Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан бирортангиз ўзи учун яхши кўрган нарсани биродари учун ҳам раво кўрмагунча мўмин бўла олмайди», дедилар».Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган. Бу ҳадисни барчамиз яхши биламиз. Саҳиҳ, ишончли ҳадис. Уламолар ушбу ҳадис тўғрисида “Бу ҳадис – Исломнинг устунларидан бири”, “Бу ҳадис – Исломнинг қоидаларидан бири”, “Бу ҳадис – Исломнинг мадори бўлган ҳадислардандир” деган гапларни айтишган. Ҳадисдаги “мўмин бўла олмайди” дегани “комил мўмин бўла олмайди” деган маънодадир.Шу даражада улуғ ҳадис, ўзи ҳам, маъноси ҳам, ундан чиқадиган ҳукмлари ҳам улуғдир. Хўш, биз унга қанчалик амал қиламиз?!Қани, инсоф билан айтайликчи, ўзимиз учун яхши кўрган нарсани мусулмон биродаримиз учун ҳам илинамизми, раво кўрамизми?!

 

Автобус ўриндиғида кетяпсиз. Тик турган одам йўқ. Аммо ҳамма ўриндиқлар банд. Шу пайт бир мусулмон киши автобусга чиқди. Ўтириб кетишни истайсиз, ўзингизга ёқади. Дарҳол ўрнингиздан туриб, ўзингизга ёққан нарса – ўтириб кетишни ўша янги йўловчига илинасизми, унга жой бўшатасизми?!

Жума куни масжидга келдингиз. Ҳамма ичкарида, салқин жойларда ўтирибди. Сиз салқинда ўтирганларнинг сўнггиси бўлиб турибсиз. Ёнингизга бир намозхон диндошингиз келиб ўтирди. У ўтирган жой офтоб нури тушиб турган, иссиқ тафтини уриб турган жой эди. Салқинда ўтириш мазза. Дарҳол жойингизни у билан алмашасизми?!

Уйдаги таом ортиб қолди. “Эртага ермиз” деб совутгичга қўйдингиз. Эртаси куни янги таом пиширилгани сабабли сотувгичда овқат борлиги эсингиздан чиқиб қолди. Орадан бир неча кун ўтгач ўша овқатга кўзингиз тушиб қолди. Олиб, иситиб емоқчи бўлдингиз, “Икки кунлик овқатни ейманми?” деган нарса хаёлингиздан ўтди-да, емадингиз, аммо ташлаб юборишга кўзингиз қиймаяпти. Шу таомни, яъни ўзингиз ейишга ботинолмаган таомни қўшнингизга берасизми ёки унга янги пиширилган таомдан чиқарасизми?!

Бирор нарса харид қилиш, ойлик маошни олиш ва ҳоказо ўринларда ўз навбатингизни сиздан кейинги кекса, кутишга, кўп тик туришга мадори етмайдиган кишига берасизми ёки кекса одам тургани билан ишингиз бўлмайдими?!

 

Бу каби саволларни кўплаб келтириш мумкин. Мақсад саволни кўпайтириш эмас, балки шу каби саволларга жавобимиз қандай бўлиши кераклигини ўрганишдир. Агар сиз юқоридаги саволларга “Ҳа, илинаман, раво кўраман” деб жавоб берган бўлсангиз, бунинг учун Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар айтинг! Бордию бу саволларга жавобингиз “Афсус, бундай қилмайман” деган жумла бўлса, у ҳолда Аллоҳ таолодан кечирим сўранг, Унга тавба қилинг. Бу ҳадисга амал қилсак, жамиятда ўзаро аҳиллик, биродарлик, инсонпарварлик ва одамлар орасида меҳр кучаяди, ўзимиз ҳам комил мўмин бўламиз.

 

Азизлар, юқоридаги буюк ҳадисга амал қилиб, комил мўмин бўлайлик!

Аллоҳ таоло барчамизни ушбу ҳадисга амал қилувчилардан ва комил мўминлардан айласин, омин!

Олтинсой тумани «Қорлиқ» жоме масжиди имом хатиби                                                     Турдиев  Хамидуллоҳ

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here