Мана бу йилги Зулҳижжа ойини ҳам қаршилаб олдик. Зулҳижжа ойи уруш ҳаром қилинган тўртта ҳурматли ойларнинг биридир. Шунинг учун Аллоҳ таоло еру осмонни яратган вақтдан бошлаб бу ойни ҳурматли ой қилиб қўйди. Бу ойда урушиш, гуноҳу маъсият амалларни қилиш оғир гуноҳ ҳисобланади.Ушбу ойнинг аввалги ўн кунлиги тоату ибодат қилиб, кўплаб савоб топиш учун имкониятлар вақти ҳисобланади. Бу ой фазилатларга бой бўлиб унда қилинган амали солиҳларнинг савоби кўпайтириб берилади. Ер юзидаги барча инсонлар  бу ойнинг биринчи ўн кунлиги мана шундай улуғ, савобли ва фазилатли кунлар эканлигини билишса эди…

Зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунининг фазилати ҳақида Қуръони карим оятларида ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бир неча ҳадиси шарифларида баён қилингандир. Жумладан: Қуръони каримда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Қасамёд этаман тонг (вақти) билан, “Ўн кеча” билан, жуфт ва тоқ (нарсалар) билан” (Фажр, 1-3). Ибн Аббос, Ибн Зубайр ва имом Мужоҳид ояти каримадаги “Ўн кеча” дан мурод “Зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунидир” деганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “ “Ўн кеча” Зулҳижжанинг ўн куни, “тоқ” арафа, “жуфт” Қурбон ҳайити кунларидир” дедилар” (Имом Ахмад).

Бу улуғ кунларда қилинган ибодатлар ва яхши амалларнинг савоби жуда кўпдир. Жумладан нафл рўза тутиш ҳақида Пайғамбаримиз  соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадиси шарифларида шундай дейилади:  “Арафа кунининг рўзаси ўтган йилги ва келаси йилги гуноҳларга каффорот бўлади, Аллоҳдан умид қиламан” деганлар (Имом Муслим).  Мана шундай улуғ кунларда ота-она, қавм-қариндошлар, қарздорлар, моддий жиҳатдан қийналган эҳтиёжманд кишиларнинг ҳолидан хабар олиш, уларнинг ҳожатларини чиқариш энг савобли амаллардан саналади. Меҳрибонлик уйидагилар, ногиронлардан ва ёрдамга муҳтож кишилар  ҳолидан хабар олиш савоб ишлардан саналади.

Бир ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилинади: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таолога бошқа кунлардагига нисбатан, Зулҳижжанинг ўн кунлигида қилинган ибодат маҳбуброқдир. У  (Зулҳижжанинг аввалги ўн куни) нинг ҳар бир куни рўзаси бир йиллик рўзага, унинг бедор ўтказилган ҳар бир туни Қадр кечасини бедор ўтказишга тенгдир”, дедилар”.

        Яна бир ҳадиси шарифда шундай дейилади: Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таолонинг ҳузурида барча кунлардагидан кўра Зулҳижжанинг аввалги ўн кунида қилинган солиҳ амал маҳбубдир. У кунларда таҳлил (Ла илаҳа иллаллоҳ), такбир (Аллоҳу акбар) ва тамҳид (Алҳамду лиллаҳ) ни кўпайтиринглар”, дедилар”.

Шундай экан азиз мўмин мусулмонлар мана шундай улуғ кунларда Аллоҳ таолонинг  бу кунларини ғанимат билиб, қўлимиздан келганча ёрдамга муҳтож инсонларга ёрдам қўлини чўзайлик, бева-бечораларнинг, етимларнинг, қарияларнинг, боқувчисини йўқотганларнинг ҳолидан хабар олайлик. Бу ишларни эса фақатгина Аллоҳ йўлида чин дилдан бажарайлик. Ҳозирги пайтда бутун ер юзидаги инсонларга берилган синов яъни юқумли касалликдан шифо тилаб Аллох таолога дуолар қилайлик. Билиб билмай қилган гуноҳларимизни авф этишини сўраб илтижолар қилайлик. Ҳар биримизга ҳар қадамда таҳлил, ҳар нафасда такбир, ҳар неъматга ҳамд айтишимизни насиб этсин.

Давлатова Турдихол
Сурхондарё вилояти Олтинсой туман бош имом хатиб котибаси

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here