Муборак Рамазон ойинин фазилатларидан бири-унда “Қадр” кечасининг борлигидир. Рамазон ойи ойларнинг султони бўлса, унинг тожи – Қадр кечасидир. “Қадр” (бандаларнинг бир йиллик ишларини) тақдир қилиш маъносини билдиради. Қуръони Каримнинг 97-сураси “Қадр” сураси деб номланган ва ушбу суранинг мазмунида Қуръони Каримнинг шу кечада нозил бўлиши ва шу бир “Қадр” кечанинг фазилати минг ой (83 йил 4 ой)дан ҳам яхшироқ  эканлиги ҳамда ушбу кечада осмондан кўп фаришталар Жаброил (алайҳиссалом) бошчиликларида ерга тушишлари, уларга йўлиқган барча мўминларга “Салом” беришлари ва тонггача барчага саломатлик бўлиши ҳақида хушхабар берилган.  Ушбу суранинг нозил бўлишига сабаб, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бир кун саҳобаларга аввалги пайғамбарларнинг умматларидан бир киши  минг ой кечаси намоз ўқиб кундузи рўза тутиб Аллоҳ йўлига хизмат қилганлигини айтдилар, шунда саҳобаи (киромлар) “Ё Расулаллоҳ, бизга бунча хизмат қилишга вақт ва имкониятимиз йўқ” деганларида Аллоҳ Таоло мазкур “Қадр” сурасини нозил қилди, яъни шу маънодаки “Агар сизнинг умматингиз Рамазон ойидаги “Қадр”кечасида ибодат қилса, минг ойнинг савоби берилади” деб марҳамат қилди. Шунинг учун Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) дедилар: “Ким “Қадр” кечасини иймон ва ихлос билан бедор ўтказса, унинг шу кечагача қилган гуноҳлари мағфират қилинади”.

Хабарда келганки, “Кимки, “Қадр” кечасида 2 ракат Нафл намоз ўқиса, ҳар бир ракатида “Фотиҳа” сурасидан кейин “Қадр” сураси 1 марта ва “Ихлос” сурасини 3 маротаба ўқиса ва намоздан сўнг 70 марта “Астағфируллоҳа ва атубу илайҳ” дуосини айтса ва Пайғамбаримиз (саллолоҳу алайҳи вассаллам) га 70 марта “Саловот” айтса, жойидан турмасдан Аллоҳ Таоло у кишининг гуноҳларини мағфират қилади ва
номаи аъмолига “Қадр” кечасининг савобини ёзади”. Бундан ташқари шу кечага кам таъминланганларга эҳсонлар улашиш, беморларнинг ҳолидан хабар олиш, яқин хеш-ақраболарни ҳам зиёрат қилиш, тиловати Қуръон ва дуолар билан шу кечани бедор ўтказмоқ “Қадр” кечасидаги фазилатлик амаллардандир.

“Қадр” кечаси қайси кеча эканлиги ҳақида турли хабарлар келган, аммо бизнинг Ҳанафий уламоларимизнинг аксарлари Рамазон ойининг 27-кечаси деб иттифоқ қилганлар. Жорий йилдаги Муборак Рамазон ойининг 27-куни 1-июн шанба кунига тўғри келади. Шунинг учун “Қадр” кечасини Жума (31-май) куни Шамба (1-июн) кунига ўтар кечасига кутмоқ мақсадга мувофиқдир.

Фурсатдан фойдаланиб, Сиз азиз юртдошларимизни Муборак Рамазон ойи ҳамда яқинлашиб келаётган Рамазон Ҳайити билан табрик муборакбод этамиз. Аллоҳ Таоло ушбу фазилатлик айёмлар ҳурматидан диёримизни тинчлик ва хотиржамлигини барқарор, хонадонларимизга файзу- барокотлар, муборак “Қадр” кечасидаги файзу-футуҳотлардан баҳраманд қилиб ва янаги йил Рамазон ойларигача барчамизни сиҳат ва салом етиб боришимизни насиб рўзий айласин. ОМИН!

 “Хожа Алоуддин Аттор” жомеъ масжиди

имом хатиби  Фазлиддин Кароматуллоҳ

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here