Бугунги кунда мустақиллигимизга хавф солаётган таҳдидларнинг тиғи, энг аввало, ёшларимизни маданий-маънавий меросимиз, миллий қадриятларимизни ўзида мужассамлаштирган муқаддас динимиздан бегоналаштиришга қаратилган. Бунда миллийлигимизга ёт ғарбона ахлоқ “оммавий маданият”ни тарғиб ва ташвиқ қилувчи ахборот воситалари, интернет қаналларидан кенг фойдаланилмоқда. Маънавий ахлоқимизга тажовузнинг энг беозор кўриниши “оммавий маданиятнинг” сингдирилишидир.

Аслида, “оммавий маданият”  ўтган асрнинг биринчи ярмидан бошлаб Америкада ва кейинроқ, Ғарб мамлакатларида юзага кела бошлаган ижтимоий-сиёсий зиддият, маънавий-ахлоқий инқирозларнинг негизида пайдо бўлган бетакрор ҳодиса бўлиб, кейинчалик, у сиёсий кучлар мафкурасининг тенги йўқ, таъсирчан қуролига айлантирилди. “Оммавий  маданият” тарғиботи, энг аввало, исломий қадрият, ахлоқимизни Ғарб турмуш тарзи, шахс эркинлиги, демократия ниқоби доирасида талқин қилинадиган ахлоқ (тўғрироғи, ахлоқсизлик) билан алмаштиришдир.

Президентимиз ўз асарларида динимиз, миллатимизга мутлақо ёт бўлган бу каби маънавий, ахлоқий бузуқлик, тубанлик, зўравонлик иллатларини ўз ичига олган “оммавий маданият” ёпирилиб кириб келиши мумкинлигидан огоҳ бўлишга чақиради. Лекин эътироф этиш керакки, “оммавий маданият” турмушимизга чет элдан келтирилаётган товарларнинг пардоз, ёрлиқ қоғозларидаги расмларида, сўнгги мўдадаги либослар, фильм, интернет тармоқлари тимсолида билимсиз ҳолда кириб келмоқда ва мазкур “маданият”нинг хуружини ҳали ҳамма бирдек англаб етаётгани йўқ. Аччиқ ҳақиқат бўлса ҳам шуни тан олиш керакки, баъзи ёшларимиз орасидаги Ғарбга маҳлиё бўлиш, ўз миллийлигидан бегоналашиш ҳислатлари шубҳасиз, “оммавий маданият”нинг таъсири натижасидир. Бунинг оқибатида баъзи бир ёшлар ўртасида никоҳсиз фарзанд кўриш, ўз жонига қасд қилиш, гиёҳвандлик ва ичкиликбозликка ружу қўйиш, кўча-куйда ахлоқсизлик қилиш каби бузуқликлар қилиб “оммавий маданият” қурбонига айланишмоқда.

Ислом Каримов ўзининг “Юксак маънавият енгилмас куч” китобида жамиятимиз олдида турган барча вазифаларни ҳал этишнинг энг асосий омилларидан бири маънавий тарбия эканлигини алоҳида қайд этади: “Агар биз бу масалада ҳушёрлик ва сезгирлигимизни, қатъият ва масъулятимизни йўқотсак, бу ўта муҳим ишни ўз ҳолига, ўзбўлармончиликка ташлаб қўядиган бўлсак, муқаддас диний қадриятларимизга йўғирилган ва улардан озиқланадиган маънавиятимиздан айрилиб, умумбашарий тараққиёт йўлидан четга чиқиб қолишимиз мумкин”.

Юқоридаги фикр ва мулоҳазалардан маълумки, на миллийлигимизга, на муқаддас динимиз кўрсатмаларига тўғри келмайдиган бундай оломонча маданият бизга бегона нарса. Ўзимизнинг юксак маънавиятимиз, маданиятимиз бутун дунёга ўрнакдир!

                                           

 “Имом Бухорий” жомеь мaсжиди имом ноиби С.Aзимов

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here