“Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар.

У- хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик”.

Демак, тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таъолонинг беҳисоб бўлган буюк илоҳий неъматларидан биридир. Қолаверса, барча эзгу ишлар рўёбга чиқишининг боиси ҳам осойишталикдир. Шундай экан, инсонлар нафақат мавжуд тинчликни қадрига етиб, шукрини адо этишлари балки, унга ношукрлик қилиб путур етказишдан ҳам сақланишлари лозим. Осойишталик ҳар кимга, ҳар жойда ҳам зарур. Киши хотиржам бўлсагина, ҳаётда кўзлаган мақсад ва орзу-ҳавасларини амалга ошириш йўлида саъй ҳаракат қила олади. Хотиржамлик кўнгилнинг, тинчлиги ва фикрнинг бир нуқтага жамланишидир. Бирор кишининг фарзанди бетоб бўлса, ёки уйи нотинч бўлса у кишининг хаёли паришон, фикри айқаш- уйқаш бўлиб, ўйлаган ишларини бажаришга қўли бормайди, доимо фикру зикри бетоб фарзандида, ёки оиласида бўлади. Бола соғайиб, оиласи тинч бўлса, кўнгли хотиржам бўлса маъюслиги кетиб, кўзлари чақнайди, фарзандларининг таълим- тарбияси билан шуғулланиш, уларни келажак ҳаётга тайёрлаш иши билан машғул бўлишга имконият қидиради. Тинчлик қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, оқибатда, жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй беради. Одамларнинг ўзаро бир-бирларига бўлган ишонч ва садоқатлари, меҳр ва мурувватларининг самимий бўлиши ҳам асосан хотиржамликка боғлиқдир. Демак муҳтарам биринчи Президентимиз И.Каримов айтганидек “Агар биз (аҳил бўлсак, эл-юрт манфаати йўлида бир тану бир жон бўлиб яшасак, ўзимиздан сотқин чиқмаса, ўзбек халқини ҳеч ким ҳеч қачон енга олмайди”.

Ислом дини кишиларни тинчликни асраш ва барқарорликни таъминлаш йўлида имон, инсоф, адолат, ҳамжиҳатлик ва бирдамлик билан ҳаракат қилишга, фитна ва ўзаро адоватга барҳам беришга чақиради. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, тинчликпарварлик ислом динининг моҳиятини ташкил этади.

Тинчликнинг қадрига етиш, уни сақлаб туришда оилада ота-онанинг роли катта. Ота-она фарзандларига тинчлик олий неъмат эканлиги, тинчлик ҳукм сураётганлиги сабабли фаровон ҳаёт кечираётганимизни мунтазам тушунтириб боришлари даркор. Айниқса, аёл киши болалари тарбиясига масъул бўлгани учун  ҳам болаларига тинчлик ўзи нима экани, бугунги кундаги мустақиллигимизга осонлик билан эришмаганимиз, унинг қадрига етишимиз кераклигини тушунтириш билан бир қаторда фарзандларида миллий ғурур ва ватанпарварлик туйғусини шакллантириб бориши зарур.

 

Олтинсой туман “Саъд ибн Абуваққос” жомеъ масжиди имом хатиби Ш.Яхёев

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here