Аллоҳ таоло мавжудотларни ҳар хил қилиб яратди. Инсоният ҳам турли хилқатда яратилди. Тақдири ҳар хил, табиати ҳашукрр хил ва ҳатто ризқини ҳам оз ёки кўп қилиб яратди. Албатта, бу Парвардигори оламнинг ҳикмати ва синови. Энг яхши бойлик эзгулик йўлида сарф бўлгани бўлиб, энг яхши фақирлик эса, Аллоҳ таолога шукр қилиб ўтказилган умрдир. Аллоҳ таоло Қуръон каримда марҳамат қилиб: “Айтинг: “Эй,  Мулк (подшоҳлик) эгаси — Аллоҳ! Сен хоҳлаган кишингга ҳукмдорлик ато этурсан ва хоҳлаган кишингдан ҳукмдорликни тортиб олурсан, хоҳлаган кишингни азиз қилурсан ва хоҳлаган кишингни хор этурсан. Эзгулик сенинг қўлингдадир. Албатта, Сен ҳамма нарсага қодир зотдирсан” дейди. (Оли Имрон сураси, 26-оят).

Бизлар ҳар биримиз бу оятдаги мазмунни ҳеч қачон эсимиздан чиқармаслигимиз лозим. Оддий ишчи бўлиш, бой бўлиш ёки фақир ҳолда яшаш бу Мулк эгаси Аллоҳ таолонинг хоҳишидадир. Албатта, бу ерда фақат Аллоҳ деб ҳеч иш қилмаслик деган мазмун келиб чиқмайди.

Саъдий Шерозий дейдилар: “Бутун умр ишларим истаганимдек кечмаётганидан, дунёнинг бевафолигидан ва замондан шикоят қилмадим. Фақат бир мартагина оёғимда пояфзалим йўқлигидан ва пояфзал олишга пулим етмаслигидан умидсиз бўлиб, жомеъ масжидга кирдим. Юрагим сиқиларди. Лекин у ерда бир оёқсиз одамни кўриб, Роббимга шукроналар айтдим ва оёғим пояфзалсиз бўлишига қаноат қилдим”.

Шукроналик бу шундай улуғ бир туйғуки, шукроналик нафсни тўқлиги, шукроналик қалб таскини, шукроналик бу хотиржамлик, шукроналик неъматнинг давомийлигида экан. Бугунги доруламон замонимизга шукр қилсак, ёшларимизга шукроналик туйғуларини сингдира олсак, ҳамда ҳаёт машаққатларига сабр қила оладиган ва яхшиликларга шукр қилишга одатлансак Аллоҳ таоло янада яхшиликларни зиёда қилади. Айрим нотавон, ношукр тоифалар ҳам борки бу неъматларнинг қадрига етолмай номақбул ишларни қилмоқдалар. Булар динимизнинг, давлатимизнинг душманларидир.

Ҳозирги пайтда ҳар хил оқимлар чиқиб, юртимиз мусулмонлари азалдан эътиқод қилиб келаётган ҳанафий мазҳабини, аҳли сунна вал жамоани куфрга чиқаришаяпти. Бу каби нонкўрлар фитнасидан огоҳ бўлиш лозим. Тинчлик қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, оқибатда, инсоннинг Аллоҳ таоло буюрган ишларни мукаммал ва хотиржам адо этиши учун, халқ бемалол ўзи севган касб билан машғул бўлиб, рўзғорини тебратиши учун, қолаверса, давлатнинг ривожланиши ва фарзандларнинг ўқимишли, зиёли бўлиши учун тинчлик осойишталик лозим, бу неъматларнинг давомийлигига эса албатта шукроналик билан эришилади.

Олтинсой тумани “Раҳмонбеди ҳожи” жомеъ масжиди имом хатиби: ЗАбсаломов

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here