Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Беш нарсани беш нарса келишидан олдин ғанимат бил: Қариликдан олдин ёшликни, касал бўлишдан олдин саломатликни, фақирликдан олдин аввал бойликни, машғулликдан олдин бўш вақтни ва ўлимдан олдин ҳаётни” деб марҳамат қилганлар. (Бухорий ва Ҳаким ривояти).

Ёшлик умрнинг бир бўлаги, лекин уни бошқа даврлардан ажратиб турувчи ўзига хос тарафи бор. У ғайрату шижоат билан бирга ўткинчи ҳавасларга ҳам тўла фасл. Муоз ибн Жабалдан ривоят қилинишича: Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Банда қиёмат куни тўрт ҳислатдан сўралмагунча бир қадам ҳам олдинга силжий олмайди. Биринчиси-умрни нима билан ўтказгани, иккинчиси-ёшлик даврида нима билан машғул бўлгани, учинчиси-мол-дунёни қай йўсинда сарфлагани, тўртинчиси-илмга қандай амал қилгани” (Имом Доримий).

Демак умр ғанимат фасл экан. Ёшларимиз бундан унумли фойдаланиб қолишлари керак. Бугун уларнинг илм олиши, касб-ҳунар эгаллашлари учун барча шароит ва қулайликлар муҳайё. Албатта, эртасини ўйлаган, вақт қадрини билан ёшларимиз умрнинг ғанимат фаслини беҳуда совурмайди. Минг афсус баъзан кўчада вақтни фойдасиз ишларга сарфлаб, телефонга, компьютерга термулиб беҳуда фойдасиз сайтларда ҳам кўз нурини, ҳам олтинга тенг вақтини беҳудага ўтказиб юрган ёшларни кўрамиз. Улуғ тобеъинлардан Ҳасан Басрийнинг бундай сўзлари бор: Шундай зотлар бўлган, сизлар дирҳам-динорларингизга ҳарис бўлганингиздан кўра улар вақтларига қаттиқроқ ҳарис эдилар….Одам боласининг ҳар бир куни қуйидаги сўзларни айтиб ўтади: “Эй одам боласи, мен янги кунман ва қиладиган амалингга гувоҳман. Агар ўтиб кетсам, қайтиб келмайман. Ҳоҳлаган ишингни қил. Унинг самарасини қариганингда топасан ва ҳоҳлаган ишингни кечиктир, у сенга асло қайтиб келмайди”.

Биз учун умримиз неча кундан иборатлиги эмас, балки бугунги кунимизда, айни лаҳзаларда қандай яшай олишимиз муҳим. Бугунимизни ҳозиримизни қандай ўтказишимиз аҳамиятли. Зеро лаҳзанинг умри асрга тенг бўлиши мумкин. Умр яшаган фурсат билан эмас, балки ана шу вақт ичида қилинган яхши амаллар савобли амаллар билан мазмун топади.

 

 Олтинсой туман “Раҳмонберди хожи” жомеъ масжид имом-ноиби            Х.Эрназаров

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here