Ислом динида аёлларнинг ўрнини мўътабар билиб эъзозланган. Пайғамбаримиз (с.а.в) ўзларининг муборак ҳадиси шарифларида, “Жаннат — оналарнинг оёғи остида”, деб марҳамат қилганлар
Шарқда аёл азал-азалдан муқаддас зот сифатида улуғланиб келинади. Аёл гулдан нозик, тошдан қаттиқ, деган гапда жуда теран маъно мужассамдир. Ҳамма даврларда ҳам бўлганидек, бугунги кунда ҳам ҳар бир аёл орзуларининг чегараси йўқ. Бу эса энг аввало, фарзандларининг бахти, камоли, келажаги билан боғлиқ эзгу ниятларга бориб тақалади. Аёл фарзандлари учун ҳаётнинг ҳар қандай машаққат ва синовларига дош беради. Она доимо ёруғ кунлар умиди билан яшайди.
Аёл – оила — жамият. Бу тушунчалар ҳам мантиқан, ҳам моҳиятан ўзаро боғлиқдир. Буюк аждодларимиз томонидан аёлнинг оилада, жамиятда тутган ўрни унинг ҳар жабҳадаги бунёдкорлик фаолияти улуғланиб келинган. Мустақиллик йилларида мамлакатимизнинг фаровонлигида аёлнинг ўрни янада ошди. Бу эса ўз навбатида хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлашга, уларнинг нафақат оилада, ҳаётимизнинг барча соҳаларида фаол иштирокини таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар натижасидир. Ҳозирги кунда республикамиз аҳолисининг тенг ярмини ташкил этган аёлларимиз меҳнатда, маданий ва маънавий ҳаётда, жамоат ишларида иштирок этмоқдалар. Хотин-қизларимизнинг нуфузи беқиёс даражада ортиши билан бирга уларнинг манфаатини ҳимоя қилиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди.
Ҳозирги кунда жаҳоннинг турли нуқталарида рўй бераётган террорчилик ҳатти-ҳаракатлари, қонли тўқнашувлар, халқимиз, аввало, ўсиб келаётган ёш авлодда мутаассиблик, ўзаро низо, урушларнинг мудҳиш оқибатлари ҳақида тасаввур ҳосил қилиш, юртимиз аҳолиси, хусусан, ёшлар ва аёллар онгини заҳарлашга уринаётган кучларга алданмаслик учун ғоявий иммунитетни ошириш ва жойларда кучайтирилган маънавий-маърифий тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.
Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганларидек: “Эзгу мақсад ва ниятларимизга эришишнинг энг муҳим шарти – бу юртимиздаги тинчлик, осойишталикни сақлаш, бугун авжига чиқаётган террорчилик, диний экстремизм, гиёҳвандлик, ақидапарастлик каби хавф-хатарлардан огоҳ бўлиш, бир сўз билан айтганда, ўз уйимизни ўзимиз асрашимиз керак”.
Бугунги глобаллашув шароитида инсон онги ва қалбини динни ниқоб қилиб олган мутаассиб гуруҳ вакиллари фаолияти таъсирига тушиб қолишдан сақлаш мураккаб жараён ҳисобланади. Экстремистик оқимлар, диндан қурол сифатида фойдаланиб, ислом динини ўзига ниқоб қилиб олиб кишилик жамияти ҳаётига жиддий таҳдид солмоқда. Экстремистик оқим вакиллари ўз мақсадлари йўлида аёлларнинг ҳаёти, фарзандлари ва келажаги ҳақида ўйламай, уларни қурбон қилишмоқда.
Дин ниқоби остида фаолият юритаётган экстремистик ташкилотлар нима учун айнан аёлларни ўз сафларига жалб этишга алоҳида эътибор қаратади?
Маълумки, аёл – аввало, она, оила асосини сақловчи ва фарзандларнинг бош тарбиячиси, унинг ўз фарзандини эзгулик руҳида тарбиялаб, миллатнинг маънавий баркамол авлоди бўлиб шаклланишида ўзига хос ўрни ҳамда мавқеи мавжуд. Бугунги кунда аёл жамиятнинг ярми, агар у яхши бўлса, жамият яхши бўлади, агар у бузилса, жамият инқирозга юз тутади, бунинг оқибати фарзандлар тарбиясида ўзини намоён қилади.
Диний экстремистик оқим вакиллари аввало, аёлларнинг ишонувчан ва ташқи таъсирга берилувчанлик, маънавий-руҳий кўмак ва қўллаб-қувватлашга муҳтож эканликлари каби табиий хусусиятларидан фойдаланишга ҳаракат қилади.
Шу билан биргаликда, экстремистик оқим аъзолари гуруҳга жалб этишни ўз атрофидаги инсонлар — турмуш ўртоқлари, опа-сингилларидан бошлайди. Турмуш ўртоғидан айрилган, маънавий ва моддий ёрдамга муҳтож бўлган аёллар ҳам оқим вакиллари назаридан четда қолмайди. Бу каби аёлларда “душман”га нисбатан нафрат туйғусини шакллантиришнинг зарурати йўқ, аксинча, отаси, ака-укалари, турмуш ўртоғи ёки фарзандлари учун қасос олиш йўлида барча ишга тайёр турадилар.
Мутахассислар таҳлилларига кўра, ҳаётда бирор нарсага уқуви йўқ, ўрта, ўрта-махсус ҳамда олий таълим муассасаларида ўз иқтидор ва билими билан алоҳида ажралмаган, атрофидаги инсонлар томонидан камситилган ва шу сабабли ўзларини доимо ёлғиз ҳис этувчи, иродаси бўш, кам таъминланган оилалар аёл-қизлари ғаразли мақсадларини амалга оширмоқчи бўлган гуруҳ домига тушиб қоладилар. Гўёки шу йўл билан ўзларининг нималарга қодир эканларини исботламоқчи ёки оилаларига моддий ёрдам кўрсатмоқчи бўладилар. Бундан ташқари, тузалмайдиган дардга чалиниб, ҳаётдан бутунлай умидини узган, касал вақтида оиласи томонидан маънан қўллаб-қувватланмаган аёллар жиноятга қўл уришлари кузатилган.
Баъзида аёлларимизнинг ўта илмга чанқоқликлари, хусусан, ислом динини ўрганиш ва унинг муқаддас манбаларини асл ҳолида ўқишга бўлган қизиқишлари уларнинг алданиб қолишларига замин яратади. Бундан устомонлик билан фойдаланган гуруҳ вакиллари, гўёки, соф ислом дини ақидаларидан сабоқ берувчи “устоз” сифатида яширин “ҳужраларда” араб тили ва ёзуви, ислом дини арконлари ва ибодатларини ўргатиш баҳонасида “халифалик”, “хижрат”, “жиҳод” ва “шаҳидлик” ғоялари сингдирилган маърузалар билан таништирадилар, таъқиқланган турли адабиётлар, видео ва аудиоматериаллар тарқатадилар, бу албатта аёлларнинг ўзлари билмаган ҳолда гуруҳ “аъзо”си ва “фаол”ига айланишларига олиб келади.
Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоизки, қўпорувчилик, ўзини ўзи портлатиш (камикадзе), халойиқ орасида портловчи моддаларни ҳаракатга келтириб, бегуноҳ одамларнинг ҳаётига зомин бўлиш Ислом динида қаттиқ қораланади. Ҳадиси-қудсийда, «Эй бандаларим, бу дунёда зулм қилишни қўйинглар, шу сизларга охират азобидан енгилроқдир», деб кўрсатилган.
Ўз жонига қасд қилиш ва бошқа одамларнинг ҳаётига зомин бўлиш шаҳид амал ҳисобланмайди, аксинча, ислом асосларига кўра оғир гуноҳ саналади. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Нисо” сураси 29-оятида: “Ўзларингизни (бир-бирингизни ноҳақ) ўлдирмангиз!”, деб марҳамат қилади. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда, Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай дейдилар: “Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда марҳамат қилади: Бандам ўзини ўзи ўлдириб, менинг унга берган умримга шукр қилмай, шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий ҳаром қилдим”.
Имом Бухорий ривоят килган ҳадисда айтилади: «Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига у зотдан жиҳодга изн сўраб келди. Шунда у зот унга: «Сенинг ота-онанг борми?» дедилар. «Ҳа», деди. «Бас, икковлари(хизмати)да жиҳод қил!» дедилар».
Имом Термизий, Ибн Ҳиббон ва Дайламий ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳу соллаллоху алайхи васаллам: «Жиҳоднинг афзали Аллоҳ таолонинг зотида ҳавои нафсингга қарши жиҳод қилмоғингдир», деганлар.
Аллоҳ таоло «Нисо» сурасининг 59-оятида: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга итоат этингиз!”, деб марҳамат қилади.
Аёлларни ёт ғоялар таъсиридан ҳимоя қилишда оила ҳамда атроф-муҳитнинг таъсири беқиёс. Аёлларга фақатгина уй юмушларидан орта олмаётган уй бекаси сифатида эмас, балки жамиятнинг асосларидан бўлмиш ёшлар тарбиячиси; уларни ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш; жисмонан соғлом маънан етук бўлишлари учун шарт-шароитларни яхшилаш; ҳар қандай вазиятда унинг атрофида химоячи ва ғамхўрлари бор эканини ҳис қилдира олиш ҳамда унинг нафақат оила балки, жамиятда ҳам ўзининг алоҳида ўрни ва мавқеига эга эканини исботлаш зарур. Зеро, ўзи ва келажагига ишонган аёл доимо олға интилади, фарзандлари ва оиласини турли хавф-хатарлардан ҳимоя қила олиш билан бирга уларни оиласи ва Ватанини ҳимоя қила оладиган инсон сифатида тарбиялайди. Юртбошимиз Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 21 йиллигида сўзлаган нутқларида шундай деб таъкидлаган эдилар: “Қачон оила бахтли бўлади? Қачонки, аёл бахтли бўлса. Қачон аёл бахтли бўлади? Авваламбор, унинг болалари, оила аъзолари, турмуш ўртоғи соғ-омон бўлса”.
Юрт тинчлигини асрашни устивор вазифа деб ҳис этиш, давлатимиз ва жамиятимиз тинчлигига раҳна солишга уринаётган ёвуз кучлар манбаи, моҳият-мазмуни ҳақидаги аниқ тушунчаларга эга бўлиш ва халқимиз, жумладан ёшлар ва аёлларни ушбу таҳдидлардан доимий равишда огоҳ қилиб боришимиз лозим
Кумкургон туманидаги «Мухторхон хожи» жоьме масжиди имом хатиби Зокирхон Омонов