Муқаддас ислом дини одоб ахлоқ, меҳр-муҳаббат ва инсонпаварликдек гўзал ғояларни ўз ичига олганлиги cабабли турли замонларда одамлар бу диндан турлича фойдалана бошладилар. Кимдир дунё ва охиратининг манфаати учун фойдаланган бўлса, кимдир  ўзини ғаразли мақсадларини ўзининг моддий ё ботил ғоясини амалга оширилган. Ушбу ботил ғоя ва ақидаларни сезган улуғ зот ва алломаларимиз ўз замоналарида мазкур тоифаларнинг йўлини тўсмоқ учун ўз билим ва маҳоратларини ишга солиб кўп натижаларга эришдилар ва муқаддас ислом динимизни бизгача тоза ва соф етказиб бериш бахтига мушарраф бўлдилар. Юртбошимиз айтганларидек «бефарқ ва лоқайд бўлиб панжа ортидан қараб ўтирадиганлардан бўлсак, келажак авлод ҳаққини поймол қилиб улар олдида жавобгар бўлиб қолишимиз муқаррар бўлади». деганлар.

Бугун дунёнинг баъзи бир мамлакатларида турли тоифа ва ақидапарастлар ўз ғаразли ғояларини амалга ошириш учун ислом дини ниқоби остида амал қилиб, ўқлари нишонга етмоқ учун Қуръони карим оятларини ўз манфаатлари йўлида тафсир қилмоқдалар. Зеро ҳадисда келганки: «Қуръонни ким ўз фикри билан тафсир қилса жойини жаҳаннамдан таййёрлаб қўйсин».дейилган. Шунингдек Қуръони каримда шундай оятлар мавжудки, уларнинг маъноларини Парвардигордан бошқа ҳеч ким билмайди деб Қуръонда таъкидланган. Юқорида таъкидлаб ўганимиздек бугунги янги фирқалар Қуръони карим ва ҳадисларни кўр-кўрони таъвил қилиб, тинч ҳаёт кечириб турган жамиятни ҳалокат гирдобига тортмоқдалар.

Аллоҳ таоло шундай кимсалардан огоҳ бўлмоғимиз учун қуйидаги оятни Қуръонда келтириб марҳамат қилади: «Бу Китода (Қуръонда) маъноси аниқ ва равшан оятлар ва ҳам муташобиҳ (тушиниши қийин бўлган) оятлар ҳам ўрин олгандир. Энди дилларида ҳақ йўлдан оғиш бўлган кимсалар одамларни алдаб фитнага солиш ва ўз ҳавои нафсларига мувофиқ тафсир қилиш учун Унинг муташобиҳ оятларига эргашадилар,- Ҳолбуки, ундай оятларни таъвилини ёлғиз Оллоҳгина билур…..» деб баён қилинган. (Оли Имрон 7-оят). Мазкур оят хусусида Пайғамбаримз (алайҳиссалом) бундай деганлар: «Бир қавмнинг Қуръон оятлари устида таъвил қилиши, уларнинг хатога йўл тутишига сабаб бўлади ва улар фитнага йўл тутади сўнгра улар Қуръондан муташобиҳ оятларига эргашадилар. Бу ҳол уларни ҳалокатга олиб боради».(Қатода ривояти). Мазкур оят ва ҳадиси шарифлардан хулоса чиқариб шуни айтиш мумкинки, бугун дунёда ўз қабиҳ амаллари билан хавф солаётган ҳар хил оқим ва иллатлар мавжудлигидан барча юртдошларимиз огоҳ бўлмоқлари лозим.

Пайғамбаримиз саллолоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларидан бирида: « Ким эрта уйқудан туриб оиласига тинчлик ва аҳли оиласини сиҳат ва саломат топса ҳамда фарзандлари учун бир кунлик егули нарсаси бўлса билсинки, у энг бой ва бахтли инсондир». Яна бошқа бир ҳадисда: «Менинг умматим икки неъматнинг қадрига вақтида етмайди. Бири тинчлик иккинчиси эса сиҳат ва саломатликдир». дейилган. Шунинг учун бугунги тинчлик ва хотиржамлигимизга шукр қилиб, ушбу улуғ неъматни авайлаб асраш ҳар бир фуқаронинг бурчи эканлигини асло унутмаслигимиз лозим. Бугунги кундаги ҳар хил оқим ва иллатларнинг пуч ғояларига учмасдан, тўғри йўлдан адашмаслигимиз ҳамда ёшларимизни ҳам уларнинг тузоғига тушиб қолишидан асрашимиз ва албатта жаҳолатга қарши маърифат билан курашмоғимиз лозимдир.

 

Олтинсой туман бош имом хатиби   М.Маматқулов

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here