Ислом дини инсонларни ўтаётган ҳар-бир куни ва соатидан унумли фойдаланишга тарғиб ва ташвиқ қилади. Зеро, вақтнинг ҳар-бир сониясидан ватан ва миллатни моддий ва маънавий юксалишга олиб борадиган хайрли ва савобли ишлар йўлида самарали фойдаланиш барчамизнинг муҳим вазифамиздир. Чунки вақтнинг қиймати бебаҳодир. Бу ҳақда умавийлар амири Умар ибн Абдулазиз бундай дейди: “Сенинг вужудингда кеча ва кундуз ўз ишини кўрсатяпти, демак, сен ҳам уларга амал қилиб қол!” Донишмандлар: “Вақт бир қиличдир, агар сен уни кесмасанг, у сени кесади”, деб бежиз айтишмаган. Модомики вақт шунчалик аҳамиятли, буюк неъмат экан, демак, инсон бу неъматни исроф қилмасдан, ундан унумли фойдаланиши лозим. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “…Исрофга мутлақо йўл қўйманг! Чунки, исрофчилар шайтонларнинг биродарларидир. Шайтон эса, Парвардигорига нисбатан ўта ношукр эди” (Исро, 26-27). Бандаларга берилган ҳисобсиз неъматлардан баҳраманд бўлишга ҳамма ҳақли, фақат исроф қилмаслик шарти билан. Зеро, исроф шукрсизликдир. Шукр қилмаслик билан неъмат завол топади. Афсуски, динимизнинг асосий қоидаларидан бири саналган исроф қилмаслик бугун жуда тор маънода, яъни, моддий неъматларни беҳуда сарф этмаслик тариқасидагина тушунилади. Аслида, у инсониятга берилган барча неъматларга тааллуқлидир. Хусусан вақт ва умр неъматига. Барча моддий неъматлар ҳисобини берганимиз каби, бизга ўлчаб берилган умримиз онларини қандай ўтказганимизнинг ҳисоби ҳам олинади. Маълумки, инсон ҳаёти ўлчовлидир. Шунинг учун вақтнинг қадрига етган, уни ҳурмат қилган киши ўзини, умрини ҳурмат қилган ҳисобланади. Чунки ҳар ким ўзи ўйлаган ишларни ҳар вақт ҳам бажара олмайди. Баъзида пайдо бўлиб қоладиган бўш вақтлар ўша битмаган ишларни бажаришга яхши имкондир. Инсон мана шундай бўш вақтларни Аллоҳнинг неъмати деб билиб, фойдаланиб қолмоғи лозим. Вақтга бепарво бўлиш эса умрнинг исрофидир. Демак, одам ҳар онни ғанимат билиши, илм ўрганиб, савобли амаллар қилиши, хуллас, умр неъматидан Аллоҳ таоло рози бўладиган ишларда фойдаланиши лозим. Улуғлар бундай дейишган: “Кунлар ўқ, инсонлар эса нишондир. Эй инсон, замон ҳар куни сени ўқлар билан ўқлаётир ва бутун вужудингни ҳар бир ҳужайрасигача илма-тешик қилиб, кечаю кундуз илгакли игнаси билан тўрлаётир. Кундузлар ҳам, кечалар ҳам бир зумдай ўтиб кетади. Бу аҳволда сенинг вужудинг қандай қилиб соғ-саломат сақланиб қолсин?! Агар кунларнинг сенга етказаётган нуқсонлари кўз ўнгингда кўргазма қилиб ёйиб қўйилган бўлсайди, ҳеч шубҳасиз, ўтаканг ёриларди…”. Шундай экан, бизларга берилган вақт — умр неъматини ғанимат билмоғимиз ва энг фойдали, инсонларга, ватан равнақига манфаат бўладиган, Аллоҳ рози бўладиган савобли ишлар билан ўтказмоғимиз керак бўлади.
Пулхоким жомеъ масжиди
Имом-хатиби: А.Тошматов