Аллоҳ таолонинг буюрган фарз амалларидан бири, учинчи аркони ҳисобланган моҳи Рамазондаги рўзаларни соғ-саломат адо этдик ва бу билан Яратувчимиз олдида ўзимизни Унга банда эканлигимизни кўрсатдик. Албатта, Парвардигорга бандачилик қилиш нақадар бахт! Шу билан бирга Рамазон ойидаги қанча-қанча ажру ҳасанотлар, қанча-қанча фазилату баракотлар борки, инсон ва фаришталар буларни санаб адоғига етолмайди.
“Кимики Рамазон киришлиги билан қалбдан хурсанд бўлиб, чиқаётганида хафа бўлса, Аллоҳ таоло уни дўзахдан халос қилади”
“Ҳайит намози ўқиладиган куни шайтонлар каттаси Иблис дод деб юбораркан. Шайтонваччалар югуриб келиб: Устоз, сизни ким хафа қилди? деб қайта-қайта сўрашса ҳам тўхтамай йиғлайвераркан. Охири йиғисидан тўхтаб, дод солишининг сабабини айтаркан: Бир йил ҳаракат қилиб, Одам болаларини йўлдан уриб, уларга турли гуноҳларни васваса қилиб қилдиргандим, ҳамммаси куйиб кетди. Бир ой тутган рўзаси ҳурматидан Аллоҳ таоло ҳайит куни уларнинг барча гуноҳларини кечириб юборди. Энди бизлар бани Одамни Аллоҳ йўлидан чалғитиш учун қаттиқроқ ишлашга мажбурмиз – деб жавоб бераркан”
Рамазон ҳайити куни саҳар вақтида Аллоҳ таоло фаришталарини юборади. Улар ер юзига тушадилар. Ҳамма кўчаларнинг бошларида фаришталар туриб оладилар-да, инсону жиндан бошқа барча махлуқлар эшитадиган овоз билан нидо қиладилар: “Эй Уммати Муҳаммад, эй мусулмонлар, ўрнингиздан туринг. Карамли Роббингизга пешвоз чиқинг. Бугун катта эҳсонлар бўлади. Чунки кечалари қоим кундузлари соим бўлдингизлар. Кундузи рўзадор бўлиб, кечалари таровеҳларни ўқидингизлар ва бу билан Парвардигорларингизга итоат қилдингизлар. Энди мукофотларингизни олинглар”. Мўминлар ҳайит намозини ўқишлик учун масжидга келганларида яна бир фаришта нидо қилади: “Билиб олинг, Роббингиз сизларни кечирди. Энди уйларингизга улуғ ажрлар билан мукофотланган ҳолда қайтинглар”, дейилади. Бу ҳайит кунини осмон аҳли “Мукофотланиш куни” деб номлайдилар.
Ҳайит куни байрам қилишлик ҳақида Имом Бухорий ва имом Муслим шундай ҳадисни ривоят қилганлар: Оиша онамиз р.а шундай дедилар: “Ийд куни ҳабашийлар келиб масжидда сакраб рақс туша бошлашди. Бас, Пайғамбар с.а.в. мени чақирдилар. Мен бошимни у зотнинг елкаларига қўйиб, уларнинг ўйинларига назар сола бошладим. Бу ўйин то мен томоша қилиб бўлганимча давом этди”.
Аллоҳ таоло ушбу ойни ва Рамазон ҳайитини барчаларимизга муборак қилсин! Парвардигор ҳаммамизни қайта-қайта ҳайит қувончларига етказсин, Рамазондаги барча ибодатларимиз, эзгу ишларимизни Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатларига мувофиқ бўлишини муваффақ айласин! Аллоҳ таоло келаси Рамазон ойи ва ҳайитига соғ-саломат, тичлик-омонликда, офият-хотиржамликда етиб боришни барчаларимизга насиб айласин! Рамазон ҳайитингиз қутлуғ бўлсин!
Олтинсой туман бош имом хатиби М.Маматқулов