Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

 Оламларнинг Рабби Аллоҳга ҳамду санолар ва жаноб Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) пайғамбаримизга саловатлар бўлсин.

Пайғамбар алайҳиссаломнинг шундай деганлари Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мўминнинг саховати — унинг дини, гўзал хулқи — унинг мартабаси, мардлиги — унинг ақлидир” (Ибн Ҳиббон ривояти).

Бугунги мавзумиз исломда Қасам ва унинг хукмлари ҳақидадир.

Қасам уч турлидир:

— кишининг ўтган нарсани қилгани ёки тарк этганига қасддан ёлғон қасам ичиши ғамусдир. У ила гуноҳкор бўлади.

— Ўшанда ўзи ҳақ эканини гумон қилса-ю, иш аксинча бўлса, қасам беҳудадир. Бунда афв этилиши умид қилинади.

— Агар келажак нарсага қасам ичса, қасам боғланади. Мана шу қасамдагина қасамхўр бўлса, каффорат ўтайди. Агар қасамни ёки қасамхўрликни унутиб ёки мажбурланиб қилган бўлса ҳам.

Қасам «Аллоҳ» лафзи билан ёки Роҳман, Роҳийм ва Ҳақ каби исмларидан бири билан ёхуд Аллоҳ таолонинг қасам ичса бўладиган иззати, жалоли, кибриёси, азамати ва қудрати каби сифатларидан бири билан бўлади.

Набий, Қуръон, Каъба каби Аллоҳдан бошқа нарсалар билан ва раҳмати, илми, ризоси, ғазаби, аччиғи ва азоби каби урфда қасам ичиб бўлмайдиган сифатлари билан бўлмайди. Кишининг «Ла амруллоҳи», «Ва аймуллааҳи», «Ва аҳдиллааҳи ва мийсақиҳи», дейиши, «қасамки», «онтки», «ашҳаду», деганидан кейин «биллааҳи»ни айтмаса ҳам, «Зиммамда назр, ямин, аҳд бор», деганида «Аллоҳ учун», демаса ҳам қасамдир.

Агар фалон нарсани қилса у кофир эканлигини айтса, агар кофир бўлмаса ҳам, ўтган замонга боғладими ёки келасига, барибир қасамдир.

«Савганд михўрем ба Худой» ҳам қасамдир. «Ҳаққан», «Аллоҳнинг ҳаққи-ҳурмати», «Савганд хўрам бо Худой» ёки «Ба талоқи зан», деса ёки агар фалон ишни қилса, унга Аллоҳнинг ғазаби, аччиғи ёки лаънати бўлишини айтса, ёхуд «Фалон ишни қилсам, мен зинокор ёки ўғри, ёхуд ароқ ичувчи-ю, рибохўр бўлай», деса, қасам бўлмайди.

Қасам ҳарфлари «вов», «бо» ва «то»лардир. Гоҳида «Аллоҳи ла афаъланна»дагига ўхшаб у яширин суратда ҳам ишлатилади.

Биз «қасам» деб таржима қилган сўз араб тилида «ямин» деб келган.

Умуман олганда, бизнинг тилимиздаги «қасам» ва «онт» сўзлари ўрнига араб тилида «қасам», «ҳалиф» ва «ямин» сўзлари ишлатилади. «Ямин» сўзи Туркияда ҳам араб тилидаги маъносида ишлатилади.

«Ямин» сўзи «ўнг томон», «ўнг қўл» маъноларини англатади. Арабларда қасамга «ямин» сўзи ишлатилишининг сабаби, уларнинг одатлари бўйича кишилар ўзаро қасам ичишганларида бир-бирларининг ўнг қўлидан тутиб туриб қасам ичишар экан.

«Ямин» шаръий истилоҳда қуйидагича таърифланади:

«Аллоҳ таолонинг исми ёки У Зотнинг сифатларидан бирини зикр қилиш ила эҳтимоли бор бир ишни таъкидлаш яминдир».

Бошқа бир таърифда:

«Хабарни Аллоҳнинг зикри ёки таълиқ ила кучлантириш яминдир», дейилган.

Қасамнинг сабаби – қасам ичувчи ўзининг ростгўйлигини тингловчига таъкидлашни ёки ўзини бир нарсани қилиш ёки тарк этишга мажбурлашни қасд қилишидир.

Қасамнинг шарти – қасам ичувчининг мукаллаф бўлмоғи.

Қасамнинг рукни – қасам ҳосил бўладиган лафз.

Қасамнинг ҳукми – унинг амалга ошишида яхшилик бўлиши ва амалга ошмаганида каффорат бериш.

Биз тушунарли бўлиши учун ўзимизда урф бўлиб қолган «қасам» сўзини ишлатаверишни маъқул кўрдик.

Қасам иккига тақсимланади: Аллоҳ таолонинг исми ила бўлган қасам ва У Зотдан бошқа билан қасам.

Биринчи турдаги қасам Қуръони Каримда зикр қилинган:

 

Аллоҳ таоло:

«Осмону ернинг Робби ила қасамки, албатта, у (ваъда) худди сиз нутқ қилаётганингиз каби ҳақиқатдир», деган (Зарийаат сураси, 23-оят).

 

Аллоҳ таоло:

 «Машриқлар ва мағриблар Робби билан қасам ичаманки, албатта, Биз қодирмиз… ўринларига улардан яхшироқларини алмаштиришга. Ва Биз ожиз эмасмиз», деган (Маъориж сураси, 40-41-оятлар).

Қасам суннатда ҳам бор.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қасамлари «Лаа» ва «Муқаллибал қулуби» эди».

Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.

 

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қасамга урғу берадиган бўлсалар, «Абул Қосимнинг жони қўлида бўлган Зот ила қасамки», дер эдилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

Мусулмон уммати Аллоҳ таолонинг номи ила қасам ичиш шариатда борлигига қадимдан иттифоқ қилган.

Аллоҳ таолонинг номидан бошқа ила қасам ичиш макруҳдир.

 

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Умарнинг бир гуруҳ отлиқлар ичида отаси ила қасам ичаётганини билиб қолдилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга: «Огоҳ бўлинглар! Аллоҳ азза ва жалла сизларни оталарингиз ила қасам ичишдан қайтаради! Ким қасам ичадиган бўлса, Аллоҳ ила қасам ичсин, бўлмаса жим турсин», деб нидо қилдилар.

Умар: «Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг наҳийларини эшитганимдан буён на ўзим ўшандоқ қасам ичмадим ва на бошқанинг ўшандоқ қасамини ҳам тилимга олмадим», деди».

Бешовлари ривоят қилишган.

Энди бу масала бўйича «Мухтасари Виқоя»да келган матнларни ўрганишга киришайлик.

Қасам уч турлидир:

  1. Кишининг ўтган нарсани қилгани ёки тарк этганига қасддан ёлғон қасам ичиши ғамусдир. У ила гуноҳкор бўлади.

«Fамус» сўзи луғатда «чўмилиш», «кўмилиш» деган маъноларни англатади. Чунки ундай ботил қасам ўз эгасининг жаҳаннам оловига чўмилишига, кўмилишига сабаб бўлади.

 

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Гуноҳи кабиралар: Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш, одам ўлдириш ва ғамус қасамдир», дедилар».

Бухорий ривоят қилган.

 

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким бир мусулмон одамнинг (ёки «ўз биродарининг», дедилар) молини узиб олиш учун ёлғон қасам ичса, Аллоҳга йўлиққанида У Зот ундан ғазабланган ҳолда бўлур. Бас, Аллоҳ ўшанинг тасдиғини: «Алоҳнинг аҳдини ва ўз қасамларини озгина баҳога сотадиганлар – албатта, ана ўшаларга охиратда яхши насиба йўқдир», деб нозил қилди», дедилар».

Бешовлари ривоят қилишган.

 

Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким ёлғондан лозим қилувчи қасам ичса, ўзининг дўзахдаги ўриндиғига тайёрланаверсин», дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

  1. Ўшанда ўзи ҳақ эканини гумон қилса-ю, иш аксинча бўлса, қасам беҳудадир. Бунда афв этилиши умид қилинади.

Ҳанафий ва моликий мазҳаблари бўйича, киши бир нарсани тўғри деб гумон қилиб қасам ичса-ю, нотўғри чиқиб қолса, унинг айтганлари «беҳуда қасам» бўлади. Бу ҳолатда унга на гуноҳ ва на каффорат бўлмайди.

Тил ўрганиб қолганидан ўйламай-нетмай ичиладиган қасамга ҳам «беҳуда қасам» дейилади. Айниқса, арабларда «қасам» лафзи осон чиқади. Сўз орасида ҳам «Валлоҳи», «Биллааҳи», «Таллоҳи», деб юбораверишади. Бунда қасам ичиш нияти умуман бўлмаса ҳам, тил ўрганиб қолган бўлади.

Туркий халқларда ҳар нарсага «Худо урсин», деявериш ҳам шунга ўхшайди.

Бир куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалардан бирлари билан йўлда кетаётиб, ов қилаётган кишиларнинг олдидан ўтиб қолишди. Шунда:

«Аллоҳга қасамки, урдим», «Аллоҳга қасамки, хато қилдим», деган овозлар эшитилди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан кетаётган киши: «Қасамхўр бўлишдими?» деб сўради. Пайғамбар алайҳиссалом: «Йўқ, овчиларнинг қасами беҳуда бўлади. Каффорат ҳам, уқубат ҳам йўқ», дедилар.

Демак, беҳуда қасам кечирилгандир, унинг учун ҳеч қандай гуноҳ ҳам, жазо ҳам йўқ. Лекин мусулмонлик одоби кўп қасам ичмасликни тақозо қилади.

Оиша розияллоҳу анҳодан Аллоҳ таолонинг: «Аллоҳ сизларни беҳуда қасамларингиз учун тутмас», деган қавли ҳақида ривоят қилинади:

«Бу оят бировнинг «Йўқ, валлоҳи!» ва «Ҳа, валлоҳи!» каби гапи ҳақида нозил қилинган».

Бухорий ривоят қилган.

 

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У (беҳуда қасам) – кишининг ўз уйида «Йўқ, валлоҳи!» ва «Ҳа, валлоҳи!» дейишидир», дедилар».

Абу Довуд, Ибн Ҳиббон ва Байҳақий ривоят қилишган.

  1. Агар келажак нарсага қасам ичса, қасам боғланади. Мана шу қасамдагина қасамхўр бўлса, каффорат ўтайди. Агар қасамни ёки қасамхўрликни унутиб ёки мажбурланиб қилган бўлса ҳам.

Одатда оддий қасам худди шу қасам ҳисобланади. Бундай қасам ичган одам қасамига содиқ қолиши лозим. Агар қасамида турмаса, қасамхўр бўлади ва гуноҳ содир этган ҳисобланиб, каффорат бериши вожиб бўлади.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида:

 

«Аллоҳ сизларни беҳуда қасамларингиз учун тутмас. Лекин қалбларингиз касб қилган нарса учун тутадир. Ва Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта ҳилмлидир», деган (225-оят).

Қасам «Аллоҳ» лафзи билан ёки Роҳман, Роҳийм ва Ҳақ каби исмларидан бири билан ёхуд Аллоҳ таолонинг қасам ичса бўладиган иззати, жалоли, кибриёси, азамати ва қудрати каби сифатларидан бири билан бўлади.

Набий, Қуръон, Каъба каби Аллоҳдан бошқа нарсалар билан ва раҳмати, илми, ризоси, ғазаби, аччиғи ва азоби каби урфда қасам ичиб бўлмайдиган сифатлари билан бўлмайди.

Чунки мазкур лафзлар билан қасам ичиш урфда йўқ. Бунинг устига, мисол учун оладиган бўлсак, раҳмат деганда гоҳида ёмғир ёки жаннат каби унинг турли кўринишлари ирода қилинади. Бу ҳолда Аллоҳдан бошқа билан қасам ичилган бўлиб қолади. Бу ерда зикр қилинган бошқа сифатларнинг барчаси ҳам шунга ўхшашдир.

Кишининг «Ла амруллоҳи», «Ва аймуллааҳи», «Ва аҳдиллааҳи ва мийсақиҳи», дейиши, «қасамки», «онтки», «ашҳаду», деганидан кейин «биллааҳи»ни айтмаса ҳам, «Зиммамда назр, ямин, аҳд бор», деганида «Аллоҳ учун», демаса ҳам қасамдир.

Мазкур лафзлар ва услублар билан қасам ичиш одатда арабларга ва араб тилига хосроқдир.

Агар фалон нарсани қилса у кофир эканлигини айтса, агар кофир бўлмаса ҳам, ўтган замонга боғладими ёки келасига, барибир қасамдир.

Чунки куфрни бир феълга боғлаш ўша феълни ҳаром қилишдан иборатдир. Ҳалолни ҳаром қилиш эса қасам ҳисобланади. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Ким яҳудий ёки насроний бўлиш ҳақида онт ичса, қасамдир», деган.

«Савганд михўрем ба Худой» ҳам қасамдир.

Яъни араб тилидан бошқа тилда келаси замон феълида «Худо билан қасам ичаманки», деса ҳам қасам бўлади.

«Ҳаққан», «Аллоҳнинг ҳаққи-ҳурмати», «Савганд хўрам ба Худой» ёки «ба талоқи зан», деса ёки агар фалон ишни қилса, унга Аллоҳнинг ғазаби, аччиғи ёки лаънати бўлишини айтса, ёхуд «Фалон ишни қилсам, мен зинокор ёки ўғри, ёхуд ароқ ичувчи-ю, рибохўр бўлай», деса, қасам бўлмайди.

Чунки бу ишларнинг бирортаси билан қасам ичиш урфда бўлмаган ва уларнинг қасамдан бошқа маънони англатиши кучлидир.

Қасам ҳарфлари «вов», «бо» ва «то»лардир. Гоҳида «Аллоҳи ла афаъланна»дагига ўхшаб у яширин суратда ҳам ишлатилади.

Араб тилида қасам турли услублар билан бўлади. Очиқ қасам ичиш маъносидаги сўзлар билан ёки қасам ҳарфлари, жумладан, «вов», «бе», «то» ҳарфлари билан.

Қуръони Каримнинг бир қанча суралари қасам билан бошланган. Уларда қасам лафзлари ишлатилмайди, балки қасам ҳарфларининг ўзи кифоя қилади. Мисол учун, Наазиаат сурасидаги «Ван-Наазиаати» – «Наазиаат билан қасам ичаман», деганидир. Аллоҳдан ўзга нарсалар билан қасам ичиш Аллоҳнинг Ўзига хосдир.

Чориев Низомиддин қори Тошболта ҳожи ўғли-Термиз шаҳар бош имом хатиби

ПОДЕЛИТЬСЯ
Олдинги мақолаДам солиш ҳақида
Кейинги мақолаАрмон

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here