Оилада ака-ука ва опа-сингиллар бир-бирлари билан аҳил ва иноқ бўлишлари зурур.Чунки бу ришта ҳар кимга ҳам берилавермайди. Мисол учун кимнингдир акаси йўқ бўлса, яна кимнингдир синглиси йўқ. Баъзи бир оилаларда фақат ўғил болалар бўлса, баъзи бир оилаларда фақатгина қизлар вояга етади. Баъзида шундай гаплар ҳам эшитиб қоламизки, “қанийди менинг ҳам акам ёки синглим бор бўлганда”. Шунинг учун ака-укаси ёки опа-синглиси бор инсонлар дунёдаги бахтли инсонлар қаторидадир. Опа-сингиллар ҳар доим ака-укаларга меҳрибон бўлишади. Улар ҳатто ўзга хонадонга келин бўлиб кетишганда ҳам, ота уйини, оға-иниларини соғиниб, қумсаб яшайди. Ака-ука бир-бирига етарлича меҳрибон бўлишмайди аммо, опа-сингил орасидаги меҳр алоҳида таҳсинга сазовар. Чунки уларнинг меҳри ҳақиқий ва беғубор бўлади. Бу риштани бошқа ришталар билан таққослаб бўлмайди. Баъзи бир оилаларда бу риштанинг қадрига етмайдиганлар ҳам учраб туради.
Масалан баъзи бир хонадонларда хотини опа-синглиси ҳақида ёмон гаплар айтиб ёмонласа суриштириб ҳам ўтирмай унинг гапларига ишониб, уларга ёмон муомала қилади ва ҳатто уриб сўкишгача боради. Бу билан уларнинг кўнглини қолдириб, ораларидаги меҳр-оқибат дея аталмиш риштани узилишига сабабчи бўлиб қолади. Ва яна ўйламайдики хотини шу хонадонга келгунича унинг уйдаги барча юмушларини ўша опа-синглиси бажарган. Опа-синглиси ҳам бир кун келиб ўзга бир хонадон бекасига айланганида ота уйига қачонки турмуш ўртоғи, қайнота-қайнонаси рухсат бергандагина келишини бир ўйлаб кўрмайдилар ҳам. Ундан кўра уларга меҳр-оқибатли, меҳрибон бўлиб, уларнинг тарбиясига эътиборли бўлиши керак. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам ҳам ўзларининг бир ҳадиси шарифларида шундай марҳамат қиладилар: “Кимнинг 3 та қизи ёки 3 та синглиси бўлса ёки 2 та қизи ёки 2 та синглиси бўлса, сўнгра уларни гўзал ахлоқ ва чиройли муомала билан тарбият қилса, қизлари ёки сингиллари албатта унинг жаннатга киришига сабабчи бўлади”. Мана шу ҳадисдан ҳам кўриниб турибдики опа-сингилларга меҳр-оқибатли бўлиб, меҳрибонлик кўрсатишнинг ажру савоблари қанчалик улуғлигини.
Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам ҳам ўзларининг бир ҳадиси шарифларида шундай марҳамат қиладилар: “Кимики икки қизни турмушга чиққунларича вояга етказиб тарбияласа, қиёмат куни мен ва у мана бу иккисига ўхшаб келади”, деб бармоқларини бир-бирига қўшиб кўрсатдилар.
Қизлар фақатгина ака-укалари учунгина эмас, балки ота-онаси учун ҳам жаннатга киришига сабабчи инсонлардир. Чунки қизларни қанчалик чиройли тарбия қилиб, чиройли муомала қилинса бунинг ажри бор албатта.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, ҳадиси шарифларда кўп таъкидланган ва кўп бора тилга олинган мана шунга ўхшаган ҳадисларга амал қилган ҳолда, бир-биримизга меҳр оқибатли, меҳрибон, бир-биримиз ҳақимизда қайғурадиган, дардимизни оладиган, дарду-ташвишларимизни, хурсандчилигу-шодиёналаримизни баҳам кўрадиган инсонлар бўлайлик. Ака-укалар, опа-сингиллар орасидан эса ҳеч қачон меҳр-оқибат дея аталмиш ришта узилмасин илоҳим!
Олтинсой туман бош имом хатиби котибаси: Давлатова Турдихол