Ҳозирги пайтда бутун дунё бўйлаб кўнгилсиз ҳолатлар, ихтилофлар ва уруш-жанжаллар бўлиб тургани ҳеч кимга сир эмас. Дунё ҳамжамиятининг ажралмас қисми бўлган ва мазкур нохушликлардан энг кўп жафо чекаётганлар Ислом олами десак гапимиз муболаға бўлмайди, албатта. Динда ҳаддан ошишлик, жангарилик, қуролли чиқишлар айнан Ислом дини номи остида бўлаётгани барчамизни ташвишга солмоқда. Мусулмонлик даъвоси остида олиб борилаётган бундай манфур ишлар соф Ислом динига доғ бўлиб тушаётгани ҳам барчамизга маълум. Турли мутаассиб оқим ва фирқаларнинг пуч ғоялари ва мусулмонларга келтираётган зарарлари кундан-кунга ошиб бормоқда.
Ана шундай зарарли гуруҳлардан бири «Ҳизбут таҳрир ал-Исломий» гуруҳидир.
Ҳизбут таҳрир исломий партия бўлиб, у фикрга бош қурол сифатида суянган ҳолда Исломий халифаликни қайта тиклашга чақиради. Уларнинг бу даъвоси барча мусулмон уламоларининг кескин танқидига учраган.
Унинг асосчиси Тақийиддин Набаҳоний (1909-1979 м.) асли Фаластинлик бўлиб, 1953 йил ушбу партияга асос солган.
Дастлаб, ташкилот Фаластинда араб миллатини қутқариш, сўнгра, араб юртларида ислом давлатини вужудга келтириш ва барпо бўлган халифалик давлати орқали бошқа юртларга таъсир ўтказиш режалаштирилди. Унинг бу йўналишдаги уринишлари араб мамлакатларида қаттиқ танқид остига олингач, бу юртлардан кескин қувғинга ҳам учраб, Буюк Британияда бош қароргоҳини ташкиллаштиришга мажбур бўлди.
Ташкилотга 1953-1979 йилларда Набаҳоний, 1979-2003 йилларда Абдулқадим Заллум раҳбарлик қилган. 2003 йилдан буён Ато Абу Рушда номли, асли Фаластинлик бўлган шахс бошчилик қилмоқда.
Бу ташкилотнинг юртимизда тарқатилган адабиёт ва варақаларидаги қарашларида Ислом динининг фиқҳий масалалар, хусусан, ақидавий таълимотларига зид бўлган фикрларни учратиш мумкин. Шундай хатарли фикрлардан бири «ягона халифалик давлати»ни тиклаш Исломнинг асосий бешта фарзидан кейинги олтинчи фарз дея айтаётган даъволаридир. Бу даъво билан улар ҳозирги кундаги миллиардлаб мусулмонларнинг қилаётган ибодатларини беҳудага ҳукм қилмоқдалар.
Маълумки, бирон нарса ёки ишни ҳаром деб, ҳукм чиқаришга ёлғиз Аллоҳ ва Унинг Пайғамбаригина ҳақли. Қолаверса, шариат қоидаларига кўра, фарз бу — (далилида шак ва шубҳа йўқ намоз, рўза, закот, ҳаж каби) Аллоҳнинг амри ҳисобланади. «Таҳрирчи»ларнинг юқоридаги даъвоси эса, Қуръон ва ҳадисларга зид. Чунки, мусулмонларнинг ягона халифалик остида яшашлари ҳақида буйруқ ёки кўрсатма мавжуд эмас.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳозирги кунда буюк ислом уламолари «ҳизбут таҳрир»ни танқид қиладилар. Балки, уларга нисбатан доимий равишда кескин, илмий асосланган раддиялар бериб бормоқдалар.
«Ҳизбут таҳрир»нинг таъсирига тушиб фикри чалғиган, охир-оқибатда онги заҳарланиб, қулоғига ўз «раҳнамолари»нинг таълимидан бошқа ҳеч қандай гап кор қилмайдиган, ашаддий мутаассибга айланган ёшларнинг тақдири не кечаётгани ҳаммамизга аён.
Шундай экан, ёшларимизни ўз эътиқодимиз ва йўлимиз бўлган «аҳли сунна вал жамоа» йўлидан боришга чақириб, турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишдан асрайлик.
Қизириқ тумани бош имоми А. Абдуназаров