Барчамизни соғ-саломат рўзаи Рамазонларга етказган, ундаги ибодатларни адо қилишлигини осон қилиб берган, иссиқ кунларда рўза тутишликка сабр берган, кечалари қоим туришликка кучу-қувват берган ва охир оқибат улуғ байрам рамазон ҳайитига тинч омонликда, шоду хуррамлик ила етказган Парвардигору оламга чексиз ҳамду санолар, беадад шукроналар бўлсин. Барча пайғамбарларга салавотлар бўлсин, Расулимиз Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо саллоллоҳу алайхи васалламга чексиз дуруду саломлар, салавотлар бўлсин.
Фақиҳларимиздан бири шундай деган экан: «Мўминнинг иймони уч нарсада билинади: кимсасиз жойда ҳам азон айтганда, совуқ кунда ҳам ғусл қилганда, иссиқ кунда ҳам рўза тутганда». Иссиқ кунда рўза тутиш ҳақиқий мўминнинг хислатларидандир.
Бир куни Расулуллоҳ саллоллоҳу алайхи васаллам минбарга чиқаётиб, бир қадам ташлаб “Омийн”, дедилар. Иккинчи қадам ташлаб яна “Омийн”, дедилар. Учинчи қадамни босганларида ҳам “Омийн”, дедилар. Хутбани ўқиб минбардан тушганларида саҳобалар: “Ё Расулаллоҳ, хутба ўқиш учун минбарга чиқаётиб нима учун 3 марта “Омийн”, дедингиз?”, деб сўрашди. Шунда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайхи васаллам дедилар: “Мен минбарга чиқаётганимда Жаброил алайхиссалом. келиб, дедилар: “Кимни олдида сизнинг исмингиз айтилганда сизга салавот айтмаса, яъни саллоллоҳу алайхи васаллам демасдан ўлса, Аллоҳ таоло ундан узоқлашиб, уни дўзахга киргизади “Омийн”, денг” деди. “Омийн”, дедим. Яна айтдики: Эй Муҳаммад, ким Рамазон ойини ўтказиб, кейин ўлса-ю гуноҳи кечирилмаган бўлса, Аллоҳ таоло ундан узоқлашиб, уни дўзахга киргизади “Омийн”, денг”, деди. “Омийн”, дедим. Кейин яна деди: Эй Муҳаммад, қайси фарзанд ота-онаси тирик бўлиб ёки иккалаларидан бирлари ҳаёт бўла туриб, уларнинг ризоликларини ололмай, ўлиб дўзахга кирса, бундай имкониятни бой берган фарзанддан Аллоҳ таоло узоқлашади “Омийн”, денг “Омийн”, дедим”.
“Ҳайит куни фитр садақасини беришлик суннат амалларидандир”.
Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайхи васалламдан ушбу оят ҳақида сўраганларида, “Фитр садақаси ҳақида нозил бўлган” дедилар.“Фитр садақаси рўзадор учун беҳуда гап-сўз ва ножоиз ҳаракатлардан покланиш ва мискинлар учун таомдир. Ким уни ҳайит намозидан олдин адо қилса, у фитр садақаси бўлиб қабул бўлади. ким уни намоздан кейин адо қилса, фақат оддий бир садақа бўлиб қолади”.
Олтинсой туман “Раҳмонберди ҳожи”
жомеъ масжид имом хатиби З.Абсаломов