Бу йилги Рамазон ойи юртимиз мусулмонлари учун ўзгача бир тароватда ўтмоқда. Ватанимиз тинч, осуда. Халқимиз ибодатларни бемалол адо этяпдилар. Ихлосли мўмин-мусулмонларимиз кундузлари рўза тутиб, кечалари масжидларда таровиҳ намозларида қоим бўлиб, хатми Қуръонларда иштирок этиб, Яратгандан юртимиз тинчлиги, ободлигини сўраб дуо-ю илтижолар қилмоқдалар.Бундай шароитларни яратиб бераётган юртбошимизнинг ҳақларига дуолар қилинмоқда. Буларнинг ҳаммаси мустақил Ватанимиз осудалиги ва жонажон халқимиз ҳаётининг янада фаровон бўлишлигига сабабчи бўлади, албатта.
Рамазон ойининг бу йилги кунлари Аллоҳ таолонинг инояти билан салқин кунларга тўғри келганлиги сабабли, мусулмонлар рўза тутишга қийналишмади. Рўзадорларнинг ўзгача шавқу-завқ билан, рўзанинг машаққатидан малолланмай, аксинча кўтаринки кайфиятда юрганларини кўриб, беихтиёр қувонасан киши. Ибодат қанча машаққатли кечса, унинг ажру мукофоти ва инсон руҳи, маънавияти учун манфаати шунча зиёда бўлади, деб бежиз айтилмаган.
Рамазон ҳайити жуда улуғ байрам, катта шодиёна, хурсандчилик ва кўтаринкилик билан ўтказиладиган муборак байрам. Чунки ушбу кун тутган рўзаларимиз қабул этиладиган, Аллоҳнинг раҳмати ва фазли ер юзига мўл-кўл ёғиладиган, Аллоҳга қуллик ва итоатда қалбларимиз шавқланадиган ажойиб имкониятдир. Шу боис ҳайитда барчаларимиз хурсандчилигимизни, суруримизни, саховатимизни ва юксак ахлоқимизни ҳар қачонгидан кўра кўпайтиришимиз зарур. Аллоҳ таоло Ўзининг муборак Китобида бундай дейди: “Айтинг: Аллоҳнинг фазли ва раҳмати билан, бас, (албатта), шулар сабабли (мўминлар) шодлансинлар! У тўплаган нарса (бойлик)ларидан яхшироқдир” (Юнус сураси, 58-оят).
Олтинсой туман бош имом хатиб котибаси Давлатова Турдихол