаги гапларга амал қилинсагина фойда беради. Илмни ташлаб, фақат ибодатга юз тутган қавмдек бўлманглар. Уларнинг терилари баданларига ёпишиб кетса ҳам, одамларни олдига қилич билан чиқадилар. Агар улар илмни талаб қилсалар эди, илмлари қилган ишларидан тўсган бўларди”.

Агар айтилгандай фойдали илмларни эгаллаб, ҳусни-хулқимиз билан инсонларга ўрнак бўлсак, айниқса ҳозирги вақтда ҳисобсиз, ҳар-хил ахборотлар қаршисида гангиб қолган ёшларимизни тўғри йўлга бошқарсак, мусулмонлик бурчимизни бажарган бўламиз.

Аллоҳ таоло барчамизни севимли пайғамбаримиздек ҳусни-хулқ эгаси бўлиб ва Ўзи яхши кўрганидек илм соҳиби бўлишлигимизни насиб қилсин!.

О.Исмоилов Сарисиё тумани
«Имом Низомиддин Сангардакий «жоме масжиди имом-хатиби

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here