“Ақида” сўзи луғатда икки нарсани бир-бирига боғлаш, тугун маъносини англатади.

Диний истилоҳда эса, қалб билан соф диний таълимотни бир-бирига мустаҳкам боғлаш, ишонишни айтилади.

Расуллар умматларини аввало соф ақидага яъни, Аллоҳ таоълонинг борлиги, бирлигини тасдиқ этиш, унга нолойиқ бўлган барча сифатлардан пок эканига ишониш, охират куни, ҳисоб-китоб, жаннат-дўзах ҳақлигига имон келтиришга даъват этган.

Ҳамма пайғамбарларнинг ақидалари бир бўлиб, шариатлари ҳар хил бўлган. Ақида бир неча нарсалардан ташкил топган бўлиб, уни яни ақидасини қалбга мустаҳкам ўрнатиб олиши ва унга қалб ҳеч қачон гумон қилмаслиги ҳамда қалб унга ҳақиқий ишониши керак.

Ақийда борасида бизларга буюк сахобалар ўрнак бўлади. Мисол учун Ҳарати Али розияллоҳу анҳунинг эътиқодлари шунчалик мустаҳкам эдиларки, уни ҳеч нарса ўзгартира олмас экан. Ўзлари ақидалари ҳақида шундай деган эканлар:

«Агар парда кўтарилиб Аллоҳнинг жамолини кўрсам  ҳам иймоним заррача ўзгармайди». Демак у зотнинг иймонлари Аллоҳнинг жамолини очиқ кўрган кишининг даражасида бўлган эканлар.

Ақидасиз кишининг ҳаёти ҳаёт эмас. Ақидасиз умр жуда оғир ва маъносиз  бўлади. Ақида билан ўтган умр эса жуда яхши, лаззатли ва маъноли бўлади. Бундай дейишимизнинг бир неча сабаблари бор:

Баъзилар одамда руҳ йўқ, фақат танадан иборат дейди. Лекин одамнинг танасида албатта руҳ бор. Чунки одам вафот этганида рух танадан чиқиб кетади ва тана жонсиз қолади.

Танамизни еб-ичиб қувватлантирганимиз каби руҳимизни ҳам худди шундай озиқлантиришимиз керак.

Кишининг ақидаси қанчалик тўғри ва мустаҳкам бўлса, унинг қалби ҳам шунчалик тинч ва хотиржам бўлади. Аммо кишининг ақидаси қанчалик бузуқ ва нотўғри бўлса, унинг қалби ҳам шунчалик нотинч ва ташвишда бўлади.

Аллоҳ таоло инсонга тўғри ва нотўғри йўлни кўрсатиб қўйди. Ким тўғри йўлда бўлса, азобдан қутулади. Ким нотўғри йўлда бўлса, азобда қолади.

Агар кишининг ақидаси тўғри бўлса, у ҳаётида ҳайрон қоладиган саволларга йўлиққанда, шу саволларга тўғри жавоб бера олади.

Масалан: Мен кимман? Мени ким яратди? Нима учун яратди? Шу каби саволларга ақидаси соф одам тўғри жавоб бера олади. Ёки ибодат нима? Ибодатни кимга қилади? Амали солиҳ нима? ва ҳоказо саволларга ҳам тўғри жавоб топади.

Ҳазрат Сўфи Аллаёр «Саботул-ожизин» китобида шундай деган:

«Ақида билмаган шайтона элдир,

Агар минг йил амал деб қилса елдир»

Демак мусулмон киши энг аввал эътиқодини тўғрилаб олиши лозим экан чунки нотўғри этиқод билан қилинган ибодатлар, амали солихлар, хайру эхсонлар ҳеч нарса эмас экан.  Бизларга салафи солихинлар, тобиъийн ва табъа тобиъийнлар тутган йўл, яни бир сўз билан айтганда «Аҳли-сунна валжамоъанинг» йўли ақийда борасида кўрсатган кўрсатмалари етарли бўлади.

 Ў.Алимов

Бойсун тумани «Саид Баҳромхон» жоме масжиди имом хатиби

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here