Яратган парвардигоримиз биз бандаларини Ўзининг беҳисоб неъматларидан баҳраманд қилган экан, У ўз навбатида ана шу неъматларининг шукрини адо этиб боришимизга буюради. Мустақилликдек буюк неъмат туфайли юртимизда масжидларни тўлдириб, ёшу-қари эмин- эркин ибодатларини адо этишмоқда. Юртимиз йилдан-йилга обод бўлиб, халқимиз фаровонлиги йил сайин ортиб бормоқда. Демак, бунга жавобан кечаю-кундуз бу неъматларнинг шукронасини адо этиб бормоғимиз лозим бўлади. Бизларга берилган улуғ неъматлардан яна бири юртимиз тинч ва осойишталигидир. Ҳозирги кунда барчамиз ер юзининг турли жойларида бўлиб турган турли офат ва балолар ҳақида эшитиб, кўриб турибмиз. Юртимизни арозий ва самовий балолардан асраб тургани учун Аллоҳга беадад шукроналар айтмоғимиз лозим. Тинчлик ва хотиржамлик улуғ неъмат эканини ҳаммамиз яхши биламиз, аммо унинг қадрига етиш лозимлигини айримлар тушунмайди. Пайғамбар (с.а.в.) таъкидлаганларидек: “Икки неъмат борки, кўпчилик одамлар унинг қадрига етмайдилар. У сиҳат-саломатлик ва хотиржамликдир”. Шукр сўзи луғатда “миннатдорлик, розилик” маъноларини билдиради. Истилоҳда эса яхшилик қилувчининг яхшилигини мамнунлик билан эътироф этишни “шукр” дейилади. Шукр уч хил: қалб шукри, тил шукри, амалий шукр. Ҳар бир инсон ато этилган барча неъматлар Аллоҳ таолодан эканини билиб, унга иқрор бўлиши қалб шукридир. Ҳамиша Аллоҳ таолодан миннатдор бўлиш, унга ҳамду-сано айтиш тил шукридир. Тоат – ибодатда давомли бўлиш, эзгу амаллар қилиш, гуноҳлардан сақланиш амалий шукр бўлади. Мустақиллигимизнинг бардавомлиги, жонажон ватанимиз тинчлиги, бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – неъматнинг амалий шукронасидир. Пайғамбаримиз (с.а.в.) бундаймарҳамат қиладилар: “Қайси бирингиз тонгда уйқудан уйғонганида оиласи тинч, тани соғ ва уйида бир кунлик егулиги бўлса, билсин, унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан”. Инсон ҳар доим берилган неъматлар шукрини адо қилишга интилиши керак. Баъзилар қаноат қилмай, жонларини таҳликага қўйиб, бойлик илинжида, ноқонуний йўллар билан чет элларга кетади. Оқибатда, ўзини ҳам, оиласини ҳам, кўп қийинчиликларга дучор этади. Айниқса, катта ҳаёт остонасида турган ёшларимизга шукр, сабр-қаноат каби фазилатларни эгаллаш, илм-ҳунар ўрганиш сув ва ҳаводай зарур. Қалб кўзи очиқ, касб-ҳунарли одам ҳеч қачон бировга қарам бўлиб қолмайди.

“Пулхоким” жомеъ масжиди имом-хитиби А.Тошматов

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here