Минг афсуслар бўлсинки, бугунги кунда муқаддас ислом номидан турли оқимларнинг ўзларини ҳар хил исмлар билан номлаб олиб, гўё ҳақ йўлни даъво қилаётган, аслида эса ғаразли мақсадларни кўзлаган ниқоб остидаги адашган фирқалар кўпаймоқда. Ана шундай оқимлардан бири “Сохта салафийлар” ҳисобланади.

Мазкур оқимга аъзо бўлганлар исломдаги аҳком ва фатволарни замон тақозосига қараб эмас, ҳижрий сананинг дастлабки уч асридаги қонун-қоидалар асосида иш юритишни тарғиб қилади. Ўн тўрт асрдан бери исломнинг етук алломалари, фақиҳу мужтаҳидлари қабул қилган фатволарга амал қилишга қарши чиқадилар. Бу оқим араб ва ислом мамлакатларида кўпроқ тарқалган бўлиб, Ўрта Осиёга ҳам киришга улгурди.

Хўш, Исломда “салаф” сўзи аслида қандай маънони англатади? Салаф сўзи арабча – “аждодлар”, “аввал яшаб ўтганлар” деган маънони билдиради. Ҳадисларга кўра, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида ҳамда ундан кейинги икки даврда яшаган мусулмонлар тушунилади. Шунга кўра, ислом уламолари саҳобий, тобеин ва табъа тобеинларни “салафи солиҳ”, яъни “солиҳ аждодлар” деб биладилар. Демак, улардан кейинги даврларда яшаган мусулмонларга нисбатан “салаф” ёки “салафий”лар тушунчаларини ишлатиш мумкин эмас. Бу адашган фирқа мусулмон жамиятларини илк ислом даври ҳолатига қайтаришни тарғиб қилувчи мутаассиб, сохта салафийлар ҳисобланади.

Сохта салафийлар қуйидаги ғояларни илгари сурадилар: 1. Ҳар қандай янгиликни инкор этади. 2. Тасаввуфни асло тан олмайди.
3. Тавассул (восита орқали Аллоҳга мурожаат қилиш)ни куфр, деб ҳисоблайди. 4. Ўзларига эргашмаганларни “кофир” деб эълон қиладилар.
Уларнинг фаолияти натижасида “Пайғамбаримиз шафоатидан ҳеч қандай фойда йўқ” деган ғоялар тарқалиб, саловотлар баён қилинган китоблар ёқиб юборилди, муқаддас зиёратгоҳлар вайрон қилинди. Хўш, энди ўзингиз ўйлаб кўринг, бундай бузғунчи, вайронкор оқим қандай қилиб, эзгу ишларни амалга ошириши мумкин. Нима учун, асрлар мобайнида аждодларимиз томонидан авайлаб-асраб келинган, бой тарихга эга мадрасаю-мақбаралар қаердаги бузғунчи оқимлар томонидан вайроналарга айланиши керак? Азизлар! Бу гапларни нимага айтябман? Чунки, ҳамюртларимиз орасида ҳам бу адашган фирқа ғояларига эргашиб кетаётганлар ҳам бор.
Бу фирқанинг адашган йўлда эканликларини билиш ҳар бир ақлли инсонга қийин эмас. Биз эса айнан мавзумизга доир жиҳатига тўхталамиз.
Хўш, улар ўзларига эргашмаганларни кофир деяптиларми? Унда ким мусулмон. Уларга ким ҳуқуқ берди, чин мусулмонларни кофир дейишга. Улар кофир деяётган инсонлар, Роббим Аллоҳ, диним ислом деяётган бўлса, уларга куфр нисбатини бериш мутлақо мумкин эмас.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким бир инсонни кофир деб чақирса ёки Аллоҳнинг душмани деса, айтганидек бўлмаса, айтган сўзлари ўзига қайтади”. Сохта салафийлар эса, ҳеч қандай шаръий сабабсиз, бир-икки киши эмас бир неча кишиларни кофирга чиқармоқдалар. Ваҳоланки, бесабаб эмас, балки гуноҳ қилган кишининг гуноҳи учун ҳам кофирга чиқарилмайди. Шунингдек, сохта салафийларнинг иддаоларига кўра, милодий йил ҳисобини ишлатиш, бошқа дин вакилларининг байрам, маданий тадбирларида иштирок этиш ва табриклаш, кийган кийимларини (жумладан, костюм, пальто, галстук тақиш, шим ва кўйлаклар) кийиш ҳам имонсизлик ҳисобланади. Бу мутаассибона қарашлар жамиятда айирмачилик кайфиятини келтириб чиқариши билан ҳар хил низоларни пайдо бўлишига сабаб бўлади, бу нарса муқаддас динимизда тарғиб этилган бағрикенглик тушунчасига ҳам зид келади.

Азизлар! ҳар бир ялтираган нарса олтин бўлмагани каби, динни даъво қилувчи ҳамма одам ҳам тўғри фикрда бўлавермайди. Шундай экан ғаразли ниятлар уммонига ғарқ бўлган шу каби оқимларнинг “ялтироқ” тузоқларидан огоҳ бўлайлик, муқаддас динимизнинг соф эътиқодини мустаҳкам сақлаб, келажак авлодларга софлигича етказайлик.

 

Сурхондарё вилояти бош имом-хатиби А.Сайфидинов

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here