Аллоҳ таоло инсонларни фақат Ўзигагина ибодат қилишга буюради. Ибодатлар Унга яқинлашишга ва Унинг розилигини топишга бир воситадир. Бандани Аллоҳ таолога яқинлаштирувчи молиявий ибодатлардан бири – бу қурбонликдир. Қурбонлик учун сўйилган ҳайвонлар орқали мўмин киши Аллоҳ таолонинг амри билан ўз молидан воз кеча олиши имтиҳон қилинади. Динимизда бирон жонлиқ сўйиш орқали амалга ошириладиган ибодатлар талайгина. Масалан, бир хонадонга Аллоҳ таоло фарзанд ато этган бўлса, қўй сўйиб ақиқа қилинади. Никоҳ тўйида бир қўй сўйиб бўлса ҳам зиёфат қилиб бериш суннатдир. Ҳажга борган кишилар ҳаж ибодатини якунлаб бўлгач, бирор жонлиқ сўйиб қурбонлик қилади. Динимизда қурбонлик амали нақадар қадрли эканини ҳамма билади.

Аллоҳ таоло Исломдан илгари ўтган умматлар зиммасига ҳам қурбонлик қилишни жорий этган. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: Биз (ўтган) барча умматга қурбонлик қилишни буюрганмиз Аллоҳ таоло берган чорва ҳайвонларини (сўйиш) олдидан Унинг номини зикр қилишлари учун – қурбонлик қилишни буюрганмиз”.аж сураси 34 – оят) Ҳамма ибодат Аллоҳ учун бўлганидек, қурбонлик ибодати ҳам Аллоҳ учундир. Қурбонлик қилиш бошқа ибодатлар каби Аллоҳ учун дейилсада, аслида фойдани инсон кўради. Қурбонлик қилинган ҳайвоннинг гўштидан сўйган одамнинг ўзи ва фақирлар манфаатдор бўлади. Аллоҳ таоло эса инсоннинг қалбидаги ниятига кўра муомала қилади. Қуйидаги оят шунга далолат қилади: “Аллоҳга (қурбонлик) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етмас. Лекин у Зотга сизлардан тақво етар. Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани сабабли – У зотни улуғлашларингиз учун – уларни сизларга бўйсиндириб қўйди. Эзгу иш қилувчиларга хушхабар беринг ”. (Ҳаж сураси, 37-оят)

Қурбонликка сўйилган ҳайвонларнинг гўштларини ҳам, қонларини ҳам Аллоҳ таоло олмайди. У зот уларга муҳтож эмас. Қурбонлик қилишдан мақсад банданинг Аллоҳ амрига итоатини ва тақвосини намоён этишдир. Банда ихлос билан қурбонлик қилиб, Аллоҳ йўлида жонлиқ сўймоқдами, демак, ўша банданинг Аллоҳ таолога тақвоси бор экан. Аллоҳнинг розилиги учун борини қурбон қилишга тайёр экан. Шу билан бирга қурбонлик қилиш банда учун Аллоҳни улуғлашга бир фурсатдир. Банда Аллоҳ таолони қанча улуғласа, шунча оз. Биргина ҳидоятга бошлаб қўйгани учун қанча такбир айтса,оз. Қурбонлик қилиш ҳам, Аллоҳ таолонинг йўлида ҳар қандай қурбонлик беришга тайёр эканини кўрсатиш ҳам ўша ҳидоят учун Аллоҳ таолони улуғлашдир. Бериё қилинган ҳар бир амал, яъни холисан қилинган амал учун доимо хушхабар бор, бу ҳам бўлса жаннат, дийдор, роҳат!

Илоҳо, Аллоҳ таоло барчамизга Қурбон ҳайитини муборак қилсин! Келгуси йилни бизларга баракотли қилиб, юртимизни тинч, ватанимизни обод, мустақиллигимизни абадий бўлишини насиб этсин! Барчамизни бир-биримизга меҳр-оқибатли, хайр-саховатли бандаларидан бўлишликни насиби рўзи қилсин! Омин!

М.Маматқулов
Сурхондарё вилояти Олтинсой туман
бош имом хатиби

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here