Униб-ўсиб келаётган ёш авлод ниҳолга ўхшайди. Уни қаерга қараб бурсангиз ўша тарафга қараб ўсади. Катталарнинг энг асосий вазифаси ниҳол янглиғ шу ёшларни тўғри парвариш қилишдир. Минг афсуски эътибор етарлича эмаслигиданми ёки тўқликка шўхликми улар орасида турли аҳлоқсизликлар, ҳуқуқбузарликлар тартибсизликлар ва ҳаттоки тузатиб бўлмас ва энг оғир гуноҳ иш саналган ўз жонига қасд қилишга қўл ураётганлар ҳам учрамоқда. Қайсидир бир қиз сочини сариққа бўягани учун ота-онасидан танбеҳ эшитгач ҳафа бўлиб ўзини осса, яна бошқа бири туғилган кунида ота-онаси зиёфат қилиб бера олмагани учун жонига қасд қилса, Яратган инъом этган умрни мана шундай арзимас маш-машалар учун хазон қилса. Унда эртанги кун эгалари дея эътироф этилаётган авлод кечмиши қандай бўлади. Келажак авлод ўзларига берилган умрнинг қанчалик қимматлилигини, инсон учун Аллоҳ берган умр бир маротаба берилишини наҳотки тушуниб етишмаса. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Уни Ўз қудрат қўлим билан яратдим ва ўз руҳимдан унинг жисмига пуркадим”. Ва яна шундай марҳамат қилади: “Инсонга ақл ва идрок бердим, токи ҳаётнинг ва ҳаёт неъматларининг қадрига етсин ва дунёга бир маротаба келишини билсин. Ҳаётда учрайдиган баъзи бир қийинчиликларни, мусибатларни сабр ва матонат билан енгсин”, деб ирода қилди. “Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир”(Бақара,153).
Оила аталмиш қўрғон ҳамиша қадрланади. Оилада болаларнинг маънан ва жисмонан соғлом бўлиб ўсишига оила муҳитининг таъсири ниҳоятда катта. Чунки оилавий муҳит қандай бўлса, болалар ҳам ҳудди шу муҳит таъсирида улғаядилар. Ҳар бир ота-онанинг бурч ва вазифасига фарзанди тарбиясига масъулият билан ёндашиш, оилада ҳар томонлама соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, унинг ижтимоий-иқтисодий барқарорлигини, фаровонлигига эришиши билан бир қаторда, билимли, ақл-заковатли, уддабурон, ҳар томонлама етук, баркамол инсонни вояга етказиш, шунингдек, оила анъаналари, касб-кори, шажарасининг давомийлигини таъминлаш фарзандни бўш вақтини унумли ўтказишга эришиш кашандалик, ичкиликбозлик, гиёҳвандлик, маиший нопоклик ва аҳлоқсизлик, носоғлом эътиқод, ақидапарастлик, хоинлик каби иллатларнинг пайдо бўлишига йўл қўймаслик мажбуриятлари юклатилади.
Энг ачинарлиси шундаки ёшлар ва айниқса хотин-қизлар ўзларининг жонига қасд қилиб, Аллоҳ таоло ато қилган ҳаёт нурини бевақт ўчиришга икки дунёда абадий лаънатга ва дўзах азобига дучор бўлишдек оғир гуноҳ қилишга ўтмоқдалар. Динимиз таълимотида инсон ўз жонига қасд қилиш қаттиқ қораланади, уни қилган осий банда жаҳаннам ўти билан азобланиши таъкидланади. “Аллоҳ таоло айтади: “Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламанг барча ишларни чиройли қилингиз албатта Аллоҳ чиройли (иш) қилувчиларни яхши кўради” (Бухорий 195).
Қарашларимиз, қадриятларимиздан келиб чиқиб,оиланинг пойдеворини мустаҳкам этиш лозимлиги уқтирилиб келинаётган бир пайтда, тушкунликка тушиб қолиб чора тополмасданми, ёки ўз жонига қасд қилишнинг оғир гуноҳлигини ўйламасдан ёшлар ўртасида ўз жонига қасд қилиш ҳоллари кўп учраяпти. Бу каби ҳолатларнинг содир бўлишида кимни айблаш керак? Ёки уларга етарлича тушунтириш, тарбия ва насиҳат берилмаяптимикан? Ахир миллатимиз ҳар қандай замонда ҳам ёшлар тарбияси ва камолотига жиддий қараганини тарихнинг ўзи исботлаб турибди-ку. Наҳотки танбеҳ кўтара олмайдиган, билганича яшашга уриниб ғарбча «маданият»ни урф қиладиган ёшларни тарбиялаётган бўлсак. Оқ-қорани вақтида танитиб, ҳою-ҳаваслар инсонни бадном қилишгача олиб келишини тушунтирсак, арзимаган нарсалар учун ёш умрини хазон қилмасликни уқтирсак, ёшлар онгини эзгу ғоя ва фикрлар билан бойитсак, унинг истаклари билан ҳисоблашиб, ўз ўрнида рағбатлантира олсак, ундан эртага буюк инсон чиқишига ишонтирсак ва шунга ҳаракат қилишига ундасак, эрта бир кун афсус қилиб қолмаймиз. Фарзандларимизни савобли ишлар қилишга, меҳр-оқибатли бўлишга ундайлик, инсонларга қўлдан келгунча ёрдам беришни ва энг асосийси Аллоҳ таолога ҳаёт аталмиш энг улуғ неъматни бергани учун шукр қилишни ўргатайлик ва ўз жонига қасд қилиш кечирилмас гуноҳлиги оят ва ҳадислар орқали тушунтирайлик.
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларида бундай дейдилар: “Ким тоғ тепасидан ташлаб, ўзини ўзи ўлдирса, ўлгандан сўнг жаҳаннамда ҳам шу хил азобга гирифтор бўлади. Агар захар ичиб ўзини ўзи ўлдирса, жаҳаннамда абадий шу азобга мубтало бўлади”. “Бандам ўзини-ўзи ўлдириб, менинг унга берган умримга шукр қилмай шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий харом қилдим. Ҳамда хешу-ақрабаларни ва ота-оналарини оғир кулфатга солиб қўйишади” деб огоҳлантирган. Мана шу оят ва ҳадислардан келиб чиқадики энг оғир ва кечирилмас гуноҳдан ёшларимизни ва шу йўлни тутмоқчи бўлган инсонларни огоҳлантирмоғимиз, бунинг ўрнига Аллоҳ таоло берган тинчлик хотиржамликнинг, ноз-неъматларнинг ва тани-жони соғлигининг қадрига етиб Аллоҳга шукроналар қилиб яшамоғимиз шартлигини англатайлик.

“Раҳмонбеди ҳожи” жомеъ масжиди
Баркамол авлод МФЙ вакили А. Мўминов

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here