Рабиъул аввал, ҳижрий йил ҳисобида, учинчи ой номидир. Бу ойга мусулмонлар ўзгача эътибор билан қарайдилар. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айнан шу ойда туғилганлар…

Омина онамиз Саййидул мурсалинга ҳомиладор бўлган эди. Унинг ҳомиласи оддий эмас, хайрли-баракали ҳомила эди. Ҳали дунёга келмаган гўдак ҳурматидан Аллоҳ таоло Маккага бостириб кирган Абраҳа бошчилигидаги катта бир қўшинни ҳалок этди.

Омина туш кўрар эди. Тушида ғоибдан келган овоз унга: “Сен бу умматнинг улуғига ҳомиладор бўлдинг”, деб айтарди. Каъбани бузиш ниятида келган фил эгалари маҳв этилганидан эллик кун ўтиб Оминани тўлғоқ тутди.

Оминанинг фарзанди одатдагидек ўзгача ҳолатда дунёга келди: Расули акрам, Саййидул башар соллаллоҳу алайҳи ва саллам рабиул аввал ойининг ўн иккинчисида, душанба куни (милодий 571 йил, 20 апрелда) нур бўлиб дунёга келдилар. Бу нур жоҳилият зулматини парчаловчи, ширк ва бидъат-хурофотларга барҳам берувчи ҳидоят нури эди. Аллоҳ таоло айтади: “(Эй Муҳаммад,) Биз Сизни оламларга раҳмат қилиб юборганмиз” (Анбиё сураси, 107-оят).

Расулуллоҳ салоллоҳу алайҳи васаллам  бутун оламларга раҳматдирлар. Мўминлар у зот олиб келган ҳидоят сабабли икки дунё саодатига эришадилар. Кофир ва мушриклар қилган иши туфайли дунёга оммавий бало-офат келмаслиги учун ҳам раҳматдирлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, бир куни: “Ё Расулуллоҳ, мушрикларни дуоибад қилинг!” деб сўралди. Шунда у зот: “Мен лаънат айтувчи эмас, раҳмат этиб юборилганман”, дедилар” (Муслим ривояти).

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен оламларга раҳмат, тақводорларга ҳидоят этиб юборилганман”, деб марҳамат қилганлар (Абу Нуайм “Далоил”да ривоят қилган).

Рабиъул аввал ойида мусулмон диёрларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сийратларини ўрганишга эътибор кучаяди, у зотнинг муборак ҳаётлари омма халққа янада кенгроқ таништирилади. Зеро, Аллоҳ таоло шундай деган: “(Эй мўминлар,) албатта сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган, Аллоҳни кўп ёд этган кишилар учун – Аллоҳнинг Пайғамбарида (у зотнинг имон-эътиқоди ва хулқ-атворида) гўзал намуна бордир” (Аҳзоб сураси, 21-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг айтган ҳар бир гаплари, ишлари, ҳолатлари, ҳатто сукутларида ҳам биз мўмин-мусулмонлар учун ибрат бор. Ким у зотга эргашса, энг яхши умматнинг сара инсонлари қаторидан жой олади.

Рабиъул аввал ойида, шунингдек, севикли Пайғамбаримиз ҳақларига салавот ва саломлар йўлланади. Ул муҳтарам зот: “Ким менга бир марта салавот айтса, Аллоҳ унга ўн марта салавот айтади”, деб марҳамат қилганлар (Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган).

Саналган бу амаллар қиёмат куни Ҳабибимиз шафоатларига эришишимиз учун восита бўлишидан умид қиламиз. Аллоҳ таоло бу ойни барчамизга муборак айласин, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётларини ўрганиб, суннатларига астойдил амал қилиб, Ўзининг розилигини топишимизни насиб этсин.

Олтинсой туман “Рахмонберди хожи” жоме масжиди имом хатиби

Абсаломов Зикрулло

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here