Аллоҳ таборак ва таоло ўзининг каломида: «Ер юзидаги жонзот борки уларнинг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир «деб марҳамат қилган.
Ризқнинг лўғавий маъноси «кунлик овқат», «улуш», «ином» каби маъноларни англатади.Ер юзидаги қимирлаган жонзотларнинг ризқини етказиб туриши Аллоҳ таолонинг фазли карами ва эҳсондир.Ҳар бир жонзотнинг ризқини Аллоҳ таоло азалдан белгилаб қўйган.
Сўфи Оллоҳёр бобомиз қисқа сатрларда баён қилиб берганлар.
Қидирғон бирла ризқинг қатра тошмас
Кетар қадринг қадрдин ҳаргиз ошмас
Белгилаб қўйилган ризқ Зиёда ва кам бўлмайди,барча жонзотлар ўзига қанча ризқ белгиланган бўлса ўшани олмасдан қолмайди,албатта тўлиқ олади.Ҳар бир махлуқотнинг ажали белгиланганидек ризқи ҳам белгиланган. Пайғамбаримиз (с.а.в) муборак ҳадиси шарифларида айтадиларки:Нажот топди бир одамки мусулмон бўлди ва ўзига етадиган ризқ ҳам берилди ва Аллоҳ таоло ўз берганига қаноат қиладиган ҳам қилиб қўйди.Мусулмон бўлган ўзига етадиган ризқи ҳам берилган, ва ўша ризққа қаноат қилган банда нажот топди деганлар.Инсоннинг нафаси ҳам кийими ва барча истеъмол қилган нарсаси ҳалол бўлсин ҳаром бўлсин унинг ризқи ҳисобланади.Чунки «Ақоид» китобларимизда «ҳалол» ҳам «ҳаром» ҳам ризқ дейилган.
Ризқ Аллоҳ таоло томонидан ато этилишига нисбатан асло харом дейилмайди,балки банда уни ман қилинган йўл орқали истеъмол қилгани учун, дунё ва охиратда ўзига зарар келтиргани учун харом дейилади.
Шу ўринда харом ҳам Аллоҳ таоло томонидан берилган ризқ экан нега уни еган одам жазо олиши керак? -деган савол пайдо бўлиши мумкин: бу саволга жавоб қуйидагича бўлади: Харомни еган инсон халолни қўйиб харомни танлагани учун жазоланади.Чунки Аллоҳ таоло мутлоқ ризқни ваъда қилган ва бандаларига ҳалол йўл билан топишга буюрган.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда «Бақара» сурасининг 168- оятида:
«Эй одамлар Ердаги ҳалол пок нарсалардан тановвул қилингиз» деб марҳамат қилган.
Агар банда шайтонга ва нафси ҳавога эргашиб Аллоҳ таоло буюрган ҳалол йўлдан ризқ топишга уринмасдан ҳаром йўлдан ризқ топишга уринса Аллоҳ таоло ўша йўлдан ҳам унга эриштириб қўяверади. Лекин буйруғини бажармасдан ман этилган йўлни танлагани учун жазога гирифтор бўлади.
Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳадиси шарифларда шундай деб марҳамат қилганлар: Эй одамлар ҳеч бирингиз ризқингизни мукаммал олмагунингизгача ўлмайсиз.
Ризқга шошилманглар Аллоҳ таолодан қўрқинглар чиройли талаб қилинглар сизларга нима ҳалол қилинган бўлса уни олинглар ва Аллоҳ ҳаром қилган нарсадан тийилинглар деганлар.
Ҳакимлар айтадилар: Одамлар беш тоифага бўлинади.
Биринчи тоифа : Ризқни касбдан деб билади — улар Кофирлардир.
Иккинчи тоифа : Аллоҳдан ва касбдан деб билади- улар Мушриклардир.
Учинчи тоифа : Унга ризқ бериладими берилмайдими билмайди — улар Мунофиқлардир.
Тўртинчи тоифа : Ризқини Аллоҳдан деб билади аммо касби туфайли гуноҳ қилади ва Аллоҳнинг ҳаққини адо этмайди — улар Фосиқлардир
Бешинчи тоифа : Ризқини Аллоҳдан деб билади,касбини сабаб кўради,ҳаққини адо этади,ва Аллоҳга осийлик қилмайди- улар МЎМИНЛАРДИР.
Али розияллоҳу анҳу: » Сендан ризқ сўраш талаб қилинмаган сенга жаннат сўраш амр қилинган » деб айтганлар. Инсон эса сўраш талаб қилинган нарсани тарк қилиб, тарк қилиши буюрилган нарсани талаб қилади,мана шу кўп одамларнинг муаммосидир.
✍️✍️Қумқўрғон тумани «Шох Машраб» жоме масжиди имом- ноиби Б.Умидуллаев
© O’zbekiston musulmonlari idorasi Surxondaryo viloyat vakilligi Matbuot xizmati
Web-sayt: www.surxonmuslim.uz