Ёмон гумон.
Аллоҳ таоло иймон келтирган бандаларини ёмон гумон қилишдан четда бўлишга чақириб шундай деган: «Эй иймон келтирганлар, кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир……(«Ҳужурот»,12).Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Гумон қилишдан сақланингиз! Чунки гумон – сўзларнинг энг ёлғонидир», дедилар.Ўзаро низолар ва келишмовчиликлар кўпроқ бир-биридан ёмон гумонда бўлишдан келиб чиқади. Кимнинг фикр-хаёлига бадгумонлик ўралашса, ўша одам гумонини тасдикдаш учун, зимдан, у одамнинг ўзига билдирмасдан, унинг айбларини, заиф томонларини билиб, далил қидира бошлайди. Далил топилгач, ўзига ўхшаган ҳамфикр киши билан баҳам кўради ва ғийбат қилишга ўтади.Бадгумонлик, жосуслик ва ғийбат тақводор мўминлар нафратланган ва ундан узоқроқ туришга интилган иллатлардир. Чин мўмин кишининг қалби бу каби жирканч иллатлардан пок бўлмоғи зарур.Чунки бу иш Ислом динининг асосий ғояларидан бири — инсоннинг иззат-икроми, ҳурмат ва обрўйини ҳимоя қилиш масаласи билан боғлиқдир.Мўминлар Қуръон оятларини доим эслаб юрганлари боис умрларининг охирига қадар Аллоҳга хуш келмаган барча амаллардан узоқ туришга интиладилар. Улар бошқалар ҳақида ёмон гумонга бориш, улар ҳақида маълумот тўплашга интилмайдилар. Улар абадий ҳаёт саодати учун мудом интилганлари боис бу каби фойдасиз ишларга вақтлари йўқ. Суҳбат чоғида ўзи бўлмаган, лекин эгаси эшитса хафа бўладиган сўзларни гапиришдан тийиладилар. Биров ҳақида ёмон гумонга бормай, унинг яхши сифатларини эслаб, гумонларини тилга чиқаришдан эҳтиёт бўладилар. Ҳикматлар Чашмаси китобида ГУМОН ЭГАСИГА ЎХШАЙДИ!..номли бир ибратли ҳикоя келтирилади,
Уч дўст кечаси йўлда кетаётиб, йўл четида бир кишининг ўра қазиётганини кўриб қолишибди. Шунда улардан бири шерикларига: “Қаранглар, ана у киши йўлнинг чеккасида ўра қазияпти. Менимча, у кимнидир ўлдирган бўлса керак, тунда кўммоқчи шекилли?!”, дебди. Иккинчиси: “Йўқ, йўқ, у киши қотил эмас! У киши ҳеч кимга ишонмас экан, шунинг учун мол-мулкини кечаси одамлардан яшириб беркитяпти шекилли”, дебди. Учинчиси эса уларга қараб: “Ундай ҳам эмас, бундай ҳам эмас. Бу киши солиҳ инсон, бу киши одамлар фойдаланиши учун қудуқ қазияпти”, дебди. Ҳа, ҳар бир инсон ўзининг ҳолатидан келиб чиқиб фикр юритади. Яхши инсон ўзга одамлар ҳақида яхши гумонда бўлади. Ёмон инсон эса ўзгалар ҳақида ёмон гумонда бўлади. Хулоса қилиб айтганда мўмин оила аъзолари, дўстлари, яқинларини ҳам бу салбий сифатлардан сақланишга чақиради. Чунки ёмон гумон ортидан келиб чиқадиган жосуслик, ғийбат ва унинг даҳшатли оқибатлари мўминларни бефарқ қолдирмаслиги лозим.
✍️✍️Сариосиё тумани» Имом Низомиддин Сангардакий» жоме масжиди имом хатиби Обиджон Исмоилов.
© O’zbekiston musulmonlari idorasi Surxondaryo viloyat vakilligi Matbuot xizmati