Салафийларга раддия

Арабистон ярим ороли ҳудудларида кенг тарқалган, замонавий техника тараққиёти туфайли интернет орқали бизнинг диёрларга ҳам суқилиб киришга улгурган тоифа – салафийларнинг хос ақийдаларидан бири бу –  “Аллоҳ осмонда, Аршнинг устида!”—деган бузуқ ақийдадир. Салафийлар (ваҳҳобийлар ҳам) Аллоҳ таолонинг Зотига нисбатан жиҳат исбот этишади. Яъни, Аллоҳ таоло юқорида, тепада, деб ишонишади ва бошқаларга ҳам шу ақидани сингдиришга уринишади. Уларнинг таянган далиллари қуйидагича:

Аллоҳ Қуръони каримда шундай деган:

الرحمن على العرش استوى

Раҳмон Аршга истиво қилди.  (Тоҳа сураси /5)

Худди шу оятдаги “истиво” сўзи “истиқрор” яъни “ўрнашмоқ, жойлашмоқ” маъносидадир. Шунга кўра, Аллоҳ Аршнинг устида унга жойлашган, деб эътиқод қиламиз. Чунки оятнинг зоҳири шуни тақозо этмоқда.

Салафийларга аҳли сунна уламолари тарафдан қуйидагича раддия берилади:

Биринчидан, Аллоҳ таоло ибтидосиз қадим Зотдир. Олам эса яратилган ҳодисдир. Арш эса шу оламнинг бир қисми ҳисобланади. Агар салафийлар айтганидек, “Аллоҳ Аршнинг устида ўрнашган” дейилса, “Аллоҳ кейин пайдо бўлган ҳодис нарсанинг устига жойлашган” деган хулоса келиб чиқади. Бу мантиқан мутлақо хатодир. Чунки ибтидосиз қадим бўлган Зот Аллоҳнинг кейин пайдо этилган ҳодис нарсанинг устида жойлашиши мантиқсизлик ва Аллоҳнинг улуғ шаънига нисбатан бузуқ эътиқод ҳисобланади.

Иккинчидан, Аллоҳ Аршдан олдин ҳам мавжуд эди. Арш эса кейин яратилган. Агар Аллоҳ Аршга жойлашган дейилса Аллоҳ Аршга муҳтож деган тушунча келиб чиқади. Аслида эса Аллоҳ ҳеч нарсага муҳтож бўлмаган ягона қодир Зотдир. Ёки “Арш ҳам азалдан Аллоҳ билан ибтидосиз қадим” деган тушунча келиб чиқади. Бу ҳам асли йўқ, ботил тушунчадир.

Учинчидан, Аллоҳ азалдан Аршу само яралишидан олдин маконсиз Зот бўлган. Агар Арш яратилгач Аллоҳ Аршга ўрнашди, дейилса, Аллоҳ кейинчалик ўзгарган экан. Арш яратилишидан олдин маконга эҳтиёжи бўлмаган, Арш ва само яралгач эса Аллоҳ Аршга муҳтож бўлган, яъни асли ҳоли ўзгарган, деган ботил тушунча келиб чиқади. Ўзгарувчанлик Аллоҳнинг улуғ шаънига номуносиб сифатдир.

Тўртинчидан, агар Аллоҳ Аршга жойлашган дейилса, бундан келиб чиқадики Аллоҳ ёки Арш билан баробар, ёки ундан кичикроқ, ёки каттароқ бўлади. Бу тушунча ҳам Аллоҳ таолонинг шаънига нолойиқ ботил тушунчадир.

Олтинчидан, уларнинг суянган далилларига келсак, у оятга аҳли сунна уламолари тарафдан қуйидагича тафсирлар айтилган:

Улуғ тобеин Абу Муҳаммад Саъийд ибн Мусайяб ибн Ҳазн Махзумий раҳматуллоҳи алайҳи (94-ҳижрий санада вафот этганлар) айтадилар:

نقول: استوى بلا كيف ولا نثبت مكان لأن الله كان قبل خلق المكان والآن على ما كان قبل

У зот «қаердалик»сиз истиво қилган деймиз. Маконни исбот қилмаймиз. Чунки Аллоҳ маконни яратишидан олдин ҳам бор эди ва ҳозир ҳам олдин қандай бўлса ўшандекдир (Абул Қосим Ҳиндий «Ал-баён фий шарҳи сифотир-Раҳмон»).

улуғ саҳоба Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу шундай деганлар:

كان الله و لا مكان و هو الآن على ما كان

Аллоҳ таоло бирор макон ҳали мавжуд бўлмаган вақтда ҳамбор эди, У ҳозир олдин қандай бўлса худди ўшандайдир. (Абу Мансур Бағдодий «Ал-фарқу байнал фирақ»).

Салафий-ваҳҳобийларнинг айни шу мавзудаги ақидасига қарши салаф ва халаф уламоларининг сўзларидан юзлаб далиллар келтириш мумкин. Аммо мақсадни ифодаси учун юқоридаги жавоблар етарли деб умид қиламиз.

Хулосатул калом шуки салафийлар эътиқодда қўпол хатога йўл қўйиб тўғри йўлдан тойган тоифадир. Уларга эргашиш жаннат йўлидан четга чиқиш дегани. Аллоҳ барчамизни ҳақ йўлда, тўғри эътиқодда собитқадам қилсин!

 

Олтинсой тумани «Саййид Мухиддинхон» жоме масжид имом хатиби  Сирожиддин Мухиддинов

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here