Илмли инсонларни мақтаб Худои таборак ва таоло шундай дейди:
هَلْ يَسْتَوِي الَّذِينَ يَعْلَمُونَ وَالَّذِينَ لَا يَعْلَمُونَ
“Биладиган зотлар билан билмайдиган кимсалар баробар бўладими?”
Илмли зотлар билан бирор бир нарсадан хабари йўқ нодонлар баробар бўлиши мумкинми? Илм шундай бир неъматки банда Яратувчисини танийди, икки дунёда бахтли яшашига сабаб бўлади. Шунинг учун бизнинг диниизда илм ўрганишлик ибодат даражасига кўтарилган.
عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- « مَنْ سَلَكَ طَرِيقًا يَلْتَمِسُ فِيهِ عِلْمًا سَهَّلَ اللَّهُ لَهُ طَرِيقًا إِلَى الْجَنَّةِ ».
“Ким илм талаб қилиш йўлига тушса, Аллоҳ унга жаннат йўлини енгиллаштиради”.
عَنْ سَخْبَرَةَ عَنِ النَّبِىِّ -صلى الله عليه وسلم- قَالَ « مَنْ طَلَبَ الْعِلْمَ كَانَ كَفَّارَةً لِمَا مَضَى ».
“Ким илм талаб қилса, ўтган гуноҳларига каффорат бўлади”.
قَالَ فَإِنِّى سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- يَقُولُ « مَنْ سَلَكَ طَرِيقًا يَبْتَغِى فِيهِ عِلْمًا سَلَكَ اللَّهُ بِهِ طَرِيقًا إِلَى الْجَنَّةِ وَإِنَّ الْمَلاَئِكَةَ لَتَضَعُ أَجْنِحَتَهَا رِضًا لِطَالِبِ الْعِلْمِ وَإِنَّ الْعَالِمَ لَيَسْتَغْفِرُ لَهُ مَنْ فِى السَّمَوَاتِ وَمَنْ فِى الأَرْضِ حَتَّى الْحِيتَانُ فِى الْمَاءِ وَفَضْلُ الْعَالِمِ عَلَى الْعَابِدِ كَفَضْلِ الْقَمَرِ عَلَى سَائِرِ الْكَوَاكِبِ إِنَّ الْعُلَمَاءَ وَرَثَةُ الأَنْبِيَاءِ إِنَّ الأَنْبِيَاءَ لَمْ يُوَرِّثُوا دِينَارًا وَلاَ دِرْهَمًا إِنَّمَا وَرَّثُوا الْعِلْمَ فَمَنْ أَخَذَ بِهِ أَخَذَ بِحَظٍّ وَافِرٍ ».
“Ким илм талаб қилиш йўлига тушса, Аллоҳ унга жаннат йўлини енгиллаштиради. Албатта, фаришталар толиби илмни рози қилиш учун қанотларини қўяди. Албатта, олимга осмондаги мавжудотлар, ердаги жонзотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтади. Олимнинг обиддан фазли худди ойнинг бошқа юлдузлардан фарқига ўхшайди. Олимлар пайғамбарларнинг меросхўридир. Албатта, пайғамбарлар молу дунёни ҳам, бойлику пулни ҳам мерос қолдирмаганлар, балки улар илмни мерос қолдирганлар. Ким ўшани олса, улуғ насибага эга бўлибди ”.
Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий а.р. айтадилар: “Ким олимнинг олдига келиб, у билан бирга ўтирса, унинг илмини эгаллашга қодир бўлмаса ҳам, унга еттита яхшилик берилади:
1. Таълим олувчиларнинг фазилатига эришади.
2. Олим билан бирга ўтиришда давом этса, гуноҳ ва хатолардан холи бўлади.
3. Уйидан чиқса, унга Аллоҳ таолонинг раҳмати тушади.
4. Олимнинг олдида ўтирганларга раҳмат тушади, демак, унга ҳам шу раҳматдан насиба етади.
5. Модомики эшитиб тураркан, унга ҳам яхшилик ёзилади.
6. Малоикалар олимлардан рози бўлиб, уларни қанотлари билан ўраб турадилар. Табиийки, ушбу мажлисда ўтирган илмсиз киши ҳам бундан насиба олади.
7. Ҳар бир қўйган ва кўтарган қадами гуноҳлари учун каффорат бўлади, даражасини юксалтиради ва яхшиликларини зиёда қилади. Сўнгра уни Аллоҳ таоло бошқа олти нарса билан икром қилади.
1. Олимлар мажлисида қатнашишни яхши кўриш неъмати билан мукаррам этади.
2. Олимга эргашган ҳар бир кишининг савобидан камайтирилмасдан унга ҳам берилади.
3. Агар улардан биронтасининг гуноҳи кечирилса, у бошқаларга шафоатчи бўлади.
4. Қалби фосиқлар мажлисидан совийди.
5. Солиҳлар ва таълим олувчилар йўлига киради.
6. Аллоҳ таолонинг амрини бажарган бўлади, чунки Аллоҳ таоло:
كُونُواْ رَبَّانِيِّينَ بِمَا كُنتُمْ تُعَلِّمُونَ الْكِتَابَ وَبِمَا كُنتُمْ تَدْرُسُونَ
“Аллоҳнинг китобини одамларга таълим беринг ва ўзингиз ўқиб ўрганиб, ёлғиз Парвардигорга ибодат қиладиган кишилар бўлинглар” , деб бандаларини олим ва фақиҳ бўлишга чақирган.
عن أنس بن مالك ، قال : قال رسول الله صلى الله عليه وسلم : « اطْلُبُوا الْعِلْمَ وَلَوْ بِالصِّينِ ، فإنَّ طَلَبُ الْعِلْمِ فَرِيضَةٌ عَلَى كُلِّ مُسْلِمٍ »
“Илмни Хитойда бўлса ҳам ўрганинглар, чунки илм ўрганиш ҳар бир мусулмонга фарздир”.

Расулуллоҳ с.а.в. бизларга барча илмларни ўрганишлигимизни амр қилаяптилар.Аввало охиратга фойда берадиган илмни ўрганиш, яъни Парвардигорга тақво қиладиган илмни, Яратувчимиздан ҳақиқий қўрқишликни пайдо қиладиган илмни ўрганишимиз зарур. Чунки агар иймон бўлмаса ёки иймони заиф бўлса, ўқитувчи бўлса, тамаъ учун ўқитади, духтур бўлса, молу дунёси бўлса, яхши даволайди, тижоратчи бўлса, ёлғонни аралаштириб ўзини фойдаси учун иш тутади, бозорда савдогар бўлса, қўрқмасдан тарозудан уради, мансабдор шахс бўлса, олдига келган ҳожатманд кишини наслига қарайди ёки орқасидаги кишиларининг мансабига қараб иш тутади ва ҳоказо… бундай иллатлар учраб туради. Шунинг учун аввалги ўринда иймонни қувватлантирадиган илм туради. Иймонли инсон бўлса Аллоҳ таоло кўриб турганини сезади ва билади ва ҳар бир қиладиган ишида Парвардигорнинг ризолиги учун қилади. Дарс берса Худо учун дарс беради, даволаса инсоф билан даволайди, савдо қилса ҳақиқий ва тўғри савдо қилади.
Илмлар иккига бўлинади маҳмуд ва мазмум илмлар, яъни мақтовга сазовор ва хор қиладиган илмлар: Булар маҳмуд илм – мақтовга сазовор илм бу иймонни кучайтирадиган илм, Аллоҳ таолонинг каломи ва Пайғамбаримиз с.а.в.нинг ҳадиси шарифлари. Ундан кейин тиббиёт илми, ҳисоб-китоб илми, табиий фанларни ўрганиш, тил ўрганиш, деҳқончилик, ҳалол касбу корларнинг рисоласидек иш тутиш. Буларнинг барчаси зарур илмларга киради.
Мазмум – хорликка олиб келувчи илмлар: сеҳрни ўрганиш, тилсимотлар, кўз боғлаш, яъни фокус илми ва ҳаром ишлар ва касбларнинг илми ўрганиш буларнинг барчаси Аллоҳ таоло наздида ҳам, одамлар наздида ҳам хорлик келтирувчи илмдан ҳисобланади.
وَتِلْكَ الْأَمْثَالُ نَضْرِبُهَا لِلنَّاسِ وَمَا يَعْقِلُهَا إِلَّا الْعَالِمُونَ
“Ушбу мисолларни Биз одамлар ибрат олсинлар учун айтурмиз. (Лекин) уларни фақат илмлик кишиларгина англай олурлар”
Тиббиёт илмини яхши билган одам Аллоҳ таолонинг ибодати таҳорату рўза ва намоз қанчалик инсон соғлигига фойдалик эканлигини англайди, она қорнида боланинг ривожланишининг мўъжиза эканлигини, географиядан хабари бор киши Қуръонда зикр этилган тоғлар, булутлар ва бошқа табиий нарсаларнинг васфини эшитиб, булар нечоғлик неъмат эканлигини тушунади, астрономияни биладиганлар Аллоҳ таоло галактикалар ҳақида сўз юритганини фаҳмлайди, хуллас калом ҳар бир илм эгаси учун Холиқи Зул жалолнинг Ўзининг китобида зикр этилган неъматларни тўла англай олади, иймони янада зиёдалашади.
Шунинг учун иймонли илмли кишиларни Ўзининг китобида мақтаб дейди:
يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آمَنُوا مِنكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ
“Аллоҳ таоло сизлардан иймон келтирганларнинг ва илм берилганларнинг даражаларини кўтаради”
Бу дунёда ҳам, охиратда ҳам иймонли илмли зотларнинг мартабаси улуғ бўлади. Худои таоло Иброҳим а.с.га деди: “Эй Иброҳим, Мен Олимман ва илмли зотларни севаман”.
عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ:أَنَا مَدِينَةُ الْعِلْمِ وَعَلِيٌّ بَابُهَا
“Мен илмнинг шаҳри бўлсам, Али унинг дарвозасидир”.
Шу ҳадисни эшитиб, бир нечта хорижийлар ҳасад қилиб, улардан 10 таси ўзаро маслаҳатлашиб, улар айтдиларки: “Ўн киши танҳо-танҳо бориб бир масалани сўраймиз, агар ҳар биримизга бошқа жавоб берса, Муҳаммадни сўзлари ростлиги маълум бўлади ва Али олимлиги аниқланади, аммо бир хил жавоб берса демак ҳамма гап ёлғон бўлади”, деб имтиҳон қилмоқни маслаҳат қилдилар. Биринчиси ҳазрати Али р.а. олдиларига келиб: “Эй Али, илм афзалми бойлик афзалми”, деб савол берди. Ҳазрати Али к.в. дедилар:
— Илм пайғамбарлардан қолган меросдир, аммо бойлик Қорун, Шаддод ва Фиръавн ва уларга ўхшаш кофирлардан қолган меросдир.
“Эй Али, илм афзалми бойлик афзалми”, сўради иккинчиси.
— Илм кишига ҳамма балолардан сақловчи қўрғондир, у сенга қўрғон бўлади, аммо бойликка эса сен ўзинг қўрғон бўласан.
“Эй Али, илм афзалми бойлик афзалми”, сўради учинчиси.
— Бой бўлган кишининг душмани кўп бўлур, илмлик зотнинг дўстлари бисёр бўлур.
“Эй Али, илм афзалми бойлик афзалми”, сўради тўртинчиси.
— Бойликни сарф қилсанг камайиб кетаверади, аммо илмни сарф қилишинг сари кўпаяди.
Эй Али, илм афзалми бойлик афзалми”, сўради бешинчиси.
— Бойлиги бўлган кишини бахиллик ва зиқналик сифати билан ёд қиладилар. Илмлик кишини эса улуғлик ва ҳурмат ила ёд қиладилар.
“Эй Али, илм афзалми бойлик афзалми”, сўради олтинчиси.
— Бойликни ўғридан эҳтиёт қилиш керак, аммо илмни эҳтиёт қилиш шарт эмас, чунки уни ўғри ололмайди.
“Эй Али, илм афзалми бойлик афзалми”, сўради еттинчиси.
— Бойлиги бор кишини қиёматда молининг ҳисоб китоб қилинади, аммо илмлик кишини илмидан ҳисоб олинмайди.
“Эй Али, илм афзалми бойлик афзалми”, сўради саккизинчиси.
— Бойлик кўп турса эскириб, чириб йўқ бўлиб кетади, аммо илм кўп турган сари қувват ҳосил қилади.
“Эй Али, илм афзалми бойлик афзалми”, сўради тўққизинчиси.
— Бойлик дегани қалбни қорайтириб, хира қилади. Илм дилни равшан ва мунаввар қилиб нурли қилади.
“Эй Али, илм афзалми бойлик афзалми”, сўради ўнинчиси.
— Одамни моли кўп бўлса, унга маст бўлиб, Фиръавндек даъвои Худолик қилади. Агар кишининг илми кўп бўлса, пайғамбарлардек шикасталик ила бандалик қиладилар.
Шундан сўнгра хорижийлар ҳаммалари ҳазрати Алини олимликларига ва Пайғамбар алайҳи саломнинг ростгўйликларига иймон келтириб мусулмон бўлдилар. Ҳазрати Али к.в. уларга қараб: “Агар сизлар мени умрум тамом бўлгунча ушбу сўздан сўрасангизлар эди ҳар бирингизга бошқа-бошқа жавоб берардим”, дедилар.
Биласизми, муҳтарам жамоат, Худои таоло Пайғамбаримиз с.а.в.га нима дейди:
وَذَكِّرْ فَإِنَّ الذِّكْرَى تَنفَعُ الْمُؤْمِنِينَ
“Ва (Қуръон билан) панд-насиҳат қилинг! Зеро, панд-насиҳат мўминларга наф етказур”
Аллоҳ таоло мана шу эшитилган Қуръони карим оятлари ва Расулуллоҳ с.а.в.нинг панду насиҳатлари бизларга наф берсин. Бизларнинг қалбларимиздан мунофиқлик аломатларини даф қилсин. Худои таоло бизларни ҳақиқий мўминлардан қилиб, доимо толиб илм бўлишни ҳаммамизга насибадор айласин! Омин!

Сурхондарё вилояти Олтинсой туман
«Имом Бухорий» жомеъ масжиди имом-хатиби: М.Жуйриков

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here