Фарзанд тарбияси ота-она учун энг муҳим ишлардандир. Чунки фарзанд ота-онага Аллох таоло томонидан берилган омонат хисобланади. Бола қалби пок, нозик, содда ва ҳар қандай нақш ва суратдан холи гавҳардир. Унга қандай нақш солинса, шунга кўра шаклланади, эгган томонга эгилади. Агар бола яхшиликка ўрганиб, яхшилик ичида вояга етса, дунё ва охират саодатини топади. Албатга бу савобга унинг ота-онаси, муаллими ва унга тарбия берган ҳар бир киши шерикдир. Пайғамбар алайҳиссалом айтадилар: «Инсон вафот этганда унинг амали тўхтайди, фақат уч нарса туфайли унинг номаи аъмолига савоб ёзилиб туради: садақаи жория, фойдали илм, дуои хайр қилувчи солиҳ фарзанд». Муслим ривояти.

Агар бола эътиборсиз ташлаб қўйилса, ёмонлик ичида ўсса, бадбахтликка юз тутади ва ҳалок бўлади. Бунда гуноҳ юки болани шу куйга солганларнинг ва ота-онанинг зиммасига юкланади.Шунинг учун бола тарбиясига масъуллар яъни, ота-оналар, бобо-ю-момолар, устозлар, қариндош-уруғлар ва хуллас барча катталар фарзанд тарбиясига беэътибор бўлмасликлари лозим.Айниқса ҳозиргидай таҳликали замонда энг кўп эътиборни уларнинг тарбиясига қаратиш керак. Чунки дунёнинг турли минтақаларида рўй бераётган қонли тўқнашувларда, бегуноҳ инсонларнинг қонини тўкишдек энг оғир гуноҳ ишларда ана ўшандай фарзандлар иштирок этмоқда. Яъни ота-онаси ва катталарнинг тарбияси сустлиги ва беэътиборлиги туфайли улар ҳар хил оқим ва иллатларга қўшилиб кетган ёшлар қатнашиб бегуноҳ инсонларга қурол ўқталмоқдалар.Бунга эса аввало ота-оналар жавобгардир. Шунинг учун Улуғ ва қудратли Аллоҳ таоло айтадики: «Эй мўминлар, сизлар ўзларингизни ва аҳли оилаларингизни дўзахдан сақлангиз» (Таҳрим, 6).

Ота-она фарзандини дунё оловидан қанчалик ҳимоя қилса, охират оловидан ундан-да кўпроқ ҳимоя қилмоғи керак. Одобу тарбия воситасида яхши хулқларни ўргатиш, ёмонликлардан қайтариш, тўкин-сочинликка ўргатмаслик, зийнатга муҳаббат уйғотмаслик билан ота-она фарзан­дини охират оловидан сақлайди. Ва аксинча, бола дунё талабида улғайса, абадий ҳалокатга юз тутади. Фарзанд дунёга келган илк кунлариданоқ кузатув остида бўлмоғи лозим.Яхши-ёмонни фарқлаш ҳисси болада шакллана боргани сайин назоратни кучайтирмоқ лозим. Бунинг аввалги белгиси унда ҳаёнинг илк нишоналари зоҳир бўлади. Шунчаки тортиниб туриш бу ҳаё эмас. Балки, ақл нури ёришиб, бола баъзи ишларнинг бошқасига зид эканлигини кўради, хунук деб топган ишларни қилишдан уяла бошлайди. Бу Аллоҳ таолонинг унга ҳадяси, хулқнинг поклигидан, қалбнинг софлигидан дарак берувчи башорат, ақлнинг камолга етаётганидан хушхабардир. Ҳаёли болани эътиборсиз ташлаб қўйиш ярамайди. Бал­ки унга ҳаё одобини ўргатиш билан ёрдам бермоқ лозим.

Пайғамбар алайҳиссалом яна бир ҳадиси шарифларида айтадилар: Кимга Аллоҳ таоло фарзанд берса, чиройли исм қўйсин ва гўзал одобда тарбияласин. Вақтики фарзанд балоғатга етса, уйлантирсин (қиз бола бўлса турмушга берсин). Агар уйлантирмаса (ёки турмушга чиқармаса) ва шу туфайли фарзанди гуноҳ иш қилса, Аллоҳ таоло унга ҳам, отасига ҳам гуноҳ ёзади.

Болани тўкин-сочинликдан, қимматбаҳо кийимлар кийиб ўсган болалардан, бундай дабдабали ҳаётга рағбат уйғотадиганлар даврасига аралашиб қолишдан асрамоқ зарур. Чунки вояга етаётган болани эътиборсиз ташлаб қўйилса, кўп ҳолларда бу аҳлоқнинг тубанлашувига сабаб бўлади. Натижада бола улғайгач, каззоб, ҳасадгўй, ўғри, чақимчи, қайсар, маҳмадона, енгилтак, маккор, беҳаё, ярамас бир кимсага айланиб қолиши мумкин. Булардан сақланишнинг йўли — унга чиройли тарбия бериш, дарс билан машғул бўлишини таъминлаш, ва Қуръон ва ҳадис таълимини ҳам бериб бориш керак. Фарзанд тарбияси шу тариқа олиб борилса бундай фарзанд ўзи ҳам ота-онасини ҳам икки дунё саодатига эриштиради.

 

    Олтинсой туман “Имом Бухорий”    жомеъ масжид имом хатиби М.Жуйриков

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here