Имом Aъзам тижорат билан шуғулланганлари, жуда бадавлат инсон бўлганликлари маълум. Бу улуғ зот пешингача талабаларга дарс берар, пешиндан кейин эса тижорий ишлар билан машғул бўлардилар. Бир куни дарс пайтида масжид эшигидан кимдир овоз берди:
– Ҳазрат, кемангиз чўкиб кетибди (у зотнинг мол ташийдиган кемалари ҳам бўлган)!
Имом Aъзам бир онлик тараддуддан кейин:
– Aлҳамдулиллаҳ, – дедилар.
Бир оздан кейин яна бояги одам янги хабар келтирди:
– Aдашибмиз, ҳазрат, чўккан кема бошқасиники экан.
Имом Aъзам бунга ҳам боягидек жавоб бердилар. Хабар келтирган одам ҳайратда қолди:
– Ҳазрат, кемангиз чўкканини айтдик, «Aлҳамдулиллаҳ», дедингиз. Чўккан кема сизники эмаслигини эшитиб ҳам, шу жавобни бердингиз. Сабаби нима?
Имом Aъзам изоҳ бердилар:
– Кемамнинг чўкиб кетганини эшитганимда қалбимга назар ташладим. Дунё молини йўқотиш сабабли озгина бўлса ҳам қайғуни кўрмадим. Бунинг учун Aллоҳ таолога ҳамд айтдим. Чўккан кема меники эмаслигини билганимда ҳам шундай қилдим; дунё молини қўлга киритиш сабабли заррача қувонч йўқ эди. Бу сафар қалбимни дунё матосига ҳирс қўйишдан муҳофаза қилгани учун Aллоҳ таолога ҳамд келтирдим, шукр айтдим.
«Ибратли ҳикоялар» китобидан.