ЎЗБЕКИСТОН ВА АФҒОНИСТОН ДИНИЙ УЛАМОЛАРИ ИШТИРОКИДА ТАШКИЛ ЭТИЛГАН ДАВРА СУҲБАТИ ЯКУНЛАНДИ

Бугун Афғонистон Ислом Республикаси делегациясининг Ўзбекистон Республикасига ташрифи доирасида Термиз шаҳридаги Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказида “Имом Термизийнинг ҳадис илми ривожига қўшган ҳиссаси” мавзусида бошланган давра суҳбати ўз ниҳоясига етди.

Давра суҳбатида Афғонистон Ислом Республикаси Олий миллий ярашув кенгаши раиси маслаҳатчиси, Миллий бирдамлик партиясининг Шимолий ҳудудлар бўйича раҳбари Муҳаммад Муҳсин Донеш, Балх вилояти ҳаж ва вақф бошқармаси бошлиғи Маҳмуд Донешжу Муҳаммад Бунёд, Афғонистон шимолий ҳудудлари шиа мазҳаби уламолар кенгаши раиси Саид Муҳаммад Саид Муҳсин Ҳусайний, Афғонистон уламолар кенгаши аъзоси Абдулваҳҳоб Абдулбосит Пайғомий, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари Ўткир Ҳасанбоев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Акмалхон Шокиров, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шукурилло Умаров, Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази ўқитувчилари ва талабалари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва бошқалар иштирок этишди.

Даставвал, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шукурилло Умаров сўзга чиқиб, тадбирни очиб берар экан, Имом Термизий ва термизий уламоларнинг бой илмий меросини ўрганишда тадқиқот марказининг тутган ўрни ҳамда аҳамиятига алоҳида тўхталиб ўтди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков сўзга чиқиб икки мамлакат уламоларининг ушбу учрашуви қадим илмий анъананинг давоми эканлигини, Марказнинг ташкил этилганига кўп бўлмаган бўлса-да, бу ердаги илмий ходимлар томонидан термизийларнинг кўплаб асарлари таржима қилингани, яқин йилларда Термизда диний олий таълим муассасаси ташкил қилиниши, Афғонистон уломалари ва ёшлари билан илмий алоқаларнинг давом этишинини маълум қилди.

Давра суҳбати давомида Муҳаммад Муҳсин Донеш сўзга чиқиб муҳаддис олим Имом Термизий ҳақида гапирар экан олимни, “нафақат ўзбек халқи балки бутун башариятнинг ифтихоридир” дея таърифлади. Шунингдек у “Ўзбекистон халқи қадим ва буюк маданиятнинг меросхўрлари, Имом Бухорий, Имом Термизий каби олимлар ҳамда Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби улуғ давлат арбобларининг давомчилари эканлиги, энг асосийси Президент Шавкат Мирзиёев ана шундай буюк халқнинг бахтли раҳбаридирлар” дея таъкидлади. Шунингдек Муҳаммад Муҳсин Донеш Термизий уламоларнинг ислом тамаддумига қўшган улкан ҳисасасини асрлар давомида дунё халқлари учун маънавий озуқа бўлиб, турли диний ихтилофларни юзага чиқишини олдини олиб келаётганлигини алоҳида қайд этди.

Шу билан бир қаторда Балх вилояти ҳаж ва вақф бошқармаси бошлиғи Маҳмуд Донешжу Муҳаммад Бунёд Имом Термизийнинг ҳадис илми ривожига қўшган ҳиссаси, олимнинг устозлари ва шогирдлари ҳақидаги ноёб маълумотларини йиғилганлар билан ўртоқлашди. У тарихдан Термиз шаҳринининг ислом тамаддунида ўзига кўприк вазифасини бажарганини, ушбу анъанани тиклаш йўлида Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан ташкил этилган Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, “Имом Термизий” номидаги ўрта махсус ислом билим юртининг фаолиятини юқори баҳолади.

Афғонистон шимолий ҳудудлари шиа мазҳаби уламолар кенгаши раиси Саид Муҳаммад Саид Муҳсин Ҳусайний ҳам Ўзбекистонда олиб борилаётган диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни юқори баҳолаб “Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази термизий алломалар ҳаёти ва меросини ўрганишда ҳамда турли адашган гуруҳларга қарши ғоявий курашда асосий дорулфунун вазифасини бажаради” деди.

Афғонистон уламолар кенгаши аъзоси Абдулваҳҳоб Абдулбосит Пайғомий, ўзбек тилида маъруза қилиб, Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида илмий маърифий алоқаларнинг ривожланиб бораётгани ҳамда дўстлик ришталарининг мустаҳкамланишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг алоҳида ўрни борлигини таъкидлади. Айниқса ҳозирги кунда диний ақидапарастликка қарши курашда Афғонистон ва Ўзбекистон уламоларнинг ўзаро ҳамкорлиги долзарб аҳамият касб этишини қайд этди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари Ўткир Ҳасанбоев сўзга чиқиб “Имом Термизий меросининг мазмун-моҳиятини очиб бериш, унинг тарбиявий аҳамиятини кенг ёйиш ҳамда халқларимиз, айниқса, ёш авлодни ёт ғоялардан ҳимоя қилиш, миллатараро тотувлик, яхши қўни-қўшничилик фазилатларини тушунтириш каби масалалар бугунги куннинг энг устувор вазифалари бўлмоқда. Келгусида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, диний-маърифий мавзуларга бағишланган мулоқотларни кўпайтириш, Ислом динининг “Жаҳолатга қарши маърифат” ғояларини кенг тарғиб этиш зарурдир”, деди.

Тадбир давомида Ўзбекистон ва Афғонистон уламоларининг ўзаро илмий ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, давра суҳбатида Термиздаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази талабалари ҳам сўзга чиқиб уларнинг таълим олишлари учун яратилаётган кенг имконият ва қулай шароитлар учун Ўзбекистон ҳукуматига ўз миннатдорчиликларини билдиришди.

Тадбир якунида Афғонистон ва Ўзбекистон диний соҳа вакиллари ўзаро эсдалик совғаларини улашишди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Сурхондарё вилоят вакиллиги Матбуот хизмати

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here