Яна бир йил ниҳоясига етди. Кўплаб режалар, мақсадлар, орзу-умидлар билан бошланган 2018 йил ютуқ ва муваффақиятлари, ўз ўрнида камчиликлари билан тарих зарварақларидан жой олди.
“Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Ўзбекистон мусулмонлари идораси учун шунинг замирида Сурхондарё вилояти вакиллиги учун ўта сермаҳсул йил бўлди. Ушбу йилда олдимизга қўйган кўплаб мақсадларимизга эришдик.
Диний идорамиз мусулмон олами ичида янада кўпроқ обрў-эътиборга эришди. Буни муфтий ҳазратларининг дунёдаги энг машҳур 500 мусулмон рўйхатига киритилганлари, шунингдек, муфтий ҳазрат бошчилигидаги диний идорамиз делегацияларининг Франция, Испания, Россия каби давлатларда бўлиб ўтган халқаро анжуманларда иштирок этиши ҳам таъкидлаб турибди.
Халқаро ислом академияси таъсис этилиши, Халқаро Ислом цивилизация маркази, “Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил этилиши, Ҳадис илми мактаби номли олий диний таълим муассаси иш бошлагани юртимизда динимиз ривожи ва халқимизни ижтимоий қўллаб-қувватлашдаги жуда катта қадамлардан бири бўлди.
Йиғилиш ва учрашувларнинг видое-семинар шаклда ўтказилиши ҳам тизимдаги муҳим янгиликлардан бири бўлди ва юртимиз бўйлаб барча диний соҳа вакилларини бир маърифат дастурхони устида бирлаштириш имконияти яратилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги муваффақиятлар ҳақида янада кўплаб рақамларни келтиришимиз мумкин.
Бизнинг Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Сурхондарё вилоят вакиллигида ҳам йил давомида салмоқли ишлар амалга оширилди.
Биз йил давомида аҳоли турмуш тарзини ўтказиш, жамият орасидаги иллатларга қарши курашиш, ижтимоий, маънавий-руҳий жиҳатдан халқимизни қўллаб-қувватлаш ишларига катта эътибор қаратдик.
Саъй-ҳаракатимиз натижаси ўлароқ, ўтган давр мобайнида имом хатиблар томонидан 6500 дан зиёд хонадон ўрганилди. Жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича 3200та тадбир амалга оширилди.
Амалга оширилган маънавий-маърифий тадбирлар эса 4800 тани ташкил этади.
Шаҳар ва туман бош имом хатиблари билан ўтказаётган йиғилишларимизни сайёр шаклларда ҳам ўтказиб келмоқдамиз. Бу ўз навбатида жойлардаги масжидларнинг мавжуд ҳолатини ўрганиш ва камчиликларни бартараф этишда яхши натижалар бермоқда.
Жойларда маҳалла муллалари мақомидаги кишилар отинойилар фаолияти тартибга олинди.
Имом-хатибларнинг билим савиясини ошириш, касбий маҳорат ва дунёқарашини кенгайтириш мақсадида 2 марта ўқув-семинарларташкил этилди. Ҳар ҳафтанинг пайшанба куни ўтказилаётган “маънавият соати” ўқув-машғулотлари ҳам имом-хатибларимиз фаолиятининг муҳим бир бўлагига айланиб улгурди. Машғулотларни намунавий тарзда ўтказиш йўлга қўйилиб, имом-хатибларнинг ижод аҳллари билан учрашувлари ташкил этилди.
Республикамиз бўйича «Энг кўп обуна уюштирган имом» номинациясига Пастдарғом туманидаги «Суфиоллоёр» жоме масжиди имом-хатиби М.Мамаюсупов эга чиқди.
2019 йил обунасини ташкил этишда ҳам ҳозирда вилоятлар ичида 6-ўринда кетмоқдамиз..
Вилоятимиз масжидларида ёрдамчи хўжалик сифатида 2 та китоб дўкони ташкил этилди.
Йил бошидан бери имом хатиблар томонидан оммавий ахборот воситаларида 300 га яқин чиқишлар қилинган.
Келгуси йилда ҳам янада самарали фаолият юритиш олдимиздаги энг олий мақсадимиз бўлиб, бу борада истиқболли режаларни амалга оширишни кўзламоқдамиз.
28 декабр куни Президентимиз парламентга қилган мурожаатида 2019 йилга «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»деб ном берилганини эълон қилдилар.
Бу номни ҳар бир соҳа ўзига мос равишда фаолиятига тадбиқ этмоғи керак. Биз бу йилда масжидлар ҳолати ва имом хатиблар фаолиятини такомиллаштирамиз.
Демак, 2019 йилда:
— таъмирга муҳтож масжидларни тўлиқ таъмирдан чиқариш;
— атрофи деъвор билан ўралмаган масжидларни девор билан ўраш;
— барча масжидлар кириш қисмига масжид номи ёзилган пештахта ўрнатиш;
— барча масжидларнинг таҳоратхоналарини замон талабларига мос ҳолатга келтириш;
— имом хатиб ва маъмурият хоналарини талаб даражасига олиб келиш;
Радио ва телевидения учун интервью беришдаги бир хилликни йўқотиш мақсадида ҳар бир тумандан 2 ёки 3та имом хатиб тайёрлаб борилади ва интервью бериш ишларига жалб қилинади.
Шаҳар ва туман имом хатиблари орасидан тарғибот гуруҳлари шакллантирилади. Шу пайтгача саноқли имомларимиз ушбу ишга жалб этиб келинаётган эди. Янги йилдан эса тарғиботчи имомларимиз сафини кенгайтирамиз.
Янги йилда ҳам аҳолининг ижтимоий ҳаётини ўрганиш ишларига катта эътибор қаратамиз. Ижтимоий долзарб муаммолар, оилавий ажримларнинг олдини олиш, ноқонуний никоҳлар рўй беришига йўл қаймаслик ишларига жиддий ёндашамиз.
Бугун 2018 йил якунланди. Шунинг сабабидан ўтган бир йилимизга боқяпмиз, сарҳисоб қиляпмиз, ютуқларимиздан севиниб, камчиликларимиздан хулосалар чиқаряпмиз. Демак, кўриниб турганидек, бу сана эски йилнинг тугаши ва янги йилнинг кириб келишидаги чегарадир. кишини ўтган умрини сарҳисоб қилиш, қилган ишларини инсоф тарозисига тортиб кўришга ундовчи имкониятдир. Бу кунни эътиқодга боғлаш, хурофотлар қаторига қўйиш шунчаки, мантиқсизлик холос. Зеро, бизни сарҳисоб қилишга ундайдиган бу кундан оқилона фойдаланиш ҳақиқий мўъминларга хос сифат ҳисобланади. Шу ўринда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг: «Ҳисоб-китоб қилинишингиздан олдин ўзингизни ўзингиз ҳисоб-китоб қилинг. Амалларингиз тортилишидан олдин ўзингиз тортинг», деган сўзларини эслаш ўта ўринли бўлади.
Янги йилда ғайрат ва шижоат, меҳнат, садоқат ила биргаликда дин ва халқ хизматида олий марраларни забт этишимизда Аллоҳ таоло барчамизга мададкор бўлсин.
А.Сайфидинов
Ўзбекистон мусулмонлар идораси Сурхондарё вилоят вакили