Садоқат ва вафодорлик — инсон зийнати

Динимизнинг барҳаёт таълимотларида мўмин-мусулмонлар ҳаётидаги энг фазилатли ва гўзал хулқларидан бири ваъдага вафо қилишга алоҳида эътибор берилган. Хусусан, куни ва соати белгиланган ваъдага риоя қилиш  ниҳоятда муҳим бўлиб ҳисобланади.

Одоб-ахлоқ қоидалари битилган китобларда вафодорлик сифати ҳам мадҳ этилади ва ваъдага вафо қилмоқ, омонатга хиёнат қилмаслик, берган сўзининг устидан чиқиш каби хислатлар инсоний фазилат эканлиги уқтирилади. Яна шундай дейиладики, ваъдага вафо қилмоқ мард кишиларнинг ишидир. Вафо билан зийнатланган кишилар ҳар доим эъзозда, роҳат-фароғатда бўладилар.

Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий вафо ва садоқатни инсоният бошида порлаб турган гавҳардир, деб таърифлаганлар. Яна ўқтириб ўтган эдиларки, агар ҳаёт чаманида вафо гули бўлмаса, у гўзал ва оромбахш бўла олмайди.

Соҳибқирон Амир Темур шундай дейди: “Қайси бир сипоҳий туз ҳақи ва вафодорликни унутиб, хизмат вақтида ўз соҳибидан юз ўгириб, менинг олдимга келган бўлса, ундай одамни ўзимга энг ёмон душман деб билдим”

Ҳазрат Сўфи Оллоҳёр:

Кел, эй содиқ ки қилдинг сидқ лофинг,

            Ўланча  қилмағил  ваъда  хилофин.

Дейилмоқчики, эй  банда, сен ростлик даъвосини қилсанг, ўлар  кунгача  ваъдангга  хилоф қилмасдан тур. Чунки ваъдада тўғри турмоқ яхши ахлоқнинг юқори  мартабасидир.

Баъзида бир кишиларнинг чақириғига ваъда берамиз-у бормаймиз. У киши ўз ишларини ташлаб, кутиб туради ва хавотирланади. Биз унинг ишидан қолганини ва хавотир олганини эътиборимиз марказидан четда қолдиришимиз мумкин. “Ваъда-қарз” эканини, ваъдага хилоф эса мунофиқлик эканини хаёлимизга ҳам келтирмаймиз. Ҳатто қўлимиз бажариш ниятида эмас, балки шунчаки суҳбатдошнинг сўзини қайтаришдан уялиб, ваъда бериб юбораверамиз. Бу ҳол ваъдада турмаслик эмас балки ваъдабозлик нияти билан бўлганидан  икки  карра  қабоҳатдир.

Бир ҳадиси шариф мазмунида шундай  дейилади :” “Қайси бир одамда тўрт аломат топилса, у ҳақиқий мунофиқ бўлади. Кимда шу тўртта аломатдан бирортаси бўлиб уни тарк қилмагунича унда мунофиқликнинг бир белгиси бўлади. У тўрт аломат: омонатга хиёнат қилади, бирор киши билан аҳдлашса, унга вафо қилмайди, биров билан ҳақ талашса, жанжал қилади”.

Ислом таълимотида қасам, аҳд, гувоҳлик ва ворислик масалалари кишидан масъулият талаб қиладиган тушунчадир. Пул ўртага тушиб, кишилар орасида ёлғон қасам ичиш, ёлғон гувоҳлик бериш ёки аҳдга бевафолик қилиш ҳоллари ҳам учрамоқда.

Фоний дунёда иймон эгалари бор экан, вафодорлар ҳам бор. Иллат эгалари, хусусан аҳдига вафо қилмайдиганлар ҳам афсуски учраб туради. Бундайлар оз бўлган тақдирда ҳам жамият учун нохушдир.

Демак, ҳар бир инсон жамиятда чиройли ўрнини топмоқчи бўлса, сўзига эътиборли, ваъдасига вафодор бўлмоқлиги керак.

Сариосиё тумани “Эшонжон ҳожи”

 жомеъ масжиди имом-ноиби            Нарзиев Садриддин 

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here