Қадр кечасининг фазилати!
Салмон ал-Форисий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “…У (Рамазон) унинг аввали раҳмат, ўртаси мағфират, охири дўзахдан озод қилиш бўлган ойдир….”, деганлар. Байҳақий ривоят қилган. Рўзадорлар биринчи ўн кунликда Аллоҳнинг раҳматига сазовор бўлиб, иккинчи ўн кунликда гуноҳлари мағфират қилиниб, учинчи ўн кунликда эса, дўзахдан озод қилинади. Шунинг учун, ҳар ким бу улуғ кунларни ғанимат билиб, фойдаланиб қолиш лозим. Мўмин мусулмонлар Муборак Рамазон ойини «Раҳмат» даҳаси бўлган биринчи ўн кунликни ва «Мағфират» даҳаси бўлган иккинчи ўн кунликни рўзадорлик ва тоат-ибодатлар билан ўтказиб, жаҳаннам оловидан озод бўладиган охирги даҳасида “Лайлатул қадр”, яъни Қадр кечасини кутиб олишга киришадилар. Улар Қадр кечасида ҳар доимгидан ҳам бедор бўлиб, бу улуғ кеча фазилатидан баҳраманд бўлишга ҳаракат қилиб, кечаси минг ойдан афзал бўлган бу кеча барокотларидан насибадор бўлиш орзусида бўладилар. Бу кечада шу йилдан келгуси йилгача бўладиган ишлар, ҳукмлар, ризқлар, ажалларнинг миқдори ўлчанади. Аллоҳ таоло бир йиллик тақдирни фаришталарга билдиради ва бу йил тақдир қилинган нарсаларни уларга ёзиб қўймоқликни амр этади..Зеро Қадр кечаси ва унинг фазилати тўғрисида Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: Қадр сурасида; “Албатта, Биз уни (Қуръонни “Лавҳул-маҳфуз”дан биринчи осмонга) Қадр кечасида нозил қилдик. (Эй, Муҳаммад!) Қадр кечаси нима эканини Сизга не ҳам англатур?! Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир. У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (Жаброил) Парвардигорларининг изни билан (йил давомида қилинадиган) барча ишлар (режаси) билан (осмондан ерга) тушарлар. У (кеча) то тонг отгунича саломатликдир”. Аллоҳ таоло Духон сурасининг 3-4 ояти каримасида шундай марҳамат қилади:«Албатта, Биз уни муборак кечада нозил қилдик. Албатта, Биз огоҳлантиргувчи бўлдик. (Ушбу оятда зикр этилаётган, Қуръон нозил қилинган кеча муборак Рамазон ойининг кечаларидан бири бўлмиш «Лайлатул қадр»дир. Бу кеча, дунё тарихидаги энг муборак кечадир. Чунки, бу кечада Аллоҳ таолонинг охирги, баркамол ва бутун инсониятга қиёмат кунигача саодат йўлини кўрсатиб берувчи китоби туша бошлаган.» Бу кунларнинг фазилати сабабли Аллоҳ таоло бандаларини дўзахга киришдан озод қилади. Рамазоннинг охирги ўн кечалари ичида “Қадр” кечаси бор. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган: Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қадр кечасини Рамазоннинг охирги ўнлигидан қидиринглар”, дедилар. ” (Бухорий (2017), Муслим (1167) ривояти). Демак, бу ўн кун кечаларининг бирида Қадр кечаси борлиги сабабли бу ўн кун бошқа кунлардан фазилатли бўлди. Ким Қадр кечасининг фазилатига эга бўлмоқчи бўлса, Рамазонинг охирги ўн кечаларини ибодатлар билан бедор ўтказиши лозим бўлади. Қадр кечаси охирги ўн кунликнинг тоқ кечаларида эканига Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадис далил бўлади. Унда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Қадр кечасини рамазоннинг охирги ўн кунлигининг тоқ кечаларидан излангиз. Энди қадр кечасининг кўчиб юриши масаласига келсак, дарҳақиқат, бу кеча рамазоннинг йигирма биринчи, йигирма учинчи, йигирма бешинчи, йигирма еттинчи ва йигирма тўққизинчи кечаларига тўғри келиши тўғрисида ҳадислар келган. Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам жумладан шундай дейдилар: “Менга бу кеча (яъни қадр кечаси)нинг вақти тушимда кўрсатилди, сўнг унуттирилдим. Шундай экан, уни охирги ўн кунликдан — ҳар бир тоқ кечалардан изланглар. Дарҳақиқат, тушимда (бу кечанинг тонгида) сув ва лойда сажда қилаётганимни кўрдим”. Абу Саид Худрий айтади: “Ўша кечаси шаррос ёмғир ёғди. Йигирма биринчи кечада масжид томидан Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам намозгоҳига чакка ўтди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни ўз кўзларим билан кўрдим, бомдодни ўқиб қайтар эканлар, у зотга қарадим, юзлари лой ва сувга беланган эди” (Бухорий , Муслим , Абу Довуд , Насоий ривояти).
Қуръони карим қадр кечасида нозил бўлди. Аллоҳ таоло айтади: “Албатта, Биз Қуръонни қадр кечасида нозил қилдик”, “Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир” (Қадр сураси 1-3оят). Бу кечада малоикалар ва Жаброил алайҳиссалом ерга тушишади. Аллоҳ таоло айтади: “У кечада фаришталар ва Руҳ (яъни Жаброил алайҳиссалом) Раббиларининг изни ила (йил давомида қилинадиган) барча ишларни (осмондан заминга) олиб тушадилар” (Қадр: 4оят). Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Қадр кечаси йигирма еттинчи ёки йигирма тўққизинчи кечадир. Бу кечада (осмондан) ерга тушган фаришталар сони тошларнинг сонидан ҳам кўпроқдир” ( Ибн Хузайма ривояти). Бу кеча тинчлик ва омонлик кечасидир. Аллоҳ таоло айтади: “У кеча то тонг отгунича тинчлик ва омонликдир” (Қадр: 5). Бу кеча ҳар қандай ёмонликлардан холи бўлиб, унда фақат тинчлик ва омонлик бўлади. Бошқа бир фикрда айтилишича, бу кечада фаришталар мўминларга салом айтади, омонлик тилайди, бу кечада шайтон ёмонлик қилишга қодир бўлмайди. .Қадр кечаси муборак кечадир. Аллоҳ таоло айтади. Бу кечада бир йиллик ишлар белгиланади. Аллоҳ таоло айтади: “У кечада (то кейинги йил шу пайтгача юз берадиган) барча ҳикматли, пухта ва мустаҳкам ишлар (фаришталарга) батафсил баён қилинади” (Духон: 4) Бу кечада иймон ва ихлос билан тоат-ибодат қилганнинг ўтган гуноҳлари кечирилади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Кимда ким қадр кечасини (унинг ҳақ эканига) иймон билан ва холис Аллоҳдан ажр умид қилган ҳолда тоат-ибодат билан ўтказса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади” (Бухорий , Муслим , Абу Довуд , Термизий ривоят қилишган). Қадр кечасида тоат-ибодатга қаттиқ киришиш мустаҳабдир . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Кимда ким қадр кечасини (унинг ҳақ эканига) иймон билан ва холис Аллоҳдан ажр умид қилган ҳолда тоат-ибодат билан ўтказса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади” (Бухорий , Муслим , Абу Довуд , Термизий , ривоят қилишган). Ойша розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўради: “Айтингчи, қадр кечасига тўғри келиб қолсам, нима деб дуо қилай?” Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ё Аллоҳ, албатта Сен афв қилишни яхши кўрадиган афв қилувчи зотсан. Шундай экан, мени афв қил”, дегин” (Саҳиҳ: Термизий , Ибн Можа , Аҳмад ), ривояти. Ривоят қилинишича, бир куни Мусо (а.с.) Аллоҳ таолога нидо қилиб: “Илоҳо, сенинг яқинлигингни билишни истайман”, — деди. Аллоҳ таоло: “Мен Қадр тунида уйғоқ бўлганларга яқиндирман”, — деди. Мусо (а.с.) яна: “Илоҳо, сенинг раҳматингнинг орзусидаман”, — деди. Аллоҳ таоло: “Менинг раҳматим Қадр кечасида мискинларга раҳм қилганларгадир”, — деди. Мусо (а.с.): “Илоҳо, сирот кўпригидан яшиндек ўтишни истайман”, — деганларида, Аллоҳ таоло: “Қадр кечасида фақирларга садақа берганларни олдинроқ ўтказаман”, — деди. Мусо (а.с.) нидоларини давом этиб: “Илоҳо, жаннат боғларида бўлишни ва уларнинг мевасидан тановул қилишни истайман”, — деди. “Қадр кечасида тасбеҳ айтиб, Мени зикр этиш билан машғул бўлганлар жаннат боғларига сазовор бўлишади”, — деди Аллоҳ. Мусо (а.с.): “Илоҳо, дўзахдан нажот топишни истайман”, — деганларида, Аллоҳ таоло “Қадр кечасида истиғфорни кўп айтганлар дўзахдан нажот топадилар”, — деди. Мусо (а.с.) яна илтижо қилиб: “Илоҳо, сенинг розилигингни топишни истайман”, — деганларида, Аллоҳ ҳақ субҳанаҳу ва таоло: “Эй Мусо, Менинг розилигимни қадр кечасида икки ракъат нафл намоз ўқиганлар топадилар”, — деди (“Зубдатул воъизин” китобидан). , Рамазон ойининг ҳар бир куни ва туни улуғдир. Шунинг учун ҳам бизлар мана бу кунларни ғанимат билган ҳолда, унда ибодат ва рўзалардан ташқари бошқа хайрли ва савобли ишларга ҳам кўпроқ эътибор қаратишимиз, кексаларни зиёрат қилиб дуоларини олишимиз, ночор оилалар бўлса уларга ҳам эътиборли бўлишимиз, ҳожатмандларнинг ҳожатларини чиқаришга ҳаракат қилишимиз ва шу каби савобни кўпайтирувчи ишларга интилишимиз,керакдир. Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзи рози бўладиган амалларни қилишимизда мададкор бўлсин! Илоҳо, барчаларимизнинг ожизона тутаётган рўзаларимиз, хатми қуръонларимизни, хайру эҳсонларимизни даргоҳида қабул этиб, Лайлатул Қадр кечасининг файзу барокатли айласин!
ЎМИ Сурхондарё вилояти вакилининг хотин—қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Хосият Касимова