شهر رمضان الذي أنزل فيه القرآن هدى للنا س و بينا ت من الهدى والفرقا ن فمن شهد منكم الشهر فليصمه و من كان مريضا او على سفر فعدة من أيام أخر يريد الله بكم اليسر ولا يريد بكم العسر و لتكملوا العدة و لتكبروا الله على ما هداكم و لعلكم تشكرون
“Рамазон ойи-одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир. Бас, сизлардан ким бу ойда (ўз яшаш жойида) ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Кимки бемор ёки сафарда бўлса, (тута олмаган кунларининг) саноғи бошқа кунлардандир. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди.Бу- ҳисобни тўлдиришингиз ҳамда ҳидоятга бошлагани учун Аллоҳга такбир (ҳамд-у сано) айтишингиз ва шукр қилишингиз учундир.
Аллоҳ таоло йил ойлари орасидан Рамазон ойини мақтади, Қуръонни нозил қилиш учун ойлар ичидан уни ихтиёр қилган.Рамазон – юраклар юмшаб ғуборлари кетадиган мавсум. Рамазон ойи мўминлар учун савоб амалларни кўп йиғиб олишга берилган катта имконият. Хайру саховат билан инсон бу ўткинчи дунёда туриб,охиратга захира йиғиши, жаннатда тайёрлаб қўйилган неъматлардан насибадор бўлиши мумкин.
Ибн Аббос розиёллоҳу анҳудан ривоят қилинади:”Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитдим:”Агар менинг умматим Рамазонда бор нарсаларни билса эди, албатта, йилнинг ҳаммаси рўза бўлса эди, деб орзу қилар эди”, дедилар.Зероки, савоблар Рамазон ичида йиғилгандир ва тоат мақбулдир, дуо мустажобдир ва гуноҳлар кечирилгандир ва жаннат рўзадорларга муштоқдир.
Абу Ҳурайра розиёллоҳу анҳудан ривоят қилинади:”Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам:”Қачонки Рамазон ойи кириб келса, шайтонлар кишанланурлар ва жаннат эшиклари очилур ва дўзах эшиклари ёпилур”, дедилар.
Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:” Кимки Рамазон кечаларида ибодат ила зандадорлик қилса, яъни, ухламай ибодат қилса, савобига тасдиқ қилган ҳолда ва ихлос қилган ҳолда унинг учун аввалги қилган гуноҳидан кечирилур”.
“Заҳротул-обидин”да Анас ибн Молик розиёллоҳу анҳудан ривоят қилинади:Росулуллоҳ алайиссалом:” Кимки Рамазонда илм мажлисига ҳозир бўлса, Аллоҳ таоло унинг ҳар бир босган қадамига бир йиллик ибодатнинг савобини бергай ва Аршнинг тагида мен билан бирга бўлади. Ва кимки ота-онасига Рамазонда яхшилик қилса, Аллоҳ таолонинг раҳмат назари унга етгай ва мен кафилдурман унинг жаннатга кирмоғига, дедилар. Ва кимки мусулмон биродарининг ҳожатини Рамазонда равон қилса, Аллоҳ таоло қиёматда у кишининг минг ҳожатини равон қилгай”, дедилар.
Жобир ибн Абдуллоҳ розиёллоҳу анҳудан ривоят қилинади:Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:”Аллоҳ таоло Рамазонда менинг умматларимга беш нарсани каромат қилган, уларни ҳеч қайси пайғамбар умматларига берган эмас. Аввал шуки, Рамазони шариф бўлганда, Аллоҳ таоло бандаларига раҳмат назари билан қарайди, ҳар кишига Аллоҳ таоло раҳмат назари билан қараса, у кишига азоб бўлмагай.Иккинчи шуки, рўза тутганларнинг оғизлари Аллоҳ таолонинг наздида, мушкдан хушбўйроқ бўлгай. Учинчи шуки, фаришталар кеча ва кундуз мағфират талаб қилгайлар. Тўртинчи шуки, Аллоҳ таоло ризвон беҳиштига амр қилгайки, беҳиштни ораста ва пироста айлаб ўзларингга деб зийнат беринглар, менинг бандаларим учун тақиндирки, булар дунё ва охират захматларидан халос бўлиб, беҳишти анбар сириштга боргайлар, деб. Бешинчи шуки, Аллоҳ таоло жамики бандаларини Рамазони шарифнинг охирги кечаси мағфират қилгай”.
Ва яна “Хулосатул ҳақойиқ” Росулуллоҳ алйҳиссалом айтадиларки, кимки Рамазони шариф кирганига шод бўлиб, чиққанига ғамгин бўлса, Аллоҳ таоло у бандани дарҳол мағфират қилгай.
Ибн Умар розиёллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам:”Қиёмат кунида рўза ва Қуръон банда учун шафоат қилгайлар. Рўза айтгайки: Эй Парвардигор, мен уни кундузда шаҳватдан қайтарган эдим. Ва Қуръон айтгайки: “ Эй Парвардигор, мен уни кечаси ухламоқдан ва роҳатдан қўйган эдим”.Ундоғ бўлса иккаласининг ҳам шафоатлари қабул бўлгай.
Моҳи Рамазон
Мўмин топсин чунонам савоб,
Ҳақ ризоси менда деб сероб,
Гуноҳ қасрин эйгали ҳароб,
Кириб келар моҳи Рамазон.

Мўмин учун хушҳол қаршилар,
Имон кўзи равшан очилар,
Кўздан севинч ёши томчилар,
Муборак ой – моҳи Рамазон.

Оқлик билан бироз қийнаган,
Шомда ифтор билан сийлаган.
Шайтон шаррин қувиб сийнадан
Ўтиб борар моҳи Рамазон.

Уни бугун кузатдик маҳзун,
Тезроқ қайт, деб юракда бир ун,
Бисйор савоб топган эй мўмин,
Қутлуғ бўлсин ийди Рамазон.

«Хужа Мирсаид» жоме масжиди имом хатиби А.Абдуллаев

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here