Одам боласининг феъли ғалатида, йўқотганлари топганларидан кўп бўлса-да, ҳаёт берганларини минг чандон зиёд қилиб қайтариб олса-да, гуноҳлари Уҳуд тоғичалик бўлсаю, қалбида ҳузун, тилида тавба бўлмаса-да, кулади. Кулаверади. Ўзи каби адашганни, ношойиста йўлда юрганларни кўрса ҳам кулади. Балки шунинг учун ҳам жоҳилдан оқилликни, ахмоқдан доноликни, беодобдан одобни ўрган, дея насиҳат қилар буюклар?
Ўзбек аёли ҳақида мақола ёзиш осон эмас албатта, «Аёл, айниқса, унинг маънавий олами ҳақида гапирмаган мутафаккир, куйламаган шоир йўқ. Айниқса Ўзбек аёлининг маънавияти ҳақида ёзиш нақадар қийинлиги қоғоз билан юзма-юз қолганда яққол билинади. Чунки энг зўр ва таъсирли гаплар айтиб қўйилган. Ўтмишдаги фақат ўз оиласи эмас, балки бутун бошли салтанатлар тақдирини ўзгартириб юборган буюк аёллар ҳақида ҳам қайта-қайта ёзилган.
Отаси ўқиганни бири ўқийди, онаси ўқиганни бари… Ҳар қандай миллат даражасини шу миллат аёлининг даражаси белгилайди. Чунки халқ аёлидан баланд бўлолмайди. Негаки, халқ аёлнинг маҳсулидир. Ўзбекдаги: «Алпни ҳам, олимни ҳам она туғади», деган ҳикмат бежиз эмас. Аёлнинг ўзи-ку ҳар қаерда ҳам табиатнинг бир сирли хилқати. Лекин ўзбек аёли бутунлай сирлар пардаси тагида. У дунёдаги кўпгина халқларнинг аёлидан тамомила фарқ қилади.
Ҳаёт бу олий хакам деб бежиз айтилмаган. “Шоли курмаксиз бўлмас”–деган нақл бежиз эмас. Афсуслар бўлсинки, шу ширин сўз, оқила аёллар орасида тилига эрк бермаган, ҳаммани дилини вайрон этган, кибру ҳаво ошноси бўлган, ғийбат, чақимчиликда барчани безор қилган дил озор аёллар ҳам йўқ эмас.Билмадим. Аммо қалбни тозаламай, руҳиятни юксалтирмай туриб инсонликка юз буриш маҳолмикан, деб ўйлайман айримларни кўрганимда. Ва яна мулоҳазаларим шуни тақозо қиладики, олий маълумотли деган мақом ва уни тасдиқловчи диплом кимсанинг маънавий даражаси ва комиллигига ҳужжат бўлолмас экан. Инсон маънан ва руҳан етук, баркамол бўлиши учун Аллоҳ унинг зуваласига одамийлик, фаросат ва тафаккур деган тушунчаларни она қорнидаёқ қўшган бўлиши керак экан. Зотан бу нарсаларни энг номдор олий ўқув юртлари ҳам, оқилу лонишмандликда тенги йўқ устоз ҳам кишининг фитратига сингдиролмайди. Оддийгина қилиб айтганда, инсонийлик илми ўрганадиган илм эмас, илоҳий илм саналади. Дуо қилинг, инсонийлик илмидан бебаҳра қўймасин ҳеч биримизни. Йўқ-са, Худо асрасин, ҳатто жоҳиллар ҳам ҳазар қиладиган ғофилга айланиши ҳеч гап эмас экан одамнинг…
Назира опанинг қўшниси бир ойлик келинчакни ҳайдади-юборди. Келин кўнглидагидай эмасмиш. Овқатлари бемаза, уй тутиши маъқул эмасмиш.
Буни эшитдию, Назира опа эгнидаги кўйлагига сиғмай семирди. Ҳар куни қўшнисинига чиқади. Ўзи айтмоқчи “бориб мазах қилиб, устидан куламан. Келини ҳайдаб юбориб, энди яна ўзи ялиниб бориб олиб келмоқчи экан”… Мусулмонга мусулмон биродарининг мусибатини масхара қилиш, биродарининг бошига мушкул савдо тушганида қувониш- ҳаром. Ҳаром-ҳалол, гуноҳ-савобни ажратишдан маҳрум ғофила қўшнисининг ахмоқлиги учун бошига тушган оғир кундан ҳузур қиляпти. Ваҳоланки, унинг ҳолати, рафторию қисмати қўшнисиникидан минг чандон абгор. Аммо гуноҳлар киридан қорайиб кетган қалбга тафаккур нури инмаса ҳам ёмон экан. Жуда ёмон экан.
Қизи ота-онасининг нобоп феълига чидаёлмай хорижга чиқиб кетган. Неча йилдирки ўша ерда яшайди. На қўнғироқ қилади, на ота-онасининг ҳол-аҳволидан хабар олади. Ўғли уйландию, “бировнинг ҳасми”га айланди. Ҳамма уйда бош раҳбар эр бўлса, уникида фармонбардорлик хотинининг оила аъзолари қўлида. “Меҳнаткаш, қўли гул, чаққон” ва ҳоказо таърифу тақсинлар билан олган келини “берсанг ейман, урсанг ўламан” чиқди. На рўзғорга меҳр беради, на уй-жойга. Ўтган йили ўғли одамларнинг хизматини қилиб топган уч-тўрт сўм пулига эчки-қўзи олган эди. Қочиб кетмасин деб бўйнидан арқонлаб қўйган экан. Келин кун бўйи уйда ётавериб, икки улоқча бир-бирининг ипига ўралиб, ўлиб қолганини билмай ҳам қолибди. Кечқурун уйга келган эр молларидан хабар олгани борса, улоқчаларининг ўлиги устидан чиқади. Қолган болаларининг ҳам ҳаёти кўнгилдагидек эмас. Бир ўғли юрак порогидан қийналади. Яна бир ўғлининг ҳам турмуши силлиқ эмас. Хуллас, у ўз ҳаётини тафтиш қилиб кўрса, асли мазах қилинишга, таҳқирланишга унинг ўзи лойиқ эмасми? Бировнинг мусибатидан қувонч топиб, уни масхара қилгандан кўра феълини ислоҳ қилишни сўраб юкунмасми Яратганга?..
Бундай қилолмайди. Чунки унинг тарбияси ҳаминқадар. Шу ҳолича тарбия кўрган у. Ўзгаролмайди. Ўзгармайди. Ўзгариш учун ҳам айтилганидек, зуваласига Аллоҳ ҳидояту тавфиқ қўшиб қорган бўлиши керак эди…
Дарвоқеъ, олий маълумотли ўқитувчи у. Бир неча йиллар ўқитувчилик қилган, айни пайтда пенсияда бекорчиликдан маҳалланинг гап-сўзию, ғийбатларига мавзу топиб беради. Кимнингдир ножоиз йўлда юрган қизи борми, бировнинг ўғли адашганми, кимнингдир уйида зиддият пайдо бўлганми, гапи энг аввало ундан чиқади. Шундай гапирадики, бандаликдан баланд тургандек гўё. Шундай гапирадики, ўзи гуноҳ ва хатолардан буткул поклангандай. Шундай кибрга бериладики, гўё ўзининг оиласи тинч, фарзандлари гўзал тақдирдан масъуддай…
Заҳар тили туфайли атрофдагилар ундан безган. Ҳатто болалари ҳам “онам” деб эшикдан иккита нон кўтариб келмайди. Аччиқ киноялари, кўнгилга тегадиган маломатлари билан болаларини ҳам бездириб юборган ўзидан. Эри ҳам бир умр иложсиз яшади у билан. Бефаросат, беҳаё хотин билан умрни совуриш — ёруғ дунёнинг дўзахидир. Эри дўзахдан халос бўлиш учун уринди, тиришди. Аммо чора тополмади. Охир-оқибат оилада, фарзандларининг олдида ҳурматини йўқотди. Оиласида ҳурмати бўлмаган кишини жамиятда ким эъзозларди? Ота ўрни йўқолган, эркак мақоми пастлаган хонадонда ўсган болаларнинг қисмати нима бўларди? Эҳҳе, унинг мусибатларини санаб адо қилиб бўлмайди. Нобоп феъли туфайли эр уйида бахт топиш, эъзозу ҳурмат топишдан бебаҳра бўлди у.
Бадфеллиги сабаб фарзандлари онам дейишга ор қиладилар уни. У эса қисматини, феълини ва икки дунёда шармисорлигини мулоҳаза қилмайди. Яшайверади сўқир бўлиб. Кулаверади номус қилмай. Умри эса ўтиб боряпти. Атрофидагилар ундан безиб узоқлашиб кетаяпти. Ёлғизланиб боряпти у. Аллоҳ ўз ҳолига ташлаб қўяяпти уни. У эса баридан бехабар кирланган ва тошдай қотган қалб билан яшамоқда… Тангрим яратган барча аёлларга инсофи тавфиқ, ақл фаросат, меҳру оқибат, фаҳму фаросат берсин. Бу мақолани ўқиб, Аллоҳим дил озорларга, тилига эрк бермайдиган ғийбатчи, чақимчи, ношудларга инсофу тайфиқ беришини, қолганларга эса ибрат бўлишини Аллоху таоллодан сўрар эдим.
ЎМИ Сурхондарё вилояти вакилининг хотин қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Хосият Касимова