Одамзот бошига озгина мушкулот ё мусибат тушса, оҳ-воҳни бошлайди.Аксинча, бу қийинчилик ёки бало Аллоҳ томонидан синов тариқасида менинг иймонимни имтиҳон қилиш учун юборилгандир, деб ўйлаб ҳам кўрмайди. Ҳолбуки, чиройли сабр қилмоқ, мўминнинг асосий хулқларидандир. Қийинчилик ва балолар ҳам даражага қараб бўлар экан.
Саъд ибн Аби Ваққос розияллоҳу анҳу айтади: » Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан энг қаттиқ синовга учрайдиган киши ҳақида сўраганимда, у киши шундай жавобни бердилар.
«Ҳар бир киши динига қараб балоланади. Агар унинг дини кучли бўлса, балоси кучаяди. Агар дини енгил бўлса, динига яраша балоланади. Бало бандадан то уни ер юзида бирорта гуноҳсиз юрадиган қилиб қўймагунича ажрамайди».
Ҳар бир мусулмон киши ўзига бир назар солсин. Агар бирор қаттиқ балога йўлиққан бўлса, Аллоҳга ҳамд айтсин. Борди-ю, бирор бало етмаган ёки балоси енгилроқ бўлса, билсинки, динида енгиллик бор. Демак, Аллоҳга бўлган тоатини кучайтириши, вазифаларини қаттиқроқ бажариши ва ўзини тўғрилаши керак. Қийинчилик ва синовлар инсон ёмон кўрадиган нарса бўлса-да, Аллоҳ уни ўзининг яхши кўрадиган бандаларига туширадики, бу Унинг бандалари ичидаги сирларидандир. Кимнинг Аллоҳни деб мартабаси тушадиган бўлса, сабр қилгани учун У зот унинг мартабасини кўтариб қўяди.
🔹» (Зотан) сизлар, ўзингиз учун яхши бўлган нарсани ёқтирмаслигингиз ва сиз учун ёмон бўлган нарсани яхши кўришингиз мумкин».(Бақара сураси, 216 оят)
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:»Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: » Кишининг Аллоҳ олдида бир мартабаси бўлади, киши унга қилган амали билан ета олмайди, Аллоҳ уни ёмон кўрган нарсаси билан синагани сабабли у мартабасига етади».
Абу Саиддан ривоят қилинади:
«Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:» Ким яхшилик сўраса, Аллоҳ таоло яхшилик берур. Ким сабр сўраса, сабрли қилур. Ким бойлик сўраса, бой қилиб қўюр. Сизларга сабрдан кўра яхшироқ ва кенгроқ туҳфа йўқдир».
🔹Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: «Ҳеч шак-шубҳа йўқ-ки, сабр-тоқат қилувчиларга ажр-мукофотлари ҳисоб-китобсиз тўла тўкис қилиб берилур».(Зумар сураси, 10- оят)
Қизириқ тумани»Саид Муҳаммад»жомеъ масжиди имоми хатиби Н. Муҳаммадиев